Ўзбекистон | 12:33 / 02.05.2025
8296
7 дақиқада ўқилади

«Бунда хорижий турист у ёқда турсин, маҳаллий сайёҳ ҳам бошқа давлатга боришни афзал кўради» — президент чипталар нархи ҳақида

Хорижда ўзбек ресторанларини ташкил қилишда рўйхатдан ўтиш, рухсатнома ва фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисми қоплаб берилиши маълум қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Хоразм вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифаларига бағишланган йиғилиш бошланди.

“Хоразм – шонли тарихимиз билан янги ислоҳотларимиз туташган чорраҳа, десак муболаға бўлмайди. Логистика занжирларидан узоқда, табиий ресурслари чекланган бу диёрда ўтган йили “Кичик ва ўрта бизнес йили” бўлди, дейиш учун барча асосларимиз бор”,  - деди давлат раҳбари. 

2024 йили вилоятда 7 минг янги тадбиркор иш бошлади, 47 та корхона кичикдан ўртага ўтди, 10 дан ортиқ тадбиркорнинг айланмаси 200 миллиард сўмдан ошди. Буларнинг ҳисобига вилоятда бир йил ичида 290 минг аҳоли ишли бўлди.

Лекин, катта ўзгаришларга қарамасдан вилоятда камбағаллик ҳали ҳам 12 фоиз атрофида, 45 минг фуқаро ишсиз экани, айланмаси 1 триллион сўмдан ошган атиги 1 та корхона борлиги қайд этилди.

Шу боис, вилоят раҳбарияти, 13 та туман ҳокими ҳар бир имкониятни лойиҳага айлантириб, янги иш ўринлари яратиши, саноат, сервис, туризм, қишлоқ хўжалиги, экспорт салоҳиятини янада ошириш, ижтимоий соҳа ва инфратузилмадаги муаммоларни ҳал қилиш учун қатъият ва масъулият билан ҳаракат қилиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Мамлакатимизда туризм экспорти салоҳияти 10 миллиард доллар бўлса, шунинг 2 миллиард доллари айнан Хоразмга тўғри келиши таъкидланди. Лекин бу тўлиқ ишга солинмаётгани қайд этилди. Ўтган йили фақат 1,3 миллион хорижий турист келган ва экспорт 400 миллион долларга ҳам етмаган.

Ваҳоланки, масъулларда Хоразмни минтақадаги етакчи туристик марказлардан бирига айлантириш учун имкониятлар етарли экани қайд этилди.

Вилоятда жами 263 та маданий мерос объекти мавжуд. Бундан самарали фойдаланиб, туризм хизматларини ташкил этаётган тадбиркорлар кўп. Лекин, Хива шаҳри, Хива ва Янгиариқ туманлари ҳокимлари салоҳияти юқори 14 та объектни тадбиркорлар билан туристик масканга айлантириш бўйича ишламаётгани кўрсатиб ўтилди.

Шу билан бирга, Хоразмдаги кўплаб маданий ёдгорликлар ҳали ўрганилмай турибди. Ҳазораспдаги “Сулаймон қалъа”, Боғотдаги “Қалажик қалъа” каби тарихий масканлар, Янгиариқдаги “Хон боғи”, “Олма отишган қалъа” тарихий объектлари ҳақида маълумот кам.

Шу мақсадда ташкил этилган Ўзбекистон тарихчилар жамиятининг Хоразм бўлими фаолияти давлат бюджетидан таъминланиши белгиланди.

Мутасаддиларга чет элдан тажрибали археологларни жалб қилиб, тарихий обидаларни аниқлаш ва тиклаш бўйича амалий ишларни бошлаш топширилди.

Хоразм ва Қорақалпоғистон ҳудудидаги 8 та қадимий қалъаларни ўзаро боғловчи тўрт кунлик “Қалъа тур” маршрути ишлаб чиқилади. Ушбу қалъалар атрофида мастер-режа асосида хизмат кўрсатиш объектлари ишга туширилади.

Вилоятда гастрономик туризмни ривожлантириш учун ҳам катта салоҳият борлиги таъкидланди.

“Арда Хива” мажмуасига вилоятлардан биттадан ресторатор олиб келиш, Хива шаҳрининг Мевастон ва Газчи маҳаллаларида бир неча ресторанлардан иборат 2 та замонавий “фуд-корт” ташкил қилиш муҳимлиги қайд этилди.

