Спорт | 12:58 / 20.03.2019
12346
2 дақиқада ўқилади

Зидан ёзда эркин агентга айланадиган футболчилар орасидан Модричга ўринбосар топди

Фото: Getty Images

«Реал» «ПСЖ» яримҳимоячиси Адриен Рабьо учун курашга қўшилмоқчи, деб бермоқда Испаниянинг «Sport» нашри.

Манбада айтилишича, 23 ёшли хавбек трансферига бош мураббий Зинедин Зиданнинг шахсан ўзи қизиқиш билдирмоқда. У ўз ҳамюртини яримҳимоячини Лука Модричга ўринбосар бўлиши мумкин, деб ҳисоблаяпти.

Рабьо июлда эркин агентга айланади. У Париж клуби билан шартномани узайтиришни истамагани учун ўринбосарлар таркибига тушириб юборилган. Француз асосий жамоа сафида охирги марта 11 декабрда майдонга тушганди.

Куни кеча «ПСЖ» 27 мартга қадар яримҳимоячи учун клуб базаси эшикларини ёпди ва жаримага тортди. Бунга унинг ЕЧЛда «Манчестер Юнайтед»га (1:3) қарши ўйиндаги мағлубиятдан кейин тунги клубда кўнгилхушлик қилгани, шунингдек Инстаграмда Патрис Эвранинг постига лайк босгани сабаб бўлди.

Аввалроқ Адриеннинг онаси Вероник Рабьо интервью бериб, ўғлини маҳбусга қиёслаган, «Уни гаровда ушлаб туришибди», – дея таъкидлаганди.

Ҳозирга қадар «Барселона», «Тоттенҳэм», «Ливерпуль» ва «Манчестер Сити» каби клублар Рабьога даъвогар сифатида кўрсатиб келинаётганди.

Мавзуга оид