Афғонистондаги воқеаларда Покистонни айблаш адолатсизлик – Имрон Хон
Толибларни музокаралар столига жалб қилишда ҳеч ким Покистон каби катта рол ўйнамаган. Бу ҳақда Тошкентда давом этаётган халқаро конференцияда Покистон бош вазири Имрон Хон айтиб ўтди.

«Покистон толибларни музокараларни бошлаш ва афғон муаммосига тинч ечим топишга кўндириш учун барча воситаларни ишга солди. Афғонистонда бўлаётган воқеаларда Покистонни айблаш жуда ҳам адолатсизлик бўлади. Бизнинг устувор [мақсадимиз] Афғонистонда тинчликни таъминлашдир, чунки бу тўғридан тўғри Покистонга таъсир қилади», деган Покистон бош вазири.
Шунингдек, Имрон Хон Афғонистоннинг барча қўшнилари, минтақавий ва халқаро «ўйинчилар»ни афғон муаммоси юзасидан сиёсий келишувга эришиш учун биргаликда ҳаракат қилишга чақирди.
Покистон етакчиси Афғонистон президенти Ашраф Ғанининг Покистоннинг муаммодаги салбий ролини эслатгани ҳақида ҳам гапирди.
«[Ундан кўра], президент Ғани Афғонистондаги можародан энг кўп жабр кўрган мамлакат – Покистон ҳақида гапирсин. Сўнгги 15 йилда Покистонда 70 минг киши ҳалок бўлди. Покистон янги-янги можароларни хоҳламайди. Иқтисодиётимиз энди оғир даврдан чиқиб келмоқда. Мен учун Афғонистондаги воқеаларда Покистон айбланишини эшитиш жуда оғир», деди Имрон Хон.
Бундан ташқари, Имрон Хон АҚШ ҳам муаммога ҳарбий йўл билан ечим топишга урингани, толиблар музокаралар столига ўтиришни сўраган вақтда мамлакатга НАТОнинг 150 минг аскари кириб келганини эслатди.
«Агар АҚШ қўшинларининг чиқиб кетиш санаси аниқ бўлиб турган бўлса, нега толиблар биз билан келишувга келиши керак?», дея қўшимча қилган у.
Мавзуга оид

17:43
Ҳиндистон ва Покистон АҚШ воситачилигида ўт очишни тўхтатишга келишди

08:58
АҚШ давлат котиби Покистонга Ҳиндистон билан музокараларда ёрдам таклиф қилди

07:39
Покистон Ҳиндистонга қарши кенг кўламли ҳарбий операция бошлади

22:15 / 09.05.2025