Жаҳон | 17:50 / 17.01.2025
2712
2 дақиқада ўқилади

Россияда иш берувчиларга ноқонуний мигрантлар билан меҳнат шартномаси тузиш тақиқланди

Иш берувчилар мигрантларни Россия Ички ишлар вазирлиги реестрида бор ёки йўқлигини текширганидан сўнг, меҳнат шартномасини тузади. 5 февралдан бошлаб Россияда хорижлик ҳуқуқбузарлар реестри ишга тушади.

Фото: news.ru

2025 йил 5 февралдан бошлаб Россияда миграция қонунчилигини бузган хорижий фуқароларнинг электрон реестри ишлай бошлайди. Бу ҳақда Россия ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Александр Горовой маълум қилди.

Унга кўра, реестр ҳар куни янгиланади ва ундан иш берувчилар, тадбиркорлар, чет эл фуқаролари билан меҳнат шартномаси тузишни режалаштираётганлар, давлат идоралари фойдаланиши мумкин.

«Ички ишлар вазирлиги ахборот маркази негизида чет эл фуқаросининг Россияда қонунийлигини текшириш имконини берувчи очиқ маълумотлар базаси ишлайди ва шундан кейингина қонун иш берувчига у билан меҳнат шартномасини тузиш ҳуқуқини беради», деди Горовой.

Унинг қўшимча қилишича, порталнинг техник тайёргарлиги аллақачон таъминланган ва ҳозир у тўлдирилмоқда. Янги қоидаларга кўра, ноқонуний мигрантларнинг турмуш қуриши ёки ажрашиши, транспорт воситаларини бошқариши ёки рўйхатдан ўтказиши, авиачипталар сотиб олиши мумкин эмас.

Аввалроқ, 2024 йил сентябр ойида Россияда назорат остида бўладиган шахслар реестри яратилиши ҳақида хабар берилган эди. Маълумотлар базасининг очиқ қисмида фақат рўйхатда хорижлик борлиги ёки йўқлиги ҳақидаги маълумотлар бўлади. Ёпиқ тизим исм, туғилган сана, жинс, ҳужжат рақами ва серияси каби шахсий маълумотларни ўз ичига олади.

Мавзуга оид