Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қоҳирада янги музокаралар бошланди. Боши берк кўчадан чиқиш яқинми?
Фаластинликлар розилик билдирган таклиф уч босқични ўз ичига олади.

Фото: Reuters
Чоршанба куни Қоҳирада Исроилнинг Ҳамасга қарши етти ойлик урушида сулҳ тузиш шартларини келишиш бўйича музокаралар тикланди. Бунга параллел равишда исроиллик ҳарбийлар қочқинлар билан тўлиб-тошган Рафаҳ шаҳрини ўққа тутиш ва бомбардимон қилиш, шунингдек бутун Ғазо сектори бўйлаб нишонларга зарбалар йўллашни давом эттирмоқда.
Халқаро ҳамжамиятнинг эътирозларига қарамай, Исроил сешанба куни Рафаҳга танкларини олиб кирди ва шу номдаги назорат-ўтказиш пунктини эгаллади — бу анклавга ёрдам кирадиган асосий канал ҳисобланади.
Оқ уй инсонпарварлик ёрдами етказиб берилиши тўхтатилганини қоралади. Маълум бўлишича, ўтган ҳафтада Вашингтон ЦАҲАЛнинг Рафаҳда амалиёт ўтказиш бўйича режасидан норозилигини ифодалаш учун Исроилга ўқ-дори етказишни тўхтатган.
Америкалик юқори мартабали мулозим етказиб бериш Байден маъмуриятининг Рафаҳ штурмига реакцияси сифатида тўхтатилганини тасдиқлаган. Оқ уй ва Пентагон бу борада расмий изоҳ бермаган.
Кейинроқ исроиллик ҳарбийлар Ғазо билан чегарадаги бошқа бир йирик назорат-ўтказиш пункти ҳисобланган «Керем-Шалом» фаолиятини тиклаганини хабар беришди — якшанба куни бу ҳудуд ўққа тутилиши оқибатида тўрт нафар исроиллик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлганидан кейин унинг фаолиятида танаффус юзага келганди. «Эрез» назорат-ўтказиш пункти ҳам ишлай бошлаган.
Аммо БМТнинг фаластинлик қочқинлар масалалари бўйича агентлиги «Керем-Шалом» назорат-ўтказиш пункти ёпиқлигича қолаётганини билдирди. Маҳаллий аҳоли вакилларининг сўзларига кўра, пунктни назорат остига олиш учун келган танклар шаҳарнинг бинолар жойлашган ҳудудига кира олмаган, бу ҳудуд ташқарисида эса отишмалар давом этмоқда.
Исроиллик ҳарбийлар Ҳамас аъзоларини йўқ қилиш ва улар фойдаланаётган инфратузилмаларни вайрон қилиш учун Рафаҳда чекланган амалиёт ўтказилаётганини маълум қилган.
Тинч аҳоли вакилларига шаҳардан тахминан 20 км масофада жойлашган «кенгайтирилган гуманитар зона»га ўтиш буюрилган. Аммо гуманитар ташкилотлар бу зона қочқинлар оқимига дош бера олмаслигидан огоҳлантирган: БМТ баҳоларига кўра, Рафаҳда 1,4 млн атрофида киши жон сақламоқда.
Қатар ташқи ишлар вазирлиги чоршанба куни Исроилнинг Рафаҳга бостириб киришини қаттиқ қоралаб, халқаро ҳамжамиятни бунинг олдини олиш учун аралашишга чақирди.
Музокаралар қайтадан бошланиши
Миср нашрлари ёзишича, ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар чоршанба куни «барча томонлар иштирокида»Қоҳирада қайтадан бошланди.
Ҳамаснинг юқори мартабали мулозими музокараларнинг сўнгги раунди «ҳал қилувчи» бўлишини билдирган.
«Қаршилик ҳаракати ўз халқининг қонуний талабларини талаб қилишда давом этади ва ўз халқининг бирор ҳуқуқидан воз кечмайди», — деган у AFP агентлигига анонимлик шарти билан.