Миллий таомларимизни хорижда танитаётган рестораторлар қўллаб-қувватланади.

Мутасаддиларга хорижда ўзбек ресторанларини ташкил қилишда рўйхатдан ўтиш, рухсатнома ва фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисмини қоплаб беришни йўлга қўйиш топширилди.

Хоразмда 40 дан ортиқ ҳунармандчилик йўналишлари ривожланган бўлиб, сайёҳлар маҳсулот тайёрлаш жараёнига ҳам қизиқади.

Шу муносабат билан Мевастон маҳалласида 6 гектар ерда Ҳунармандчилик маркази ташкил этилади.

Ҳар йили ҳунарманд шогирдларни тайёрлашга 1 миллиард сўм ажратиб борилади.

Вилоятда бирорта халқаро брендли меҳмонхона йўқлиги кўрсатиб ўтилди.

Хоразмда янги қурилган меҳмонхоналарни субсидиялаш давом эттирилиши белгиланди. Бунинг ҳисобига йил якунигача 2,5 минг ўринли 40 та меҳмонхонани ишга тушириш, шундан камида 2 таси бренд меҳмонхона бўлиши шартлиги қайд этилди.

Сайёҳлар иссиқ кунларда вилоятда сузиш ҳавзалари етишмаслигини айтишади. Шу боис меҳмонхона ва кўнгилочар масканлар ҳудудида бассейн қуриш харажатининг бир қисми ҳам қоплаб берилади.

Хоразмда хитой, араб, япон, испан тилини биладиган гид, официант, савдо ва сервис ходимларига ҳам талаб ошмоқда. Гид-экскурсаводлар асосан инглиз, рус ва француз тилларида хизмат кўрсатади. Кўрсатилаётган хизматлар сифати, ходимларнинг этикаси бўйича ҳам саволлар кўплиги қайд этилди.

Шунинг учун Хива туризм техникумида йилига 100 нафар гид, яна шунча сервис ходимини камида 5 та талаб юқори тилга ўқитиш зарурлиги таъкидланди.

Хоразмда туризмнинг жадал ривожланиши учун энг катта тўсиқ, бу – транспорт экани қайд этилди.

Урганчга Россия, Туркия, Италия, Испания ва Франциядан авиақатновлар қўйилгани натижа берди. Лекин, рейс йўқлиги учун Германия, Хитой, араб давлатларидан минглаб турист йўқотиляпти.

Мутасаддиларга Франкфурт, Урумчи, Пекин, Абу-Дабидан тўғридан тўғри рейс қўйиш таклифини киритиш, туристик мавсумда Истанбулдан кунлик қатновни йўлга қўйиш топширилди.

Урганч аэропорти Кореянинг Инчхон аэропортига хусусий шерикликка берилмоқда. Ушбу аэропорт миллий меъморчилик анъаналарига мос ҳолда реконструкция қилинади.

Масъулларга ишлар бошланишини кутиб ўтирмасдан, Корея авиакомпанияларини жалб қилиш, самолёт ва аэропортдаги сервис ходимларини малака ошириш учун Кореяга юборишни бошлаш, янги ўқув йилидан Хоразмдаги транспорт ва сервис техникумларида Корея тажрибаси асосида кадр тайёрлашни йўлга қўйиш топширилди.

Маҳаллий рейсларнинг 95 фоизи “Ҳаво йўллари” ва “Силк авиа” авиакомпанияларига тўғри келади. Қолган 14 та рейсни 4 та маҳаллий авиакомпания амалга ошираяпти.

Сабаби, ички рейслар жозибадор эмаслиги учун хусусий компаниялар асосан хорижга қатнаяпти. Ички бозорда рақобат бўлмагани учун, Тошкент-Урганч йўналишида бир ҳафта олдин чипта қолмайди, нархи қиммат. 

"Бу ҳолатда хорижий турист у ёқда турсин, маҳаллий сайёҳлар ҳам бошқа давлатга боришни афзал кўради", - деди президент.

Шу муносабат билан мутасаддиларга хусусий компанияларни жалб қилиб, Тошкентдан Урганчга қатновларни 2 карра ошириш топширилди.

Барча резидент компанияларга ички рейсларни субсидиялаш бўйича қарор ишлаб чиқиб, киритиш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, дам олиш кунлари поездлар таркибига қўшимча вагон улаб, йўловчи ташишни 1,5 баробарга кўпайтириш топширилди.

Мавзуга оид