Жамият | 18:41 / 25.04.2025
4245
3 дақиқада ўқилади

“Челаклаб сув ташиб амаллаб кўкартириб олганман” – тоғ бағрида боғ яратган сўхлик 93 ёшли Нуриддин ота ҳикояси

Нуриддин ота Айниддинов тоғ бағридаги сувсиз ташландиқ ерни обод қилиб, боғ яратди. Эккан ўрик кўчатлари аллақачон бўй чўзиб даромадга ҳам кирган. У ҳар куни 6 км пиёда йўл босиб боғидан хабар олади. “Пиёда юришнинг гашти бошқа, танада қон юради, кун бўйи ўзимни тетик ҳис қиламан”, – дейди Нуриддин ота.

Нуриддин ота боғ яратишдаги қийинчиликлар, машаққат билан пайдо бўлган боғ бугун даромадга киргани ҳақида сўзлаб берди.

“1991 йилда тоғ бағридаги 50 сотих ташландиқ ётган ерни ўзлаштириб, мевали кўчатлар экдим. Тепаликка сув чиқариш мушкул эди. Челаклаб сув ташиб амаллаб кўкартириб олганман.

Ҳар куни саҳар келиб кеч қайтаман, дарахтлар тагини чопaман, сув қуяман. Боғга келиш учун бир кунда 6 км пиёда йўл босаман. Йўл-йўлакай улов тўхтаса ҳам минмайман. Ўғилларим машинада олиб бориб қўяман деса ҳам унамайман. Пиёда юриш “физзарядка” бўлади-да менга.

Ўзим эккан кўчатларни кўрсам, кўнглим тоғдай кўтарилади. Хурсанд бўламан. Миннатдор бўламанки, қилган ишим зоя кетмади.

Дарахтларни кўкартиргунча анча тер тўкдим. Тепаликка челакда сув ташиб, “баклажка”га сув қуйиб, кўчатларга боғлаб кетардим. Боғ бўладими, бу ер, сув йўқ-ку, қуриб қолади бир кун, деганлар кўп бўлди. Уларнинг гапига парво қилмадим. Меҳнатларим самара берди. Шундай қилиб гўзал манзарали боғ яратдим. Ташландиқ ер эди-да бу жойлар. Дарахтларни ташлаб қўймайман, Худо хоҳласа, ҳар бирини ўз фарзандимдек кўраман.

Ҳеч кимнинг бошига тушмасин десангиз, барибир иложи йўқ экан. Кампирим мен билан бирга боғга келиб ишлар эди. Уйда, уйдаги ишларни қилар эди, мен бу ерга келсам. Энди Парвардигорга керак бўлди, ўтган йилнинг қишида оламдан ўтди. Энди бу ёғига Худонинг ўзи мени сақласин. Ожиз бандамиз, қўлимиздан ҳеч нарса келмайди-да.

Банда бўлгандан кейин бир кун ўлим бор. Тўртта ўғлим бор. 50 тагача неварам, 25 та чевара бор. Боғим билан овуниб юрибман”, – дейди Нуриддин ота Айниддинов.

Сарвар Зиёев,
Kun.uz
Оператор ва монтажчи – Сардор Мамиров.

Мавзуга оид