Ўзбекистон | 12:32 / 19.03.2024
4251
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда давлат органлари раҳбарлари KPI асосида мукофотланади ёки ишдан бўшатилади

Тожикистоннинг Asia-Plus ахборот агентлиги "Ўзбекистонда давлат органлари раҳбарлари KPI тизими асосида мукофотланади ёки ишдан бўшатилади" сарлавҳали мақола эълон қилди, деб хабар бермоқда "Дунё".

Фото: Дунё

Агентликнинг маълум қилишича, Ўзбекистон президентининг "Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда хўжалик бирлашмалари фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига кўра, энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI), уларга эришиш бўйича "йўл хариталари" ҳамда улар томонидан ҳудудларда амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури ҳукумат томонидан тасдиқланади.

"Самарадорлик кўрсаткичлари бажарилиши тўғрисидаги маълумот ҳар чоракда samaradorlik.uz электрон платформасига киритилади ҳамда унда раҳбарлар ва уларнинг ўринбосарлари фаолиятининг самарадорлиги рейтинги шаклланади", – дейилади мақолада.

Ҳар бир самарадорлик кўрсаткичига белгиланадиган салмоқ ўлчови йиғиндисидан келиб чиқиб, самарадорлик кўрсаткичлари улар бажарилиши 70 фоиздан кам бўлганда – "қониқарсиз", 70 фоиздан 85 фоизгача – "қониқарли", 85 фоиздан 100 фоизгача – "яхши" ҳамда 100 фоиз ва ундан юқори бўлганда "аъло" деб баҳоланади.

"Қайд этиш керакки, чорак якуни бўйича самарадорлик кўрсаткичларига эришиш натижалари "қониқарсиз" деб баҳоланган раҳбарлар ва уларнинг ўринбосарларига рағбатлантириш тўловлари келгуси 3 ой учун тўхтатилади ва уларга нисбатан интизомий таъсир чораларини қўллаш масаласи кўриб чиқилади", – дея таъкидлаган Asia-Plus.

Мавзуга оид