Ўзбекистонда 2030 йилгача ҳавога исcиқхона газлари чиқарилишини 35 фоизга камайтириш режалаштирилмоқда
Сенат ялпи мажлисида иссиқхона газларининг чиқарилиши билан боғлиқ жараёнларни тартибга солиш назарда тутилган қонун муҳокама қилинди. Мазкур қонун Париж битимига асосан иссиқхона газлари чиқарилишини қисқартириш бўйича олинган мажбуриятлар Ўзбекистон томонидан бажарилишини таъминлашга хизмат қилади.

Фото: Kun.uz
Сенатнинг олтинчи ялпи мажлисида “Иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ушбу қонунда қайта кўриб чиқилиши лозим бўлган айрим масалалар мавжудлиги ҳамда қонуннинг айрим нормалари такомилга етказишни тақозо этгани боис Сенатнинг 2025 йил 25 январдаги тегишли қарори билан рад этилганди. Қонун Олий Мажлис палаталари тузган келишув комиссияси томонидан такомилига етказилиб, Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинди ҳамда Сенатга қайта киритилди.
Таъкидланишича, сўнгги йилларда мамлакатда иқлим ўзгаришининг олдини олиш, унинг салбий таъсирларини камайтириш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Бироқ бугунги кунда иссиқхона газлари чиқарилишини тартибга солувчи қонун ва норматив база яратилмагани республикада иссиқхона газларининг чиқарилишини камайтиришда иқтисодий, технологик ва экологик йўналишлар бўйича халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятларини чекламоқда. Бу эса, ўз навбатида, соҳани халқаро ҳужжатлар талаблари даражасига етказиш, унинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришни тақозо этмоқда.
Қонунда иссиқхона газлари чиқарилишини камайтириш натижасида ҳосил бўладиган углерод бирликлари муомаласини амалга оширишнинг тартибини белгилаш ҳамда иссиқхона газлари чиқарилишининг тизимли назоратини таъминлашга эътибор қаратилган. Унда иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклашнинг асосий принциплари, унинг мониторинги, ҳисоботи ва верификация тизими асослари, тартиби, қисқартирилган иссиқхона газларига эгалик қилиш ҳуқуқлари белгиланмоқда.
Қайд этилишича, мамлакатда углерод нейтраллигига эришиш бўйича кенг миқёсдаги ислоҳотларни қатъий олиб борган ҳолда 2030 йилгача ҳавога исcиқхона газлари чиқарилишини 35 фоизга камайтириш, “яшил” энергетика улушини 40 фоизгача ошириш мақсад қилиб олинган.
Сенаторлар томонидан қонуннинг қабул қилиниши Париж битимига асосан иссиқхона газлари чиқарилишини қисқартириш бўйича олинган мажбуриятлар Ўзбекистон томонидан бажарилишини таъминлашга, атроф муҳит ва экологияни яхшилаш ҳамда мамлакат иқтисодиётини барқарор ривожлантириш учун зарур шароит яратишга хизмат қилиши таъкидланди.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Мавзуга оид

16:35 / 12.04.2025
“Қишлоқда яшаб ҳам кам бўлмадик” — қўштепалик боғбон

19:50 / 28.03.2025
Тўрткўл тумани «коррупциядан холи ҳудуд»га айлантирилади

16:42 / 17.03.2025
Шахснинг ўз айбини тан олгани ягона далил бўлса, у жазога тортилмайди

13:14 / 17.03.2025