Жамият | 11:14 / 26.10.2021
10645
4 дақиқада ўқилади

Жиззахда маҳалла ўйингоҳи тадбиркорга бериб юборилган. Аммо бу ҳудуд қизил чизиқ устида

Жиззах шаҳридаги Тошлоқ маҳалласи аҳли ўз болалари ўйнайдиган ўйингоҳ қурилиш учун бериб юборилаётганидан норози. Қатор тартиб-қоидаларга зид ҳолда ажратилган бу ер майдонидан келгусида марказий кўча ўтиши режалаштирилган.

Шаҳарнинг Фурқат кўчаси ёқасида жойлашган, бир қараганда ташландиқ кўринадиган бу жойдан Тошлоқ маҳалласидаги ёшлар анча йиллардан буён маҳалла ўйингоҳи сифатида фойдаланиб келишаётганди. Ер майдони шаҳар ҳокимлиги захирасида бўлган. Маҳаллий аҳоли, шунчаки, у ерни обод қилиб ўз фарзандлари копток тепишлари учун шароит ҳозирлаб, шу пайтгача фойдаланиб келган.

Бироқ Жиззах шаҳрининг (ўша вақтдаги) ҳокими А.Шукуровнинг 2020 йил 28 августда имзолаган 883-сонли қарори билан мазкур ҳудуддан фуқаро Равшанов Отабек Тоҳиржон ўғлига «Ёшлар меҳнат гузари» комплекси қуриш учун 432 кв.м ер ажратиб берилган.

О.Равшанов ажратилган ер майдонида 12×36 м ўлчамдаги уч қаватли бино, унинг ёнидан 16×32 метр ўлчамдаги сунъий қопламали футбол майдончаси қуришни режалаштирган.

Маҳалла аҳли эса ушбу ҳудуд келажакда барпо этилиши кўзда тутилган Г-40 йўлининг қизил ҳудудига тушиши сабабли, бу ерда қурилиш қилиш мумкин эмаслигини таъкидламоқда.

Жиззах шаҳри прокурорининг 2021 йил 14 июндаги 10.2/06-21 сонли протестида Жиззах шаҳри ҳокимининг 883-сонли қарорини бекор қилиш сўралган.

Қарорни бекор қилишга асос сифатида О.Равшановнинг аризаси тегишли равишда шаҳар ҳокимлигида рўйхатга олинмагани, имзоланмагани, ер танлаш далолатномаси комиссия раиси ҳамда аъзолари томонидан муҳр ва имзо билан тасдиқланмагани келтирилган.

Шунингдек, давлат экологик экспертиза хулосаси расмийлаштирилмаган, ер майдони шаҳарнинг бош режасига зид равишда жойлаштирилган, иловадаги топохаритада Г-40 габаритли кўчанинг қизил чизиғи нотўғри белгиланган, ер майдони шаҳарнинг бош режасига асосан кўчанинг қизил чизиғи ичида жойлашгани аниқлангани айтилади.

Жиззах шаҳар ҳокимлиги томонидан прокуратура протести қаноатлантирилади ва 2021 йил 7 июль куни 6-355-Q/21-сонли қарор билан собиқ ҳокимнинг 2020 йил 28 августдаги қарори бекор қилинади.

Бу орада О.Равшанов ҳокимнинг қарорини қўлга киритиши ҳамоно стадионни бузиб, котлован қазишга улгурган эди. Қарор бекор бўлгач, маҳалла аҳли котлованни кўмдириб, стадионни тиклашга киришади. Айни пайтда унинг аҳволи мана шу кўринишда қолмоқда.

Қизиғи, маҳаллада истиқомат қилувчи фуқаро Д.Аҳмедов худди шу жойда ёшларга маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси қуриш учун ер майдони ажратишда ёрдам сўраб, шаҳар ҳокимлигига икки марта мурожаат қилиб кўрган ва рад жавоби олган.

2021 йил 13 январда шаҳарнинг аввалги ҳокими А.Шукуров ҳам, 2021 йил 10 мартда шаҳарнинг амалдаги ҳокими К.Холмуродов ҳам Д.Аҳмедовга жавоб хатида ер майдони Жиззах шаҳрининг бош режасида лойиҳадаги Г-40 кўча ҳудудига тушганлиги сабабли бу ер майдонини ажратишнинг иложи йўқлигини билдирган.

Орадан кўп ўтмай фуқаро О.Равшанов шаҳар ҳокимлигининг прокуратура протестини қаноатлантириб чиқарган 2021 йил 7 июлдаги 6-355-Q/21-сонли қарорини суд орқали бекор қилдиришга муваффақ бўлади. Айни пайтда «Ёшлар меҳнат гузари» қуриш мақсадида бошлаб қўйган ишларини давом эттиришга ҳозирлик кўрмоқда.

Тошлоқ маҳалласи фуқаролари келажакда барпо этилиши мўлжалланган Г-40 йўлининг қизил чизиғига, шу ҳудуддан оқиб ўтувчи каналнинг муҳофаза зонасига тушаётган бу лойиҳадан қаттиқ норози.

Жиззахдаги мутасадди ташкилотлар, ушбу ҳолатни синчиклаб ўрганиб, аҳолининг эътирози ҳақли ёки ноўрин эканлигига ойдинлик киритишини сўраймиз. Агар қурилажак бино чиндан ҳам келажакда бунёд этилиши кўзда тутилган Г-40 кўчаси устига тушадиган бўлса, ҳали қурувчи беҳудага маблағ сарфламасдан туриб, бу ишни тўхтатиш ва ёшлар гузари учун бошқа ер танланиши керак.

Дарвоқе, шаҳар ҳокимлари томонидан фуқаро Д.Аҳмедовга жузъий сабаб рўкач қилиниб, берилмаган ер майдонининг фуқаро О.Равшановга бериб юборилиши алоҳида бир мавзу. Бу масалани Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва прокуратура ўрганиб кўриши мумкин.

Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz махсус мухбири.

Мавзуга оид