Жаҳон | 11:54 / 07.05.2025
8248
4 дақиқада ўқилади

Исроил Ямандаги асосий аэропорт ва портни яксон этди

Трамп ҳусийчилар таслим бўлгани — ва АҚШ энди уларни бомбардимон қилмаслигини айтди.

6 май куни Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Яман бўйлаб зарбалар сериясини амалга оширди: тунда — Ҳудайда порти, кундузи — мамлакат пойтахти Сано шаҳридаги аэропорт бомбардимон қилинди. Ҳужумдан олдин ЦАҲАЛ маҳаллий аҳолига огоҳлантириш бериб, зудлик билан Сано аэропорти яқинидаги ҳудудларни тарк этишга чақирган.

Исроил авиациясининг 2025 йил 6 май куни Яман пойтахтига қилган ҳужуми оқибатлари
Mohammed / Xinhua / ZUMA Press / Scanpix / LETA

Аэропорт тўлиғича ишдан чиқарилган: терминал, учиш-қўниш йўлаги ҳамда ҳарбий база яксон этилган, шунингдек, бир неча самолёт йўқ қилинган. Баджил шаҳридаги цемент заводи ва бир неча электр станциялар ҳам зарбалар остида қолган. Ямандаги «Ал-Масира» телеканали маълумотига кўра, уч киши ҳалок бўлган.

Бу объектларнинг барчаси «Ансор Аллоҳ» (ҳусийчилар) томонидан назорат қилинадиган ҳудудда жойлашган. Исроил мудофаа армияси баёнотига кўра, улар ҳусийчилар инфратузилмасининг бир қисми ҳисобланган: Ҳудайдадаги порт ва Сано аэропорти — «Ансор Аллоҳ» Эрондан олинган қуролларни ташишда фойдаланадиган транспорт тугуни вазифасини ўтаган, цемент заводи маҳсулотлари эса ерости бункерлари ва туннеллар қуришда ишлатилган.

Аэропорт бўйлаб зарбалардан кўп ўтмай АҚШ президенти Доналд Трамп ҳусийчилар Қизил денгиздаги кемаларга ҳужум қилишни тўхтатишга рози бўлгани ва шунинг учун АҚШ уларнинг Ямандаги  объектларига бошқа ҳужум қилмаслигини билдирди. Трамп ҳеч қандай тафсилотларни келтирмаган — ҳусийчилар кимга, қачон, қаерда ва айнан нима деганига аниқлик киритмаган.

6 майга ўтар кечаси Исроил қўмондонлиги ҳусийчилар томонидан «террорчилик мақсадларида» фойдаланилаётган «Ҳудайда» портига зарбалар берганди. Фото: Getty Images

Трампнинг баёнотидан кўп ўтмай Ўмон ташқи ишлар вазири Бадр ал-Бусайдий АҚШ ва ҳусийчилар Маскат воситачилигида ўт очишни тўхтатишга келишиб олганини маълум қилди. «Келгусида томонларнинг ҳеч бири бир-бирини таъқиб қилмайди, жумладан, Қизил денгиз ва Боб ал-Мандиб бўғозида Америка кемаларига ҳужум қилинмайди», – деди вазир. «Ал-Маядин» телеканали хабарида ҳусийчилар АҚШ билан тўғридан тўғри алоқаларда бўлмагани айтилган. AFP хабарига кўра, ҳусийчилар Исроилга қарши ҳужумларни давом эттиришга ваъда берган.

Исроилнинг ҳаво зарбалари ҳусийчиларнинг 4 май куни Тел-Авив яқинидаги, Бен-Гурион номидаги йирик аэропортга баллистик ракета учиришига жавобан амалга оширилди. Бу зарба жиддий зарар етказмаган: ракета аэропортдаги бирор объектга бориб тегмаган, фақат бир неча киши енгил жароҳат олган. Аэропорт тахминан ярим соат давомида рейсларни юбориш ва қабул қилишни тўхтатган ва йўловчилар учун тахминан бир соатга ёпилган, шундан кейин фаолиятини тиклаган.

Аммо кўплаб халқаро авиакомпаниялар, жумладан WizzAir, Ryanair, Lufthansa, British Airways, Air France ва Delta кабилар Исроилга учишни ва у ердан парвозларни амалга оширишни тўхтатган.

Сўнгги ҳафталарда ҳусийчилар мунтазам равишда Исроил бўйлаб баллистик ракеталар учириб келаётганди, аммо одатда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими уларни тўхтатиб қолаётганди. Бу сафар Исроилнинг «Хец» тизими ҳам, Американинг THAAD тизими ҳам ракетани ўтказиб юборган.

Ҳусийчилар бир ярим йилдан буён Исроилни ўққа тутади ҳамда Яман соҳиллари яқинидан ўтадиган кемаларга ҳужум қилади, гуруҳ буни фаластинликларни Исроилга қарши урушда қўллаб-қувватлаш белгиси деб изоҳлайди. Натижада Қизил денгиз орқали кемалар қатнови фалаж аҳволга келиб қолган — бу Осиё ва Европа ўртасидаги муҳим савдо йўли ҳисобланади. 2025 йил мартида Трамп кемаларга ҳужум қилинишига буткул чек қўйиш учун минтақага Америка қуролли кучларини юборганди. У Исроил ўққа тутилишига барҳам беришни амалиёт мақсади сифатида келтирмаган.

Мавзуга оид