“Халқимизни дори билан боқяпмиз” — Рўзимуҳаммад Хонназаров тиббиётдаги аҳвол ва фармсаноат қудрати ҳақида
“Одамлар дори билан туғилиб, дори билан катта бўляпти”, – дейди Халқ табобати ассоциацияси раиси Рўзимуҳаммад Хонназаров. У Kun.uz'га берган интервюсида Ўзбекистондаги соғлиқни сақлаш тизими биринчи тиббий ёрдам кўрсатишдан бошқасини эплолмаётганини айтиб, масъулларни “фақат ётқизиб, дори берадиган” тизимдан воз кечишга чақирди.

“Док-1 Макс” сиропи билан боғлиқ воқеалар фонида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида кутилгандан ҳам кўра катта муаммолар борлиги кўриниб қолди. Соҳада кадрлар, керакли асбоб-ускуна, қурилмалар масаласидан ташқари, тизимнинг ўзи нотўғри йўлга қўйилганига қайта-қайта гувоҳ бўлиб боряпмиз.
“Ҳозирги тизим биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш имкониятига эга, холос, ундан у ёғига ўтолмайди”, – дейди Халқ табобати ассоциацияси раиси Рўзимуҳаммад Хонназаров Kun.uz билан суҳбатда.
Унинг айтишича, инсон танасини дорихона маҳсулоти билангина даволаниб бўлмайди, бу ҳам вақтинчалик биринчи тиббий ёрдам ҳисобланади.
“Замонавий тиббиётни халқ табобати билан мувофиқлаштириш керак”
— Мисол билан тушунтираман. Масалан, одам инсулт ёки инфаркт бўлди, уни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб боришади. 3 кундан 5 кунгача муолажа қилинади. Ундан кейин шифокорлар яқинларини чақириб: “Олиб кет”, дейди. Қаерга деса, уйга... Яъни реабилитация қиладиган марказлар йўқ. Ваҳоланки, инсулт бўлган одамни даволаш ва оёққа тургизиб юбориш учун 3 ой керак. Шифокорлар эса 5 кунгача ушлаб туриб, даволашга ҳаққи бор. Ундан кейин бемор кўчада қолади. Шунинг учун ҳам одамлар табиб қидиради.
Агар мен соғлиқни сақлаш вазири ёки шу соҳани мувофиқлаштирувчи орган раҳбари бўлганимда, соғлиқни сақлаш тизимидаги тез тиббий ёрдам, хирургия, туғуруқхоналарни қолдириб, қолганларини халқ табобатига ўтказган бўлардим. Чунки халқ табобати даволашга, профилактикага қаратилган. Ҳозирги боши бу ерда, думи бошқа ерда бўлган бунча катта тизим самарали эмас. Ўзбекистонда тез ёрдам кўрсатиш яхши, лекин қолгани-чи? Инсулт бўлиб қолса, 5 кун тез тиббий ёрдам кўрсатади. Ундан кейин нима қилади? 90 кун ким қараши керак? Бунинг давоми йўқ. Пули бор одамлар хусусий шифохоналарга боради, лекин қурби етмайдиганлар-чи? Кейин нима қилади, маҳаллага чиқиб ҳамшира қидиради. Бундай ҳолатлар жуда кўп.
Шунинг учун буларни қисқартириб ёки соддалаштириб самарали ишлайдиган тизимга ўтиш керак. Яъни замонавий тиббиётни халқ табобати билан мувофиқлаштириш керак бўлади. Интеграция қилиб, профилактика қисмини табобат йўналишида даволайдиган клиникаларга айлантириш керак. Шунда бир самара бўлиши мумкин.
“Рекламаларнинг ўзи касалликка, ўлимга чорлайди”
— Тиббиёт соҳаси ривожланган қайси мамлакатга: Ҳиндистон, АҚШ, Япония, Германияга қараманг, улар бизга ўхшаб фақат дорихона маҳсулотини истеъмол қилаётгани ёки фақат дорини томчилаб қуйиш терапияси йўқ. Уларда витаминлар, минераллар, гиёҳлар асосий даволовчи восита ҳисобланади. Шунга ўтиш керак.
Энг кўп муаммолар ҳам, оғриқли нуқталар ҳам Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида. Чунки бу соҳадан халқ рози бўлмагунча норозиликлар бўлаверади. Йилдан йилга касалликлар сони ортиб, янгилари пайдо бўляпти. Одамлар соғлиғини йўқотиб боряпти. Нимага? Экология, соғлом турмуш тарзига амал қилмаслик, носоғлом овқатланиш, деймиз. Еган озиқ-овқатимизнинг 70 фоизи кимёвий ишлов берилган маҳсулотлар ҳисобланади. Хоҳлаган супермаркет ёки дўконга киринг, табиий озуқани топиб бўлмайди. Нон маҳсулотини олсак, ичида хамиртуруши бор, мутлақо инсоният ейишига нолойиқ нарса саналади. Иккинчидан рангли ичимликлар… Буларни истеъмол қилиш мумкин эмас. Телевидениеда ҳам шуларнинг рекламаси айланади, кейин бу ердан соғлиқни сақлаш тизимига касалликлар кўпаймоқда деб эътироз билдирамиз. Ўзимиз: “Шуларни еб, касал бўл”, деб реклама қиляпмиз-ку. Энергетик ичимликлар ичиб юрган йигитлар 40 ёшга кирмай, инфаркт, инсулт бўлиб ўляпти.
