Ўзбекистонда АЭС қурилиши қачон бошланади? «Росатом» бош директори биринчи ўринбосари билан эксклюзив интервью
Ўзбекистонда биринчи атом электр станцияси (АЭС) иншоотини қуриш учун муносиб майдон излашга доир ишлар фаол олиб борилмоқда. Шу билан бирга, станцияни қуриш бўйича қонунчилик базасини тайёрлаш ҳамда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги атом энергетикаси йўналишидаги ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. Мазкур масалалар ўтган ҳафта Тошкент шаҳрида Ўзбекистон парламентарийлари ва «Росатом» давлат корпорацияси бош директори биринчи ўринбосари, «ИК» АЖ президенти Александр Локшин бошчилигидаги РФ делегацияси учрашуви давомида батафсил муҳокама қилинди. Александр Локшин Kun.uz мухбирига берган эксклюзив интервьюсида лойиҳага оид ишларининг бориши ва станция қурилиши режалаштирилган сана ҳақида сўз юритди.

- Сизнинг Ўзбекистонга ташрифингиз лойиҳани амалга ошириш доирасидаги амалий иш ҳисобланади. «Ўзатом» АЭС қурилишини 2020 йилда бошлашни мўлжалламоқда, ишлар белгиланган вақтда бошланадими?
- Умид қиламизки, ҳа. Ҳозир станциянинг жойлашуви билан боғлиқ салоҳиятли эҳтимолий майдонларни ўрганишга доир интенсив ишлар кетмоқда. Март ойининг охирига бориб майдон танлови бўйича қарор қабул қилинишига умид қиляпмиз. Бу вақтга келиб лойиҳани амалга ошириш бўйича тадқиқот ишлари тугалланади, режага кўра, бу 2019 йилнинг охирларига бориб тақалади, АЭС қурилиши тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши кутилмоқда. Шундан кейингина тайёргарлик даври ишларини бошлаш мумкин бўлади. Бу саноат базаси, турар жойлар, инфратузилмаларнинг қурилиши демакдир, яъни бўлғуси АЭС майдони ҳудудида ҳаёт қайнай бошлайди. АЭС қурилишига эса 2021 йил охири - 2022 йил бошида, регулятордан тегишли лицензия олгандан кейин киришишга умид қиляпмиз.
- Яъни 2020 йилга бориб қурилишнинг бошланғич босқичи бошланиб, кейин атом станцияси қурилишига ўтилади, шундайми? Жараён қанча вақт давом этади?
- Шартли равишда оладиган бўлсак, станция қурилиши муддати - бу реактор корпуси асосига биринчи бетоннинг қуйилиш вақтидан то станцияни тармоққа улашгача бўлган вақтни ўз ичига олади. Дастлабки графикка кўра, бу давр 2022 йилдан 2028 йилгача бўлиши режалаштирилган. Бу муддатга риоя қилиш муаммо эмас, зеро биз бу борада тегишли тажрибага эгамиз. Боз устига, биз серияли лойиҳа қурамиз - Нововоронежда референт станциямиз бор. Биз дунё бўйлаб жуда кўп станциялар бунёд қиляпмиз, Ўзбекистондаги АЭС қурилиши даврига бориб эса, янада кўпроқ тажриба тўпланади. Ҳар бир мамлакатдаги дастлабки даврнинг давомийлиги ҳар хил бўлиши мумкин. Биз мамлакатда биринчи атом станциясининг қурилиши – янги саноатни яратиш экани ҳақида кўп гапирамиз. Бу жараёнларнинг муваффақиятли ва ўз муддатида амалга оширилишида кўп нарса мамлакатлараро ҳамкорликка боғлиқ. Бизнинг мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик даражасини эса жуда юқори баҳолаймиз. Биз регулятор органлар, эксплуатация қилувчи ташкилотни шакллантириш, атом соҳаси учун қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий базани яратишда максимал даражада кўмак беришга тайёрмиз.
Бир-биримизга шартномани мувофиқлаштириш учун белгилаган муддатлар ҳам анча шижоатли. Бу жуда жиддий ва кенг қамровли ҳужжат бўлиб, унда барча жиҳатлар кўзда тутилган бўлиши керак.
Шартноманинг биринчи версиясини 17 декабрь куни тантанали равишда Жўрабек Турсунпўлатович Мирзамаҳмудов ("Ўзатом" агентлиги раҳбари)га топширдик. Ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз маслаҳатчиларни жалб қилган ҳолда ҳужжатни батафсил ўрганиб чиқишади, бир неча мавзуий ишчи гуруҳ ташкил қилинади. Бизнинг мақсадимиз - шартнома имзоланганидан кейин ҳеч бир томонда уларнинг манфаатлари тўлиқ ҳисобга олинмагандек ҳис қолмаслигига эришиш. Бу ҳатто энг илиқ муносабатларда ҳам жуда муҳим.
- Ўзбекистон энергетикаси бир томондан диверсификацияга муҳтож, бошқа томондан эса - атом генерацияси биз учун янги йўналиш. Қандай қилиб "олтин ўрталик"ка эришиш мумкин?
- Генерация турларининг оптимал нисбати ҳар бир мамлакатдаги муайян шарт-шароитларга боғлиқ. Кимдадир газ бор, кимдадир эса - йўқ, қаердадир йил бўйи шамол эсиб, 365 кун қуёш чиқади, бошқа бир жойда эса - ёмғир ва қор. Бир жойда қайта тикланувчи энергия манбаларидан кўпроқ, бошқа жойда эса камроқ фойдаланиш керак, қаердадир кўмир қўлланса, бошқа бир жойда гидроресурслар мавжуд. Қандай бўлмасин, ҳам табиий, ҳам конъюнктур ташқи таъсирни минималлаштириш учун электр генерацияси портфели диверсификация қилиниши керак. Масалан, шамол маълум бир муддатга қисқариши мумкин, газ нархи кескин ошиши мумкин, кўмир зарарли чиқиндилардан ташқари келгусида қимматлашиши мумкин, чунки уни қазиб олиш тобора қимматга тушмоқда. Гидроресурслар ҳам чекланган. Шу жиҳатдан олиб қарайдиган бўлсак, атом энергетикасининг афзаллиги унинг жуда узоқ муддат хизмат қилишидадир. АЭСнинг хизмат муддати - 60 йил ва бу муддатни 80 йилгача узайтириш учун реал имкониятлар мавжуд. Қурилишга сезиларли харажат қилинса-да, у узоқ вақт мобайнида барқарор нарх бўйича электр энергия ишлаб чиқаради. Атом станцияларида электр энергия ишлаб чиқариш нархи ёқилғи нархига у қадар боғлиқ бўлмайди, чунки унинг улуши 10 фоиздан ошмайди. Агар қачонлардир уран 2-3 бараварга қимматлашса ҳам, электр энергия нархи атиги 2-3 фоизга ошади. Газ генерацияси ҳақида гап кетганда эса, масалан, электр энергиясини ишлаб чиқариш таннархида газнинг улуши 80 фоизгача етади. Шунинг учун газ нархининг икки бараварга ошиши электр энергиясининг бир ярим бараварга ошишига олиб келади, бу эса нархнинг сезиларли даражада юқорилашидир.

