Ўзбекистон | 19:04 / 16.09.2021
5379
2 дақиқада ўқилади

«Муаммо туғдиради дея ҳақиқий муҳтожларни ижтимоий ҳимоя дафтарларидан тушириб қолдириш ҳолатлари бор» — вазирлик мулозими

16 сентябрь куни Миллий матбуот марказида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги мутасаддилари иштирокида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар берди.

Тадбирда айтилишича, 2021 йилнинг шу даврига қадар вазирликка жисмоний ва юридик шахслардан жами 59 минг 960 та мурожаат келиб тушган. Бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3 бараварга кам.

Вазирликка юборилаётган мурожаатларнинг катта қисми Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятларига тўғри келмоқда.

Матбуот анжумани давомида журналистлар маҳаллий раҳбарлар туманнинг «қизил» ва «сариқ» ҳудудга кириб қолмаслиги учун «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га рўйхатга олишда айрим ҳолларда ҳақиқий муҳтожлар мурожаатини эътиборсиз қолдираётгани борасида ҳам савол берди.

«Мен бу тартибни халқаро даражада ҳам ўрганиб чиққанман. Ҳақиқатан «қизил», «сариқ» ва «яшил» тоифага кирган ҳудудлар учун алоҳида қарорлар қабул қилинади. Бунда бир тоифадаги туман учун чиқарилган қарор иккинчи туманга тўғри келмаслиги мумкин.

Бу борада бизда ҳали камчиликлар бор, буни тан оламан. Ўзим ҳам ёз ойларида Сурхондарёнинг Денов туманида ўрганиш ўтказдим. У ерда кўрдимки, маҳалла раислари аҳолиси томонидан қилинган мурожаатларни ариза тарзида раҳбарларга олиб келади. Мен ўша жойда шундай ҳолатни кўрдимки, айрим масъуллар буни киритинг, буни киритманг дея рўйхатларни саралаб чиқишади.

Бу жараёнда ҳақиқатан ҳам одам кўпайиб кетмасин, ўзимизга муаммо олиб келади деган гаплар бўлади. Шунинг учун ҳам мен ўша жойда кўпроқ муддат қолиб ишладим.

Сиз айтгандек, ўзи кичик кўринган, лекин катта муаммоларга олиб келаётган масалалар бор ва уларни назоратга олишга ҳаракат қиляпмиз», – деди вазирлик бошқарма бошлиғи Дилором Қўзиева.

Мавзуга оид