Жаҳон | 20:13 / 02.05.2025
1534
2 дақиқада ўқилади

Аргентина соҳилларида 7,4 магнитудали зилзила содир бўлди

Зилзила ўчоғи 10 км чуқурликда жойлашган. Чили ҳукумати цунами сабаб айрим ҳудудларда эвакуация эълон қилди.

Фото: Getty images

Аргентина соҳилларида 7,4 магнитудали зилзила содир бўлди. Европа-Ўрта Ер денгизи сейсмология марказининг маълум қилишича, ерости силкинишлари ўчоғи 10 километр чуқурликда жойлашган.

Чили Табиий офатлардан огоҳлантириш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш миллий хизматига кўра, зилзила магнитудаси 7,5 ни ташкил этган. Мамлакат жанубидаги Магалянес минтақасида эвакуация эълон қилинди. Қайд этилишича, зилзила цунамини юзага келтириши мумкин.

Зилзила эпимаркази Наварино оролидаги (Оловли ер архипелаги) Пуэрто-Уилямс посёлкасидан 218 километр узоқликда жойлашган. Аҳоли сони — тахминан 50 минг киши.

Эслатиб ўтамиз, 23 апрел куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида давомли ер силкинишлари кузатилди, улардан иккинчисининг магнитудаси 6,2 баллни ташкил этди. Соат 12:13 даги биринчи ер силкиниши кучи эса 3,9 магнитудага тенг бўлган. Икки зилзила эпимаркази ҳам Истанбулнинг марказий қисмидан 50 километр ғарбда, Мармар денгизи соҳилидаги Силиври шаҳри яқинида жойлашган.

Истанбул губернатори офисига кўра, камида 151 киши жароҳатланган, улар ер қимирлаши вақтида ваҳимага тушиб, ўзларини баланд жойлардан ташлашган. Шунингдек, Истанбулдаги зилзилада кучли қўрқув туфайли Ўзбекистон фуқароси вафот этган.

Мавзуга оид