“Фақат ётқизиб, томчи дори қуядиган тизимдан воз кечишимиз керак”
— Ўзи касаллик 2 хил бўлади: мижоз совиши ёки исишидан келиб чиқадиган касалликлар бор. 70 фоиздан ортиқ касалликлар, айниқса онкологик касалликлар мижоз совишидан келиб чиқади. Биз буни халқ тилида шамоллаш деймиз. Совуқ сув, совуқ ичимликлардан келиб чиқади ҳаммаси. Булар жуда хавфли. Инсоннинг ҳарорати 36,6 даража, шу даражага мос равишда сув ёки овқат берилса, энергияни кам сарфлайди. Агар муздек нарса берилса, организм уни 36,6 даражага иситиш учун кўпроқ энергия сарфлайди, натижада инсоннинг қуввати сўниб бораверади.
Қадимги Бухорода 2,5 км диаметрдаги майдонда 17 та ҳаммом бўлган, ҳозир ҳам шу қадимий ҳаммомлардан бир-иккитаси ишлаб турибди. Чунки мавсумга қараб инсоннинг мизожида совиш кузатилади. Одамнинг касалхонага эҳтиёжи бўлмаслиги мумкин, лекин ҳаммомга эҳтиёжи бор. Қани шу шароит? Қани қадимий усулда қурилган ҳаммомлар? Қаердан топиш мумкин? Ҳозирги ишлаб турган бир-иккитасининг санитарияси йўқ. Буни қилмаса бўлмайди, ҳар бир хонадон учун ҳаммом бўлиши керак.
Жанубий Кореяга борсангиз, ҳар қадамда сауна бор. Улар шамолласа, зерикса ёки чарчаса, касалхонага югурмайди, саунага бориб массаж олади. Бизлар ҳам шунга ўтишимиз керак. Фақат ётқизиб, томчи дори қуядиган тизимдан воз кечишимиз керак.
“Тиббиётни тадбиркорликка айлантириб қўймаслигимиз керак”
— Соғлиқни сақлаш тизими, айниқса, хусусий сектор бизнесга айланди. Табиб – тадбиркор эмас. Исталган клиникага кириб, уставини ўқиб чиқсангиз, асосий мақсади даромад қилиш ва фойда олиш бўлади. Чунки у – тадбиркорлик субъекти. Давлат бундай клиникаларга қонуний йўл беряпти: “Сен тадбиркорлик субъектисан, асосий ишинг – даромад олиш”, деяпти. Эшигидан кирсангиз ҳам, кассага бориб пул тўлашни айтади. Чунки тадбиркорлик-да. Бугунги кунда хусусий клиника раҳбарлари – тиббиёт соҳаси мутахассислари эмас, тадбиркорлар. Тиббиёт соҳасини тадбиркорликка айлантириб қўймаслигимиз керак.
Ҳозир дунёдаги энг катта мафия – фармсаноат. Фармсаноат хоҳлаган одамини “жойига қўйиб қўя олади”. Истаса, мени шу бугун 1 соат ичида йўқ қилиш имкониятига эга. Уларда катта маблағлар бор, шунинг ортидан миллиардлаб даромад қилишмоқда. Бутун дунёга таъсир кучини ўтказишяпти. Ўзбекистондаги бунча дорихоналар бошқа бирор давлатда йўқ. Мамлакат – фарм соҳасида ишлаб чиқариладиган кимёвий препаратларнинг бозори. Энг катта бозор Ўзбекистонда. Биров биздан олиб чиқиб кетиб, сотмайди. Аксинча дориларни бизнинг халқимиз истеъмол қилади. Биз халқимизни дори билан боқяпмиз. Одамлар дори билан туғилиб, катта бўлиб, ўляпти.
Дилшода Шомирзаева тайёрлади.
Тасвирчи – Абдусалим Абдувоҳидов.
P.S. Суҳбат 2022 йил 1 сентябр куни ёзиб олинган.
Тавсия этамиз
Сўнгги янгиликлар
-
БМТ: Исроил блокадаси туфайли Ғазодаги чақалоқларнинг 92 фоизи асосий озиқ-овқатдан маҳрум
Жаҳон | 07:42
-
Филиппинда юз берган ЙТҲда 10 киши ҳалок бўлди
Жаҳон | 01:24
-
Зеленский Трампдан энг кучли қарталар тўпламини олди — АҚШ молия вазири
Жаҳон | 00:52
-
NASA’нинг икки аёл астронавти ХКС бортидан очиқ космосга чиқди
Фан-техника | 00:20
Мавзуга оид

19:01 / 23.07.2024
ССВ сохта табиблардан огоҳлантирди

15:39 / 03.07.2024
“Док-1 Макс” иши. Апелляция инстанцияси дастлабки ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди

17:59 / 18.01.2024
“Док-1 Макс” иши: жабрланувчи ота 3 млрд сўмлик компенсация талабини 8 млрд сўмга оширди

12:50 / 13.01.2024