Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
"Яшаш учун ойига 800-1000 Канада долларигача кетади..." - Далҳаузи университети магистранти билан суҳбат
UzbekLife мухбири Канаданинг нуфузли Далҳаузи университетининг магистратура босқичида таҳсил олаётган ҳамюртимиз Муҳаммаджон Тошпўлатов билан интервю ташкил қилди.
Суҳбат давомида у Канададаги таълим, ўзига хос кутубхоналар ва “таниш-билишчилик” ҳақида сўзлаб берди.
Тизим ва муҳит фанларни чуқурроқ ўрганишимга сабаб бўлди
Ўрта таълимни Наманган шаҳридаги 2-сонли мактаб-интернат ҳамда Наманган давлат университети қошидаги 1-академик лицейда олишимга ота-онам сабабчи бўлишган ва бу энг тўғри қарор бўлганига ҳозир ҳам амин бўляпман.
Мактаб ва академик лицейдаги ўқитувчилар, тизим ва муҳит фанларни чуқурроқ ўрганишимга сабаб бўлди. Айниқса, академик лицейда мени математикадан олимпиадаларга тайёрлаган ўқитувчим Зокиржон Тўланов ушбу фанга бошқача назар билан қарашга ўргатди. Ҳар бир формула ёки теоремани шунчаки ишлатиш эмас, балки биринчи исботлаш кераклигини шу устозимдан ўргандим. Натижада математикани дарслик доирасидан ташқарида ўрганиш имкониятига эга бўлдим.
Худди бизга берилган имкониятдек туюлди
Академик лицейдаги ўқишни тамомлашим арафасида янги олий таълим муассасаси – Тошкент шаҳридаги Инҳа университети очилиши ҳақида хабар топдим. Ахборот технологиялари соҳасида Жанубий Корея билан ҳамкорликдаги янги университет айнан биз битираётган йилда очилиши худди бизга берилган имкониятдек туюлди. Математикага кучли қизиққаним, инглиз тилини билганим ҳамда ахборот технологиялари даврида яшаётганимиз учун шу университетни танлашга қарор қилдим.
Тошкент шаҳридаги Инҳа университети Ўзбекистондаги бошқа кўплаб университетлардан ажралиб турарди. Университетда талабаларнинг яхши билим олиши энг юқори мақсад қилиб қўйилган эди. Ўқитувчиларнинг чет давлатлардан олиб келиниши ва Жанубий Корея томонидан назорат қилиниб бориладиган юқори сифатли таълим бунга мисол бўла олади. Айниқса, тўртинчи босқични ўқиш учун барча талабаларнинг Корея Республикасига жўнатилиши бизга ўзига хос янгилик, яъни ҳақиқий халқаро муҳитни хис қилиш имкониятини берди.
Янги университетни «биринчи қалдирғочлар» қаторида битириб, сўнг икки йил давомида «Мароқанд», “Ўзбектелеком” АКнинг «Ахборот тизимлари» филиалида мобил дастурчи бўлиб ишладим.
3 та университетга ҳужжат топширдим ва барчасига қабул қилиндим
Ривожланган давлатларда таълим олиш ва яшаш шу давлатларнинг устун тарафларини яхшироқ англаб етишга ёрдам беради. Бундай давлатларнинг устунлиги фақат иқтисодиёт томонидангина эмас, балки қонунларнинг ишлаши, одамларнинг уларга риоя қилиши каби жабҳаларда ҳам ўз аксини топади. Шу сабабдан 2017 йилда Жанубий Кореяда таълим олаётган пайтимда магистратура босқичини ривожланган давлатда ўқиш тўғри қарор бўлишини ҳамда бу менга орттирадиган тажрибаларимни кейинчалик Ўзбекистонга жорий қилиш имкониятини беришини тушуниб етдим. Бакалаврни тугатишим билан ўзим учун тўғри келадиган университетлар рўйхатини тузишни бошладим. Университетларни танлаб олиш учун асосий жиҳатлар қуйидагилар эди:
1. Мен қизиққан йўналишлар – «Machine Learning», Сунъий онг ва Киберхавфсизликнинг университетда мавжудлиги ҳамда университет жойлашган давлатлар ушбу соҳалар бўйича юқори тажрибага эга бўлиши;
2. Рейтинг – Жаҳонда TOP-500 таликда бўлиши;
3. Тил – Таълимнинг инглиз тилида олиб борилиши;
4. Грантлар – Янги ва ўқиётган талабалар учун грантларнинг мавжудлиги.
Юқоридаги жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда Канада ҳамда Австралиядаги университетларга эътибор қаратдим. Якунда 3 та университетга ҳужжат топширдим ва барчасига қабул қилиндим: Мелбурн университети, Монаш университети (Иккаласи ҳам Австралия), Далҳаузи университети (Канада).
