Жамият | 20:16 / 16.03.2019
3942
2 дақиқада ўқилади

Япониялик режиссёрнинг Ўзбекистонда тасвирга олган фильми премьераси июнь ойида бўлиб ўтади

Япониялик таниқли режиссёр Киёси Куросаванинг Ўзбекистонда тасвирга олган фильми премьераси 2019 йилнинг 14 июнь куни бўлиб ўтади. Бу ҳақида Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг Facebook саҳифасида маълум қилинди.

"Ер чеккаси томон" дея номланган ушбу фильмдаги ролларни япон ва ўзбек актёрлари ижро этишган. Фильм токиолик продюсерлар Эйко Мизуно-Грей ва Жейсон Грей, Тосикадзу Нишигая, шунингдек "Ўзбеккино" агентлиги билан ҳамкорликда суратга олинган.

Киёси Куросаванинг ўзи фильм ҳақида шундай деган: "Ўнлаб йиллар мобайнида темурийлар сулоласи мени ўзига мафтун қилиб келарди. Бугун Ернинг айни шу нуқтасида Ўзбекистон давлати жойлашган. Энди мен Буюк Ипак йўлининг ўртасида фильм суратга оляпман ва унинг мавзуси шахсан ўзим учун қизиқлигидан жуда хурсандман".

Видеорелизи тақдим этилган мазкур фильм Ўзбекистон-Япония дипломатик алоқаларининг 25 йиллиги ва Иккинчи жаҳон урушидан сўнг қисман япон аскарлари томонидан қурилган Тошкентдаги Алишер Навоий театрининг 70 йиллигига бағишланади.

Маълумот учун: Киёси Куросава — мустақил кинорежиссёр, сценарийнавис, актёр, ёзувчи, кинотанқидчи. У триллер, детектив, драма ва ҳоррор жанрларида фаолият юритади. Куросава 50 га яқин фильм муаллифидир. Киёси Куросава - Канн фестивали ва Осиё киноакадемиясининг қатор мукофотлари эгаси.

Мавзуга оид