Мактаб ўқувчиси Gentra'да уриб юборган боланинг аҳволи қандай?
Самарқандда 9-синф ўқувчиси Gentra автомобилида 7-синф ўқувчисини уриб, воқеа жойидан қочиб кетгани ҳақида хабар берилганди. Жабрланувчи Шукур Ўроқов Kun.uz билан суҳбатда ўша кунги воқеа қандай содир бўлганини айтиб берди.

Ҳолат 2023 йил 18 декабр куни соат 17:25 ларда Самарқанд тумани Равонак маҳалласи ҳудудида кузатилган.
“Икки ўртоғим билан мактабдан қайтаётгандим. Йўлдан ўтаётганимизда қаттиқ товуш чиқди ва мени машина уриб кетди. Маълум муддат ҳеч нарсани тушунмадим, нима бўлганини билмай қолдим. Кейин кимдир менга келиб ёрдам берди. Ўртоқларим ёрдамида уйга келдим. Машина эгаси қочиб кетган экан”, – дейди Шукур.
Шукурнинг отаси Зоҳир Муқумов Gentra'нинг рулида бўлган боланинг амакисига таяниб айтишича, ўсмир йигитнинг автомобилни берухсат бошқариш биринчи марта рўй бермаган.
“Мен уйга келганимда турмуш ўртоғим боламизни машина туртиб кетгани, қўли лат еганини айтди. Шифохонага олиб бордим. У ерда шифокорлар қўли синган дейишди. Ички ишлар ходимлари мени воқеа жойига олиб боришди. Ҳолат шу ердаги камерага тушиб қолган экан. Видеони кўриб, ваҳимага тушдим. Бу даражада, деб ўйламагандим.
Бир ҳолатга тушунмаяпман. Ўша боланинг онаси ўғли машинада одам уриб, қочиб кетганини билибди. Маҳаллага келиб вазиятни суриштирган. Ўғлимнинг қўли синганини билгач, қайтиб кетган ва машинани устага олиб борган. Айбларини яширишга уринган. ИИБ ҳаракати билан машина ва унинг эгасини топишди. Шунча билан ҳам биздан на онаси, на бирор яқини келиб узр сўради. Инсонман, тушунаман, лекин уларда пушаймонлик ҳиссини кўрмадим. Шунинг учун қонун олдида онаси ҳам, боланинг ўзи ҳам тўлиқ жавоб беришини истайман”, – деди Зоҳир Муқумов.
Вилоят ички ишлар бошқармаси умумтаълим мактабида ота-оналар ҳамда мактаб ўқувчилари иштирокида ҳодиса юзасидан йиғилиш ўтказган.
ИИБ ҳақиқатан ҳам уддабурон ўқувчи ЙТҲ содир этганидан сўнг дарров бориб машинасининг шикастланган жойларини таъмирлашга улгурганини тасдиқлади. Gentra бошқарувида 2008 йилда туғилган ўсмир бўлган. У онасига тегишли машинани сўрамасдан миниб чиққан.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Самарқанд тумани ИИБ томонидан дастлабки суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга оид

22:20 / 10.05.2025
Бекобод шаҳрида Damas пиёдани босиб кетди

18:06 / 09.05.2025
«Ҳақиқат сўрайман» – клип сёмкасида актрисани «Гелик» босиб кетгани юзасидан суд бошланди

13:52 / 09.05.2025
Ҳайдовчиларга қоидабузарлик учун жарима баллари ҳисоблаш 1 июндан бошланади

09:50 / 09.05.2025