Бу ерда ўқув йили иккига эмас, учга бўлинади
Очиғини айтишим керак, Мелбурн университети менинг биринчи рақамли танловим эди. Бироқ ўқиш тўлов пуллари жуда қимматлиги (йилига тахминан 32 000 АҚШ доллари) асосий муаммо эди. Шу сабабдан 2018 йилда ташкил қилинган «Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендияси учун ҳужжат топшириш вариантини кўриб чиқдим. Фонднинг бир нечта талаблари орасида икки йиллик иш тажрибасига эга бўлиш талаби ҳам бор эди. Эндигина бир йиллик иш тажрибасига эга бўлганим учун бу фондга ҳужжат топшира олмадим ва Мелбурн ҳамда Монаш университети танловларидан воз кечишимга тўғри келди ва эътиборимни Далҳаузи университетига қаратдим.
Ҳозирда Далҳаузи университетида «Компьютер фанлари» мутахассислиги бўйича магистратура босқичида ўқияпман. Кўплаб магистратура йўналишлари каби бу йўналиш ҳам икки йиллик. Фақат фарқ шундаки, бу ерда ўқув йили иккига эмас, учга бўлинади.
Талабалардан биринчи йилда асосан «Компьютер фанлари» йўналишидаги тўрт фанни ўқиб тугатиш талаб этилади, қолган вақтда эса илмий иш жараёнларида қатнашиб, тезис ёзиш керак. Менинг тезисим Интернетдаги киберҳужумларни «Machine Learning» ёрдамида аниқлашга қаратилган. Бундай мавзуни тезис ёзишда менга кўрсатма берадиган профессорнинг тавсияси ҳамда ўзимнинг қизиқишимдан келиб чиқиб танладим.
Канададаги бир нечта университетлар каби Далҳаузи университети ҳам илмий ишлар миқёси ҳамда натижалари бўйича юқори ўринларда туради. Бунга асосий сабаблардан бири университет профессорлар ҳамда талабаларга илмий иш қилишлари учун зарур бўлган ёрдамни аямайди. Бундан ташқари ўқиш давомида яхши натижа кўрсатган талабаларга грантлар ажратилади. Мен ҳам декабрь ойида илмий иш учун университет томонидан грант соҳибига айландим. Орадан кўп ўтмай, биринчи босқичда юқори баҳоларга ўқиганим учун университет яна қўшимча грант ажратди. Бундай ютуқлар талабаларни, шу жумладан мени янада яхшироқ изланишга ундамоқда.
“Culture shoсk” бўлди
Канадага биринчи келганимда энг биринчи бўладиган нарса “Culture shoсk” бўлди. Одамлари доим кулиб юради. Худди танишингиздек. Кунингиз яхши ўтсин деб дўстона гапириб қолишлари ҳам мумкин. Жуда узр сўрашни яхши кўришади. Ҳатто сизнинг айбингиз билан нимадир бўлса ҳам. Юмшоқтабиат ва самимий инсонлар. Ўқишга 5 кун кеч қолиб келганман. Дарсларни ўтказиб юборганман. Устозларни бу ерда исми билан чақиришади. Менга бу ноқулай бўлган. Канадада ҳайратлантирган нарса ёнимизда океанга яқин жойда парк бор. Ўрмонга ўхшайди. Дарахтлар синиб ётган. Жуда қаралмаган жойдек кўринади. Бошида нега тозаланмаган деб ўйлаганман. Лекин бу ёввойи табиатни сақлаш учун қилинган экан. Ўша синган шохлар тагида жониворлар, қумурсқалар яшаши мумкин. Шаҳардан ташқари чиқсангиз, йўл чети ботқоқлик, арча дарахтлари синиб ётган, худди ҳеч ким қарамаётгандек кўринади. Бир ярим йил яшаган бўлсам ҳали дарахт кесилганини кўрганим йўқ. Мен яшаб турган шаҳарда чет элликлар жуда кўп. Зиддиятларни кўрмайсиз. Тотув ҳаёт кечиришади. Кутубхоналар тизими жуда яхши йўлга қўйилган. Аъзо бўлиш текин. Ундан хоҳлаган китобингизни уйингизга олиб келиб ўқишингиз мумкин. Олган китобингизни айнан ўша кутубхонага топширишингиз шарт эмас. Чунки барча кутубхоналар битта тизимда ишлайди. Одамларни кутубхонага аъзо бўлишга ундайдилар. Улар чиройли қурилишдан ташқари яхши шароитларга ҳам эга. Ҳатто аъзо бўлганингизда картангизга пул ташлаб беришади. Принтерлардан текин фойдаланиш учун.
