Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Ташаббусли бюджет”да таклиф киритиш босқичи якунланди. Лойиҳада нималар ўзгарган?
2024 йилда “Ташаббусли бюджет”даги лойиҳаларга фуқаролар ўз номида нечта сим-картаси борлигидан қатъи назар фақат битта овоз бера олади. “Менинг йўлим” лойиҳаси “Ташаббусли бюджет”нинг биринчи мавсумига қўшиб ўтказилади. Қониқарсиз ишлаган пудратчилар қора рўйхатга тушади. Шу ва бошқа ўзгаришлар ҳақида иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров батафсил гапириб берди.

Бугун, 22 феврал куни 2024 йилги “Ташаббусли бюджет” жараёнининг биринчи мавсуми учун таклифлар қолдириш якунланди.
Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров ҳуқуқшунос, блогер Хушнудбек Худойбердиев билан суҳбатда 1-мавсум таклифлар қолдириш босқичи якунлари ва кутилаётган ўзгаришлар ҳақида гапириб берди.
Унинг айтишича, “Ташаббусли бюджет” учун 2023 йилда 4,5 трлн сўм маблағ йўналтирилган бўлса, 2024 йилда жорий маблағлар 8 трлн сўмни ташкил этиши прогноз қилинмоқда. “Ўтган йилга нисбатан 2 баробар кўп маблағ ажратиш кўзда тутилмоқда. Натижада ғолиб лойиҳалар сони ҳам аввалги йилларга нисбатан сезиларли даражада, 1,5-2 баробарга ошади, маҳаллаларда кўпроқ муаммоларни ҳал этиш имкони бўлади”, – дейди Ҳайдаров.
ИМВ масъулига кўра, 21 феврал ҳолатига 35 200 тадан ортиқ лойиҳа киритилган, суммаси эса 30 трлн сўмдан ошиб кетган. Вилоятлар кесимида энг кўп лойиҳалар Фарғона вилояти – 3 трлн 300 млрд сўмлик, Тошкент вилояти 3 трлн 150 млрдлик, Наманган вилояти 2,4 трлн сўмлик лойиҳалар киритилгани билан етакчилик қилмоқда.
Аҳадбек Ҳайдаровнинг таъкидлашича, жамоатчиликнинг таклиф ва эътирозларини ҳисобга олган ҳолда жараёнга бир қанча ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.
“Бир фуқаро – бир овоз” тамойили
Жорий йилдан бошлаб “Ташаббусли бюджет” жараёнларида овоз бериш босқичи бир фуқаро – бир овоз тамойили асосида амалга оширилади. Эндиликда берилган овозлар эгасининг шахсига аниқлик киритиш ва бир фуқаро томонидан берилган овозни аниқлаш тизими жорий этилмоқда. Бу ўз навбатида бир нечта сим-картаси бўлган фуқаролар бир неча марта овоз беришига чек қўяди. Ғолибларни аниқлашда ҳам ҳаққонийликни таъминлашга хизмат қилади. Фуқаронинг бир нечта сим-картаси бўлса, фақат битта сим-картаси орқали берган овози қабул қилинади. Агар иккинчи сим-картаси орқали овоз берадиган бўлса, унда бизнинг тизимимизда сим-карта эгасини аниқлаш тизими орқали иккинчи сим-карта билан овоз бериш чекланади.
“Менинг йўлим” “Ташаббусли бюджет” билан бирга ўтказилади
Ортиқча оворагарчиликларни бартараф этиш мақсадида “Менинг йўлим” лойиҳасини ҳар йили “Ташаббусли бюджет”нинг биринчи мавсумига бирлаштирилган ҳолда ўтказилиши белгиланди. Эндиликда ҳар йили “Ташаббусли бюджет”нинг биринчи мавсуми ва “Менинг йўлим” лойиҳаси бир мавсум доирасида ўтказилади. “Менинг йўлим” лойиҳаси учун ажратилган маблағлар ҳам фуқаролар ташаббуси жамғармасига йўналтирилади ва жамланган маблағлар доирасида ғолиб лойиҳалар аниқланади.
Ишчи комиссия янгиланган таркиб асосида шакллантирилди
Лойиҳаларни саралаб олишда шаффофлик ва ҳаққонийликни таъминлаш мақсадида ишчи комиссия янгиланган таркиб асосида шакллантирилди. Эндиликда ишчи комиссия раиси этиб ҳудудий халқ депутатлари туман кенгашлари раислари белгиланди.
