Эронга нефть сотиш: Трамп иккиламчи санкциялар билан таҳдид қилди
Оқ уй раҳбари АҚШ Эрон нефтининг ҳар қандай харидорига қарши иккинчи даражали санкциялар жорий қилади, дея таҳдид қилди.

Фото: AP
АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон ядро дастури бўйича музокаралар кетаётган пайтда Теҳронга босимни кучайтирмоқда. Қўшма Штатлар ҳукумати Эрон нефтининг ҳар қандай харидорига қарши иккинчи даражали санкциялар жорий қилади. Бу ҳақда Оқ уй раҳбари 1 май, пайшанба куни Truth Social ижтимоий тармоғида маълум қилди.
«Ҳозир Эрон нефти ёки нефть-кимё маҳсулотларининг барча харидлари тўхтатилиши керак! Эрондан нефть ёки нефть-кимё маҳсулотини ҳар қандай миқдорда сотиб олган давлат ёки жисмоний шахс дарҳол иккинчи даражали санкцияларга дучор бўлади», деб ёзган Трамп.
«Улар (компаниялар ва жисмоний шахслар)га Америка Қўшма Штатлари билан ҳар қандай шаклда бизнес юритиш тақиқланади», — дея қўшимча қилди у.
Хитой Эрон нефтининг энг йирик харидори ҳисобланади, дея хабар беради dpa агентлиги.
Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги ядровий музокараларнинг навбатдаги босқичи қолдирилди. АҚШ президенти Доналд Трампнинг махсус вакили Стивен Уиткофф ва Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арағчи ўртасида 3 май куни Римда бўлиб ўтиши керак бўлган тўртинчи учрашуви «логистик сабабларга кўра» қолдирилади, деди Уммон ташқи ишлар вазири Бадр бин Ҳамад бин Ҳамуд ал-Бусайдий ижтимоий тармоқда. Уммон музокараларда воситачи сифатида иштирок этмоқда.
Мавзуга оид

16:35
Трамп 8 майни Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалаба куни деб эълон қилди

21:18 / 01.05.2025
Трампнинг юқори тарифлари. Бу Хитойдаги ишлаб чиқаришга сезиларли зарба бера бошлади

20:56 / 01.05.2025
АҚШ миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майк Уолц ишдан бўшатилди – Fox News

20:08 / 01.05.2025