Яшашга ойига ўртача 800-1000 Канада долларигача кетади
Канадага келмоқчи бўлганлар инглиз тилини билиши лозим. Бакалаврда ўқимоқчи бўлса, IELTS’дан 6.5 олган бўлиши зарур, магистратурада 7 бўлиши ва ҳеч бир бўлим 6.5дан паст бўлмаслиги керак. Муддат жуда муҳим нарса, албатта. Бундан ташқари, грантларга топширмоқчи бўлишади. Булар алоҳида бўлади ҳар доим. Университет сайтига кириб, ўқишга ҳужжат топширганда грантларга ҳам топшириш керак бўлади. Баъзилар шу ўқишга кираман дейди ва битта университетга топширади. Мен бир нечта университетга топширишни маслаҳат берган бўлардим. Рейтингларда ҳам хилма-хилликка эътибор бериш керак бўлади.
Канадада ўзим учун яшашга ойига ўртача 800-1000 Канада долларигача кетади. Ҳозир мен оз фан ўқийман ва илмий иш билан кўпроқ шуғулланаман. Албатта, бу учун илмий раҳбар танланади. Агар бу иш қандайдир компаниядан олинадиган бўлса, профессор талабага қанчадир миқдорда грант ажратиши мумкин. Бу ерда бир йилда 3 та семестр бор. Ҳар семестрда Supervisor 5000 минг доллар миқдорида грант беради. Энди IT йўналишидаги талабаларга келадиган бўлсак, лойиҳа олиб масофадан ишлаб ҳам пул топса бўлади.
Канадада ҳам таниш-билишчилик йўқ эмас
Талабаларга интернетдаги маълумотларни тўғри қидира олишни ўрганишни тавсия қиламан. Мисол учун, кимдир бир университетга топширмоқчи. Ўқишга топшираётганда ўзимизга керак бўлган маълумотни олиш жуда қийин бўлиб қолади. Университетнинг расмий веб-сайтларидан фойдаланишларини тавсия қилардим. Тавсия хати олиш керак. Одатда профессор қандай хат берганини сиз билмайсиз. Ўзини яхши баҳоловчи устозлардан олишни маслаҳат бераман. Давлатнинг қонунларини ўрганиш керак. Иқлими, яшаш шароитларини ўрганиш керак. Канадада контрактдан ташқари халқаро талабалар тўлайдиган қўшимча тўлов бор. Бу кичкина сумма эмас. Буни ҳам билиб олиш керак. Амалиётлар мавжуд, улардан ҳам тўғри фойдалана олиш керак. Канадада ҳам таниш-билишчилик йўқ эмас. Буни бу ерда нетворкинг дейишади. Ўша ишламоқчи бўлган корхонангиздан кимнидир топиб, танишлар орттириб юришингиз керак бўлади.
Юртимизда унчалик ривожланмаган ёки бирор-бир янги соҳада бўлади
Яқин келажак учун биринчи режа, албатта, ўқишни муваффақиятли тугатиб олиш. Олинган таълимни амалда қўллаб кўриш жуда муҳим, деб ҳисоблайман. Шунинг учун Канаданинг ўзидаги катта компаниялардан бирида 2-3 йил тажриба орттиришни мақсад қилганман. Сўнгра Ўзбекистонга қайтиб бориб, бу ерда ўрганганларимни, тажрибаларимни жорий этишга ҳаракат қиламан. Бу асосан, юртимизда унчалик ривожланмаган ёки бирор-бир янги соҳада бўлади.
Аслиддин Аннаев суҳбатлашди
Тавсия этамиз
Навоийни кимлар заҳарлаяпти? – экология вазири изоҳ берди
Ўзбекистон | 11:23 / 25.07.2025
Ишдаги ишқнинг якуни: селекторда “қўлга тушган” амалдор ишдан олинди
Ўзбекистон | 10:42 / 25.07.2025
Франция Фаластин давлатини тан олади — Макрон
Жаҳон | 09:46 / 25.07.2025
Ниҳоят: келаётган ҳафтада салқин ҳаво оқими кириб келиши кутилмоқда
Ўзбекистон | 20:03 / 24.07.2025
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид

19:46 / 07.07.2025
Ўзбекистон фуқаролари учун Канада, Аргентина ва Австралия визасини олиш осонлашиши мумкин

09:41 / 30.06.2025
Канадада Ердаги энг қадимий тошлар топилди

14:52 / 28.06.2025
Рақамли хизматлар солиғи – АҚШ ва Канада ўртасида янги савдо уруши хавфи юзага келди

11:35 / 28.06.2025