- Атом генерациясининг хавфсизлиги ҳақида кўп гапирилади. Бироқ қатор мамлакатларда сўнгги вақтларда қуёш энергетикаси фойдасига танловлар амалга оширилмоқда. Бу қанчалик тўғри танлов? Масалан, бизда ҳам қуёшли кунлар жуда кўп.
- Мен хитойча ёндашув тарафдориман: боғда барча гуллар гуллаши керак. Қуёш энергетикаси ҳам, шамол энергетикаси ҳам ўз ўрнига эга бўлиши керак. Шуни таъкидлаб ўтмоқчиманки, ушбу динамик ривожланаётган технологиялар билан боғлиқ афсоналар жуда кўп. Масалан, қуёш энергетикаси арзонлашуви - биз қуёш элементлари ҳақида гапирадиган бўлсак, ҳақиқат. Уларнинг фаолиятини таъминлайдиган, қуёш генерациясида сезиларли улушга эгаинфратузилма эса аллақачон шу даражада оптималлаштирилганки, бунда нархнинг арзонлашиши ҳақида гапиришнинг ўзи нотўғри. Яна бир хусусиятга тўхталиш мумкин: кенг қамровли қуёш генерацияси улкан майдонларни муомаладан чиқаришни талаб қилади. Бугунга келиб 1 кв. м қуёш элементларининг эришилган суткалик ўрта қуввати - 100 ватт атрофида. Бу АЭСнинг икки блоки (2,4 ГВт)га эквивалент қувватни олиш учун 24 кв. км майдон керак дегани! Албатта, чўлу биёбонлардан фойдаланиш мумкин, лекин унда етказиб бериш хизматлари қимматга тушади... Шундай бўлса-да, бу қуёш генерациясининг ўрни йўқ, дегани эмас. У, шубҳасиз, катта бирлик қувватлари керак бўлмаган жойларда, масалан, кичик хўжаликларни электр энергия билан таъминлашда талабгор бўлади. Агар уйингиз қуёшли жойда бўлса, томга қуёш батареяларини ўрнатиш мумкин, улар ишлаб чиқарувчи электр энергия телевизор, кир ювиш машинаси ва бошқа маиший ускуналар ишлаши учун етади. Қолганини ҳатто сотиш ҳам мумкин. Бироқ қуёш батареялари ҳаммага бирдек етмайдиган ёки қуёш 365 кун чарақлаб турмайдиган ҳудудлардаги саноат объектлари, катта шаҳарлар ҳақида гап кетганда қуёш генерацияси анъанавий генерация ўрнини босиши амри маҳол. Шамол генерацияси ҳақида ҳам худди шундай вазият. Эҳтимол, ажабланишингиз мумкин, лекин «Росатом» шамол генерациясини ривожлантиришда иштирок этади. Биз умумий қуввати 1 ГВт бўлган бир неча шамол генерацияси паркларини қуряпмиз, илк 150 МВт қувватни кейинги йилда эксплуатацияга киритиш кутилмоқда. Мамлакат энергия мувозанатида, асосийси, генерациянинг барча турлари режали ва самарали қўлланилишида. Қуёш ҳам, шамол ҳам унда ўз ўрнини топишига ишончим комил, бироқ уларнинг асос бўлиб хизмат қилиши жуда қийин.
Лола Рахманбаева
Мавзуга оид

21:20 / 28.04.2025
“Агар эмас, қачонки...” — Лихачев Ўзбекистонда катта АЭС қурилиши ҳақида

00:46 / 28.04.2025
Хитой атом энергетикаси соҳасида дунёда етакчига айланди

22:04 / 23.04.2025
Ўзбекистон Хитойга Жиззахдаги АЭС лойиҳасига сармоя киритишни таклиф қилди

17:06 / 23.04.2025