Жаҳон | 00:31
2351
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон фуқароларининг БААга кириши тақиқлангани ҳақидаги хабарлар асоссиз — ТИВ вакили

Ташқи ишлар вазирлиги вакили Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги мавжуд визасиз тартиб ўз кучида қолаётганини таъкидлади. 

Фото: ТИВ

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ўзбекистон фуқароларининг БААга кириши тақиқлангани ҳақида тарқалган хабарларга муносабат билдирди.

Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон фуқароларининг БААга кириши тақиқлангани ҳақида тарқалаётган хабарлар асоссиз ва фейкдир.

«Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги мавжуд визасиз тартиб ўз кучида қолмоқда. Расмий манбалар бундай чоралар жорий этилгани ҳақида ҳеч қандай маълумот бермаган», — дейилади хабарда.

Шунингдек, ТИВ вакили фуқаролардан фақат расмий ва тасдиқланган манбаларга ишонишни сўради.

Эслатиб ўтамиз, 20 апрел куни Дубайда Ўзбекистоннинг ўнлаб фуқаролари иштирокида пичоқбозлик содир бўлгани ҳақида видеолар тарқалганди. БАА томони ушбу иш доирасида 15 нафар Ўзбекистон фуқароси қўлга олинганини билдирган. 

Мазкур воқеадан кейин Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов сўнгги вақтларда Ўзбекистон фуқаролари содир этаётган қонунбузарлик ҳолатлари кўпаяётгани визасиз тартибга таъсир кўрсатиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди. «Ўзбекистон фуқароларини хорижда юртдошларимиз шаънига доғ туширувчи ҳаракатлардан тийилишга чақирамиз», деб ёзганди у.

Аввалроқ Саудия Арабистони Туризм вазирлигининг Кун.узʼга ўндан ортиқ давлатлар, хусусан, Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари учун электрон визага мурожаат қилиш хизмати вақтинчалик тўхтатилганини маълум қилганди. Бу – саёҳат ёки Умра мақсадида қиролликка бориб, ноқонуний Ҳаж қилишнинг олдини олиш учун кўрилган чора сифатида баҳоланмоқда.

Мавзуга оид