У музокараларнинг ҳозирги раунди — Исроил учун ҳамон Ҳамас қўлида қолаётганларни озод этишга «сўнгги имкон» эканидан огоҳлантирган.
Воситачи вазифасини бажараётган Қатар «Рафаҳга босқиннинг ва геноцид содир этилишининг олдини олиш учун зудлик билан халқаро чоралар кўриш»га чақирган.
Аввалроқ Ҳамас сулҳ бўйича таклифни қабул қилганини билдирганди. Аммо душанба куни кечқурун исроиллик мулозимлардан бири шахси сир тутилишини сўраган ҳолда бу Исроилнинг талабларига мос келмайдиган таклиф бўлганини айтди.
Аммо кейин бошқа расмий шахслар Мисрнинг таклифи ҳам Исроилнинг апрел ойи охирида илгари сурилган режасига яқин эканини айтиб чиқишди.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу амалиётни Ҳамасни «террор салтанатини ўрнатиш учун зарур бўлган йўлдан маҳрум қиладиган ўта муҳим қадам» деб атади.
Нетаняҳу делегация вакилларига гаровга олинганларни «озод этиш учун зарур бўлган шартлар» ҳамда «Исроил хавфсизлигини таъминлаш учун асосий талаблар»га қатъий амал қилиш бўйича кўрсатма берган.
Мамлакат мудофаа вазири Йоав Галлант агар музокаралар гаровдагилар қайтарилишига олиб келмаса, Исроил Ғазодаги ўз амалиётини «чуқурлаштириши» мумкинлигини айтган.
«Бу амалиёт биз Ҳамасни Рафаҳ ҳудудида ва бутун Ғазо секторида йўқ қилмагунимизча ёки гаровдагилар қайтарилиши бошланмагунича давом этади», — деган у.
Янги таклифлар
Исроилликларнинг Рафаҳдаги амалиёти ва Ғазонинг бошқа ҳудудларидаги жангларга қарамай, Қўшма Штатлар Ҳамас розилик билдирган ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги таклиф боши берк кўчадан чиқилишига олиб келиши мумкин деб ҳисобламоқда.
Қоҳирада сешанба куни бешта делегация ҳам (Ҳамас, Исроил, АҚШ, Миср ва Қатар) музокаралар тиклангани юзасидан ижобий муносабат билдирди ва учрашувлар давом эттирилиши кутилмоқда.
Хабар қилишларича, Марказий разведка бошқармаси директори Билл Бёрнс чоршанба куни кечқурун Бинямин Нетаняҳу ва бошқа исроиллик расмий шахслар билан учрашиш учун Қоҳирадан Исроилга келади.
Душанба куни Исроил Ҳамас маъқуллаган сўнгги таклифга йўл қўйиб бўлмаслигини маълум қилган бўлса-да, Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Жон Кирби Ҳамас аллақачон келишувнинг янги версиясини тақдим этгани ва янги матн қолган бўшлиқларни «мутлақо тўлдириши мумкинлиги»ни таъкидлади.
Аввалроқ, фаластинликлар ҳаракати сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Хания Қатар бош вазири ҳамда Миср разведка вазири билан телефон мулоқотлари ўтказгани ва уларга Ҳамас уларнинг ўт очишни тўхтатиш бўйича таклифига розилигини билдиргани хабар қилинганди.
Таклиф билан таниш бўлган фаластинлик юқори мартабали мулозимлардан бири BBC билан суҳбатда Ҳамас гўёки агар келишув шартларига риоя этилса, «душманлик фаолиятини бутунлай» тўхтатишга тайёрлигини билдирган.

