АҚШ миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майк Уолц ишдан бўшатилди – Fox News
Амалдор «Сигналгейт» деб номланган можаронинг асосий сабабчиси сифатида танилган эди.

Фото: Shutterstock
АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майк Уолц ва унинг ўринбосари Алекс Вонг ишдан олинади, деб хабар берди CBS News.
Миллий Хавфсизлик Кенгашидаги вазиятдан хабардор манбалардан бирининг айтишича, АҚШ президенти Доналд Трамп уларни истеъфога чиқарилишини қайта ташкил этиш сифатида тақдим этиш учун «Сигналгейт»дан бери етарлича вақт ўтган деб ҳисобламоқда.
Аввалроқ Трамп маслаҳатчини ишдан бўшатишда иккиланиб юрган ва буни ташқи босимга ён бериш сифатида баҳоланиши мумкин деб ҳисоблаган, деб ёзди CBS News.
Fox News хабарига кўра, Уолц ва Вонг аллақачон ишдан бўшатилган. Ўз навбатида, Politico Трамп «бошқа маъмурият амалдорларининг ишончини» йўқотган Уолцни ишдан бўшатишни анчадан бери режалаштирганини ёзди. Нашрга кўра, «унинг ўрнига номзодлар Ғарбий қанотда бир неча ҳафта давомида муҳокама қилинмоқда».
Доналд Трамп Уолцни АҚШнинг БМТдаги доимий вакили лавозимига тайинлашини маълум қилди.
«Майк Уолц ҳарбий форма кийиб, жанг майдонида хизмат қилган даврида ҳам, Конгрессдаги фаолияти ва миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчим сифатида ҳам ҳар доим мамлакатимиз манфаатларини биринчи ўринга қўйиб, фидокорона меҳнат қилди. Ишончим комилки, у янги лавозимида ҳам айнан шундай давом этади», — деб ёзади Трамп.
Ўз навбатида, АҚШ давлат котиби Марко Рубио президентнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси вазифасини вақтинча бажаради. Шу билан бирга, у Давлат департаментига раҳбарлик қилишда давом этади.
Шунингдек, Америка ОАВ президентнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси лавозимини Трамнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф эгаллаши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқатмоқда. CNN’нинг ўз манбаларига таяниб ёзишича, Уиткофф Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси лавозимини эгаллашни хоҳламаяпти.
24 март куни The Atlantic бош муҳаррири Жеффри Голдберг Оқ уй расмийлари Ямандаги ҳусий исёнчилар позицияларига зарба беришни муҳокама қилаётган Signal чатига ўзини қўшиб қўйганликларини айтди. Чатда 18 киши, жумладан, президентнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майк Уолц ҳам бор эди.
Кейинчалик маълум бўлишича, Голдбергни айнан Майк Уолц чатга янглишиб қўшган. Чунки, унинг рақами телефонида бошқа одам номи остида сақланган.
Можаро кескин муҳокамаларга сабаб бўлди. Ундан айниқса демократлар фойдаланиб қолишди ва Уолцни зудлик билан истеъфога чиқаришни талаб қилишди.
Бироқ, Трамп чат иштирокчиларини ишдан бўшатмаслигини таъкидлаган эди.
Мавзуга оид

00:52
Зеленский Трампдан энг кучли қарталар тўпламини олди — АҚШ молия вазири

23:22 / 01.05.2025
АҚШ кейинги 100 кун ичида Россия ва Украина ўртасида музокаралар ўтказишга уриниб кўради

21:18 / 01.05.2025
Трампнинг юқори тарифлари. Бу Хитойдаги ишлаб чиқаришга сезиларли зарба бера бошлади

20:08 / 01.05.2025