Самарқандда майиз етиштириш ва экспорт бўйича йирик лойиҳа бошланмоқда
Ўзбекистон Республикаси президентининг 2025 йил 14 февралдаги ПФ 22-сонли фармони ва ПҚ-57-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2025 йил 29 апрел куни Самарқанд шаҳрида майиз етиштириш ва уни экспорт қилиш масалалари муҳокамасига бағишланган “Ўзбекистон майизини дунёда энг харидоргир даражага олиб чиқиш” мавзусида тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилди.

Мазкур очиқ мулоқот Халқ банки, Марказий банк ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда майизчилик соҳасида фаолият юритаётган фермерлар, экспортчи корхоналар, қайта ишлаш корхоналари, хорижий экспертлар, давлат идоралари ва тижорат банклари вакиллари иштирок этди.
Мулоқот доирасида президент фармон ва қарорларида белгиланган устувор вазифаларнинг амалий ижроси, жаҳон майиз бозоридаги сўнгги тенденциялар ва Ўзбекистоннинг ушбу бозордаги рақобатбардош ўрни муҳокама қилинди. Шунингдек, майиз экпортини кенгайтиришда учраётган муаммолар ва уларнинг ечимлари, Ўзбекистон, хусусан Қўшработ майизининг ўзига хос хусусиятлари ва унинг халқаро бренд салоҳияти, Европага майиз экспортида қўлланаётган амалий тажрибалар каби муҳим йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Республикамизда мавжуд майизбоп узумзор майдонлар, уларда етиштириладиган майизнинг 65 фоизи, шунингдек, умумий майиз экспортининг 65 фоизи Самарқанд вилояти ҳиссасига тўғри келади.
Мазкур соҳани тузилмавий асосда ривожлантириш мақсадида Қўшработ тумани базавий туман этиб белгиланди ва “Қўшробат-Агро стар” МЧЖ ташкил этилди. Унинг фаолиятига Иштихон, Ургут ва Хатирчи туманлари қамраб олинади. Лойиҳаларнинг инвестицион ва молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватланиши учун Халқ банки масъул этиб белгиланган.
Ўзбекистонда 90 минг гектар майизбоп токзорлар мавжуд бўлиб, “Қўшработ – Агро Стар” МЧЖ қамровига кирувчи туманлардаги майизбоп токзорларнинг умумий майдони 32 875 гектарни ташкил қилиб, бу кўрсаткич республиканинг 37 фоизига тўғри келади.
Ушбу ҳудудларда ҳар мавсумда ўртача 92 350 тонна майиз етиштирилади, бу республикадаги умумий ҳажмнинг 40 фоизини ташкил этади.
Шунингдек, Халқ банки ва “Қўшработ агро стар” МЧЖ ҳамкорлигида Қўшработ туманида замонавий Агросаноат мажмуасини ташкил этиш режалаштирилган. Мажмуа майизбоп узум етиштириш, қуритиш, лаборатория синовларидан ўтказиш, қайта ишлаб қадоқланган шаклда ички ва ташқи бозорга миллий бренд номи билан чиқариш каби босқичларни ўз ичига олади.
Тадбир давомида Халқ банки томонидан майизчилик соҳасини молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари, кредитлар ва молиявий хизматлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Очиқ мулоқот форматида ташкил этилган тадбирда савол-жавоблар, тақдимотлар, фикр алмашинуви сессиялари ўтказилди. Иштирокчилар учун “G2B” (davlat–biznes) ва “B2B” (biznes–biznes) учрашувлари учун алоҳида вақт ажратилиб, истиқболли ҳамкорликларни йўлга қўйиш имконияти яратилди.
Ушбу очиқ мулоқот майизчилик соҳасидаги долзарб масалаларни атрофлича муҳокама қилиш, янги ташаббус ва лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, фермер ва экспортчиларни халқаро талабларга мос фаолият юритишга рағбатлантириш, шу орқали Ўзбекистон майизининг дунё бозорида муносиб ўрин эгаллашини таъминлашга хизмат қилади.
Мавзуга оид

23:22 / 25.04.2025
Самарқандда ўқувчига ташланиб, унга тазйиқ ўтказган ўқитувчи ишдан олинди

11:58 / 25.04.2025
“Эфирда узилиш ва қотиш бўлган” – Самарқанд ва Андижондаги аттестация жараёнлари юзасидан муносабат билдирилди

11:17 / 25.04.2025
Самарқандда пиёдалар йўлакчасидаги ҳодиса оқибатида бир киши вафот этган

10:29 / 25.04.2025