Жаҳон | 12:30 / 03.10.2024
1447
3 дақиқада ўқилади

Москвада тўрт журналист «ФБК» билан ҳамкорликда» айбланиб судланмоқда

Суд мажлиси дарҳол ёпиқ мажлисга ўтказилди. Суд «Э» марказининг Навалний жамоаси эшитувлар давомида провокациялар тайёрлаётгани ҳақидаги хатини эътиборга олди.

Фото: AP

Москванинг Нагатинский район суди 2 октябр, чоршанба куни журналистлар Антонина Фаворская, Сергей Карелин, Константин Габов ва Артем Кригерга нисбатан қўзғатилган Коррупцияга қарши курашиш жамғармаси («ФБК») билан ҳамкорлик бўйича жиноий ишни моҳиятан кўриб чиқишни бошлади.

Суд мажлиси бошланиши биланоқ у ёпиқ режимга ўтказилди. Бу прокурор Надежда Тихонова «ФБК» асосчиси Алексей Навалнийнинг жамоаси жиноий ишни кўриб чиқиш чоғида провокациялар тайёрлаётгани айтилган «Э» марказининг хатини ўқиганидан кейин содир бўлди.

«Мемориал» тўрт нафар журналистни сиёсий маҳбус деб тан олди

«Сиёсий маҳбусларни қўллаб-қувватлаш. Мемориал» инсон ҳуқуқлари лойиҳаси Алексей Навалнийнинг Коррупцияга қарши кураш фонди («ФБК») билан алоқада айбланган тўрт нафар россиялик журналистни сиёсий маҳбуслар рўйхатига киритди. «Биз Олга Комлева, Антонина Фаворская, Константин Габов ва Сергей Карелинни сиёсий маҳбуслар деб ҳисоблаймиз», дея маълум қилди 15 май куни ҳуқуқ ҳимоячилари. 

Улар Комлева, Фаворская, Габов ва Карелинга нисбатан «экстремистик ҳамжамият»да иштирок этганлик учун жиноий иш қўзғатилганини эслатиб ўтди. «Биз улар айнан нимада айбланаётгани ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмасмиз: фақат баъзилари Алексей Навалний каналларида чоп этилган фото- ва видео-материаллар тайёрлашда айбланаётганини биламиз», — дейилади баёнотда.

Журналистларни «экстремистик» моддалар бўйича таъқиб этиш - ёмон амалиёт

Ҳуқуқ ҳимоячилари, шунингдек, Навалний томонидан яратилган тузилмаларни «экстремистик ҳамжамият» деб тан олиш асосли эмаслигини, чунки уларнинг экстремистик фаолиятига оид далиллар йўқлигини таъкидлади. «Россияда РФ Жиноят кодексининг 282.1-моддасини қўллаш амалиёти ривожланди, бунда «экстремистик ҳамжамият иштирокчилари» деб эълон қилинганлар айбланувчига айланади. Навалний ҳамкорлари ва унинг адвокатлари ушбу модда бўйича айблангани ана шундай амалиётнинг ёрқин намунасидир», - дейилади маълумотда.

Антонина Фаворская - SOTAvision журналисти, у сиёсий маҳбуслар, жумладан, Алексей Навалний устидан суд жараёнларини ёритган. У Навалний билан охирги видеони суратга олди ва унинг ўлимидан кейин Борисов қабристонидан репортаж тайёрлади. Олга Комлева Навалнийнинг Уфадаги штабида кўнгилли бўлган ва Бошқирдистондаги намойишлар ҳақида ёзган. Константин Габов Deutsche Welle ва Reuters билан, Сергей Карелин эса Deutsche Welle ва AP билан ҳамкорлик қилган. 

Мавзуга оид