Ўзбекистон | 12:16 / 15.10.2018
40008
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин Ўзбекистондаги биринчи АЭС қурилишига старт беради

Фото: Росатом

Россия президенти шу ҳафта Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келади. Музокаралар якуни бўйича муҳим ҳужжатлар тўплами имзоланади ва АЭС қурилишига старт берилади.

«Умид қиламанки, Тошкентга давлат ташрифи чоғида бизда президент Шавкат Мирзиёев билан батафсил музокаралар бўлиб ўтади. Уларнинг якунларига кўра, қўшма ҳукуматлараро ва тижорий ҳужжатларнинг салмоқли тўплами имзоланади», - деди Владимир Путин хорижий мамлакатлар элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олиш маросимида. У ерда Ўзбекистоннинг элчиси ҳам бўлган.

Путиннинг сўзларига кўра, у Ўзбекистон раҳбари билан биргаликда «Росатом» томонидан Ўзбекистондаги биринчи АЭС қурилишига старт беради.

РФ президентининг Ўзбекистонга ташрифи 18-19 октябрь кунлари амалга оширилади.

Бундан аввалроқ Ўзбекистон ва Россия ҳамкорлигидаги атом электр станцияси (АЭС) Навоий ва Бухоро вилоятлари чегарасида жойлашган Тўдакўл сув омбори яқинида қурилиши маълум қилинганди.

Аввалроқ, Россия президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида 20 миллиард долларлик ҳужжатлар тўплами имзоланиши режалаштирилгани хабар берилганди.

Мавзуга оид