Аммо сешанба куни Байрутда Ҳамас расмий вакили Усама Ҳамдан агар Исроилнинг Рафаҳга юриши давом эттирилса, тинчлик келишувига эришиб бўлмаслигидан огоҳлантирди.
Таҳлилчилар ҳисоблашича, Исроилнинг Рафаҳга босқини Ҳамасга босимни кучайтириб, уни ён беришга мажбур қилиши ҳам, музокараларни бутунлай барбод этиши ҳам мумкин. Аммо, афтидан, гап Исроил олдиндан таҳдид қилиб келганидек Рафаҳга кенг кўламли босқин ҳақида бормаяпти, иттифоқчилар уни шундай ҳаракатдан қайтариб келаётганди. Исроиллик ҳарбийлар амалиёт «муайян нуқталар»га қаратилганини айтишган.
Жон Кирбининг маълум қилишича, исроиллик расмийлар Вашингтонга сешанба кунги ҳужум кенг кўламли ҳужум эмаслиги, балки «чекланган ва Ҳамаснинг Ғазога қурол ва бошқа воситаларни олиб ўтиш имкониятларини тўсишга қаратилган» амалиёт экани ҳақида маълумот берган.
«Биз Рафаҳда, у ерда бўлиб турган одамлар хавфсизлиги зарур даражада ҳисобга олинмаган ҳолда қандайдир амалиёт ўтказилишини хоҳламаймиз, — деган Кирби. — Биз буни диққат билан кузатиб борамиз».
Келишув нималарни кўзда тутган?
Ҳамас расмийлари ҳозирга қадар баён қилган тафсилотларга асосланиб айтиш мумкинки, фаластинликлар розилик билдирган таклиф уч босқични ўз ичига олади.
Олти ҳафта давом этадиган биринчи босқич давомида Исроил ҳарбий ҳаракатларни тўхтатади, Ҳамас гаровдагиларнинг 33 нафарини (тирик ёки ўлигини) топширади. Исроил бунга жавобан Ҳамас тақдим этган рўйхат бўйича гаровдан озод этилганларнинг ҳар бири эвазига 30 нафардан аёллар ва болаларни қамоқдан чиқаради.
Ғазо секторига етарли миқдорда инсонпарварлик ёрдами олиб кирилиши бошланади — кунига 600 та юк машинаси, шундан 50 тасида — электр станциялар ва новвойхоналар ишлаши учун зарур бўлган ёнилғи ортилган бўлади. Ёрдам етказиб бериш келишувнинг барча босқичларида давом этади.
Учинчи куни Ҳамас уч нафар исроилликни қўйиб юборади, кейин эса ҳар ҳафтада уч нафардан маҳбусни озод қилади, бунда биринчи навбатда аёллар, тинч аҳоли вакиллари ва ҳарбий хизматга янги чақирилганларга устуворлик берилади.
Олтинчи ҳафтада Ҳамас шу босқичда озод этилиши кўзда тутилганларнинг охирги қисмини қайтаради. Бу алмашув доирасида Исроил Ҳамас рўйхатлари асосида Исроил қамоқхоналарида сақланаётган маҳбусларнинг келишилган миқдорини озод қилади.
Исроил Ғазодан қўшинларининг бир қисмини олиб чиқиб кетади ва фаластинликлар сектор жанубидан шимолига эркин ҳаракатланишига рухсат беради.
Иккинчи босқич ҳам олти ҳафта давом этади ва Ғазода «барқарор осойишталик»ни тиклаш бўйича келишувни ўз ичига олади. Унга кўра, икки томон ҳам ҳарбий амалиётларни тўхтатиб, тирик қолган барча исроиллик эркаклар ва аскарларни қўйиб юбориш эвазига Исроилдан келишилган миқдордаги маҳбусларни қайтариб олиш ҳамда Исроил қўшини Ғазо секторидан тўлиқ олиб кетилиши кўзда тутилган.
Учинчи босқичда томонлар ўртасида қурбонларнинг жасадлари алмашилади ва секторни тегишли режа бўйича тиклаш ишлари бошланади, бу иш амалга оширилиши Қатар, Миср ва БМТ томонидан назорат қилинади. Исроил Ғазони қамал қилишни тўхтатади.
Таҳлилчилар қайд этишича, айнан «барқарор осойишталик» таклифи Исроил ҳукуматига маъқул эмас.
«Исроил Ҳамасга Ғазо секторидаги ўз бошқарувини тиклашга йўл қўймайди, Исроил Ҳамасга бизни йўқ қилишга интилишларини давом эттириш учун ўз ҳарбий салоҳиятини тиклашига йўл қўя олмайди, — деган Нетаняҳу. — Исроил фуқароларимиз хавфсизлиги ва мамлакатимиз келажагини хавф остига қўядиган таклифни қабул қила олмайди».
Бошқа сўз билан айтганда, Исроил ҳукумати узоқ истиқболда ҳам Ҳамас билан курашни давом эттириш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолишни истайди. Гуруҳ эса ўт очиш бутунлай тўхтатилишини талаб қилади.
Исроил расмий шахслари маълумотига кўра, Ҳамас гаровга олганлардан 132 нафари қайтарилмаган ва шундан 37 нафари ҳалок бўлган деб ҳисобланмоқда. Воситачилар бир неча ойдан буён Исроил ва Ҳамас ўртасида гаровдагиларни Исроил қамоқхоналаридаги фаластинлик маҳбусларга алмаштиришнинг иккинчи босқичини амалга ошириш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бундай алмашувнинг биринчиси 2023 йил ноябрида бўлиб ўтганди, аммо шундан кейин музокаралар боши берк кўчага кириб қолган, чунки Ҳамас ҳар қандай келишув ўт очишни тўхтатиш доимий асосда бўлиши ва исроиллик ҳарбийлар Ғазодан тўлиқ олиб чиқилишини ўз ичига олишини талаб қилган.
Тавсия этамиз
Сўнгги янгиликлар
-
Кремл АҚШ билан яширин музокара олиб борди ва Украина бўйича ён беришдан бош тортди
Жаҳон | 23:50 / 31.07.2025
-
АҚШ Украинадаги уруш қачон тугаши кераклигини белгилади
Жаҳон | 23:05 / 31.07.2025
-
Украинада коррупцияга қарши кураш идораларига мустақиллик қайтарилди
Жаҳон | 22:53 / 31.07.2025
-
Парламентдаги мухолифат, пулли йўлларнинг кечиктирилиши, ўзбек спортидаги хуш ва нохуш хабар – маҳаллий дайжест
Ўзбекистон | 22:42 / 31.07.2025
Мавзуга оид

11:15 / 30.07.2025
Исроил Ғазо секторини тўлиқ аннексия қилиш масаласини кўриб чиқмоқчи

22:46 / 29.07.2025
Буюк Британия Фаластин давлатини тан олади — Стармер

21:22 / 29.07.2025
ҲАМАСга таъсири энг кучли давлатлар қайсилар?

18:45 / 29.07.2025