Жаҳон | 10:12 / 07.02.2025
1476
2 дақиқада ўқилади

Лондон "Рамштайн" форматидаги Украина бўйича учрашувга бошчилик қилади

Украина мудофааси бўйича Алоқа гуруҳининг "Рамштайн" форматидаги навбатдаги йиғилиши 12 феврал куни АҚШ эмас, Буюк Британия бошчилигида бўлиб ўтади.

Фото: picture alliance

Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатувчи давлатлар халқаро коалициясининг навбатдаги йиғилишига илк бор АҚШ эмас, Буюк Британия раислик қилади. «Буюк Британия мудофаа вазири Жон Хили 12 феврал куни Брюсселдаги НАТО қароргоҳида Украина мудофаа бўйича алоқа гуруҳини йиғади», деб хабар қилди Буюк Британиянинг НАТОдаги миссияси 6 феврал, пайшанба куни ижтимоий тармоқда.

Баёнотда айтилишича, 26-"Рамштайн" учрашуви НАТОга аъзо давлатлар мудофаа вазирлари йиғилиши олдидан бўлиб ўтади, унда Украина учун устувор вазифалар муҳокама қилинади, чунки халқаро ҳамжамият Киевни Россия ҳарбий тажовузкорлигини қайтаришда қўллаб-қувватлаш бўйича ҳамкорликни давом эттирмоқда.

Йиғилиш Трамп инаугурациясидан кейинги илк учрашув бўлади

"Рамштайн" формати 2022 йилнинг баҳорида Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан кейин Киевга ҳарбий ёрдамни мувофиқлаштириш учун ташкил этилган. Гуруҳ йиғилишларига анъанавий тарзда Қўшма Штатлар, хусусан, АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин раислик қилди. Бундай форматдаги 26-йиғилиш Доналд Трамп Оқ уйга қайтганидан кейинги илк учрашув бўлади.

Аввалроқ The Times газетаси хабардор манбаларга таяниб, Трамп маъмурияти Британия мудофаа вазири Жон Хилидан гуруҳга раислик қилишни ва иттифоқчиларни йиғишни сўрагани ҳақида хабар берган эди.

АҚШнинг йиғилишга раислик қилишдан бош тортиши Трамп жамоасининг Украина бўйича расмий позицияси ва Киевга кейинги ҳарбий ёрдам бўйича ҳали қарор қабул қилинмагани билан боғлиқ бўлиши мумкин, деди нашрга Европа Иттифоқининг юқори мартабали расмийси. Бошқа бир манба буни Пентагоннинг янги раҳбари Пит Хегсетнинг яқинда ўз лавозимига киришгани ва эндигина «нарсаларни ўрганишни бошлагани» билан боғлади. Хегсет 12 феврал куни бўлиб ўтадиган йиғилишда иштирок этиши кутилмоқда.

Мавзуга оид