Жамият | 20:44 / 04.11.2020
1688
2 дақиқада ўқилади

Асаджон Хўжаев: Пандемиядан қатъи назар АОКА ахборот майдони бўлиб қолаверади

Бугун, 4 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан «Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги фаолиятининг истиқболдаги йўналишлари» мавзусидаги дастури тақдимоти бўлиб ўтди.

Унда йиғилганларга АОКА фаолиятининг истиқболдаги йўналишларини муҳокама қилиш, ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳа ва дастурларни амалга оширишда агентликнинг давлат ва жамоат органлари билан ҳамкорлигини кенгайтириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш бўйича йўл харитаси эълон қилинди.

Тадбирда иштирок этган Kun.uz мухбирининг «Пандемия шароитида АОКА ўзига хос ахборот майдонига айланганди. Энди ҳам бу фаолият давом эттириладими? Хусусан, KoronavirusInfo телеграм каналининг кейинги тақдири нима бўлади?» деган саволига агентлик раҳбари Асаджон Хўжаев шундай жавоб берди:

– Пандемия давомийлиги ёки тугашидан қатъи назар АОКА ахборот майдони бўлиб қолаверади. Мунтазам ўтказилаётган брифинглар албатта давом эттирилади. Шу билан бирга, бошқа ахборот майдонлари билан ҳам соғлом рақобат ва ҳамкорликни йўлга қўямиз. Жумладан, Миллий матбуот марказида доимий ахборот анжуманларини йўлга қўйиш масаласини муҳокама қиляпмиз. Чунки барча йирик давлат ташкилотлари, агентликлар, қўмиталар, инспекциялар, йирик компаниялар ҳар ойда ўз фаолиятлари тўғрисида маълумот етказиб туришларига эришишимиз керак.

Мавзуга оид