Жамият | 10:30 / 05.08.2025
2240
2 дақиқада ўқилади

Россиялик болалар ёзги таътилини Тошкент вилоятидаги оромгоҳда ўтказди

Россиялик болалар ёзги таътилнинг икки ҳафтасини Тошкент вилоятидаги "Анор" соғломлаштириш оромгоҳида ўтказди.

Фото: "Дунё" АА

Улар учун ўзбек маданиятини яқиндан таништиришга қаратилган турли тадбирлар ташкил этилди. Ўзбекистонда ўтказилган икки ҳафта давомида болалар турли маҳорат сабоқлари ва спорт мусобақаларида қатнашиш имконига эга бўлди. Бунга қўшимча, оромгоҳда болалар учун мусиқа, рақс, расм чизиш ва компютер дарслари ташкил этилди. Шунингдек, улар турли фестивал ва танловларда қатнашиш, маҳаллий томошалар ва турли филмларни томоша қилиш имкониятига эга бўлди.

Болаларни Москвада Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари ва Россия Мустақил касаба уюшмалари федерацияси (ФНПР) вакиллари кутиб олди.

Россия Мустақил касаба уюшмалари федерацияси аппарати ташкилий ишлар бўлими бошлиғи Анастасия Анисимова икки давлат фарзандлари ўртасидаги дўстлик, ўзаро ҳурмат ва мулоқотга бағишланган ёзги таътиллар юқори савияда ўтганини таъкидлади.

"Умид қиламизки, бу илиқ хотиралар болалар хотирасида абадий қолади. Ушбу ҳақиқий ва унутилмас шарқона эртакни ҳаётга татбиқ этишда иштирок этган Ўзбекистон президенти ва Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясига ҳамда барча ташкилотчиларга катта раҳмат", - дея миннатдорчилик билдирди бўлим бошлиғи.

Мавзуга оид