Бундан ташқари, комиссия томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг қонунчиликка риоя этилгани устидан назорат ўрнатилишини таъминлаш мақсадида комиссия таркибига туман адлия бўлимлари вакиллари ҳам киритилди. Фуқароларимизда бу қанақа комиссия экан, деган савол бўлиши мумкин. Ҳамма лойиҳалар порталга киритилгандан кейин ишчи комиссиялар лойиҳаларни жамоатчилик манфаатига мувофиқлиги, лойиҳани шу ҳудудда амалга ошириш имконияти борлиги нуқтайи назаридан кўриб чиқади. Жамоатчилик манфаатига тўғри келадиган лойиҳалар чиқариб ташланмайди, фақат шахсий манфаатлар кўзланган лойиҳалар бўлса, ишчи комиссия уларни чиқариб юборади. Комиссия лойиҳалар ғолиб деб топилганидан кейин маблағлар ажратиш бўйича халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига ўзларининг хулосаларини киритади.
Товар ва жиҳозлар рўйхати шакллантирилди
Яна бир ўзгариш қилдик. Харид қилиш билан боғлиқ лойиҳалар тегишли вазирликлар томонидан тасдиқланган электрон реестр асосида шакллантирилади. Фуқароларга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида лойиҳаларнинг жамоат манфаатига хизмат қилмайдиган жиҳозларни харид қилмаслик учун эндиликда лойиҳаларни киритишда ташаббускорлар порталда олдиндан шакллантирилган товар ва жиҳозлар рўйхати ичидан керакли товарларни танлаш орқали лойиҳаларни шакллантириши мумкин бўлади.
Очиқ айтишимиз керак, таълим соҳасида айрим муаммоларга дуч келдик. Лойиҳалар таркибида таълим жараёнини яхшилаш билан боғлиқ бўлмаган айрим товарларни харид қилиш ҳолатлари кузатилди. Мисол учун, қиммат-қиммат мобил алоқа воситалари сотиб олингани аниқланди. Ички комиссияга эътирозларимизни бердик. Энди бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун мактаб, боғча, соғлиқни сақлаш объекти ёки маҳалла бинолари учун товар ва жиҳозлар рўйхатини шакллантириб бердик.
Қониқарсиз ишлаган пудратчилар қора рўйхатга тушади
Яна бир янгилик, ғолиб лойиҳаларни амалга оширишда камчиликка йўл қўйган пудратчиларни “Шаффоф қурилиш” тизимининг инсофсиз ижрочилар реестрига киритилиши белгиланмоқда. Ҳар йили якунларига кўра, вазирлик йил давомида камчиликларга йўл қўйган, амалга оширилган ишларнинг ҳолати қониқарсиз деб баҳоланган пудратчи ташкилотлар рўйхатини шакллантиради. Мунтазам хатоларга йўл қўйган пудратчилар қора рўйхатга киритилади. Бу лойиҳаларни ўз вақтида ижро этмаслик ва қониқарсиз ижро этиш ҳолатларининг олдини олади.
Тавсия этамиз
Сўнгги янгиликлар
-
Кремл АҚШ билан яширин музокара олиб борди ва Украина бўйича ён беришдан бош тортди
Жаҳон | 23:50 / 31.07.2025
-
АҚШ Украинадаги уруш қачон тугаши кераклигини белгилади
Жаҳон | 23:05 / 31.07.2025
-
Украинада коррупцияга қарши кураш идораларига мустақиллик қайтарилди
Жаҳон | 22:53 / 31.07.2025
-
Парламентдаги мухолифат, пулли йўлларнинг кечиктирилиши, ўзбек спортидаги хуш ва нохуш хабар – маҳаллий дайжест
Ўзбекистон | 22:42 / 31.07.2025
Мавзуга оид

01:06 / 15.07.2025
«Ташаббусли бюджет» жараёнларининг 2-мавсуми бошланди

22:42 / 14.07.2025
«Ташаббусли бюджет»да 823 та маҳаллага танаффус берилди

09:59 / 04.07.2025
“Ташаббусли бюджет”нинг 2-мавсуми 15 июлдан бошланади

20:37 / 08.04.2025