Ўзбекистон | 14:03 / 11.05.2025
9941
2 дақиқада ўқилади

Бухоро ва Хоразмни боғловчи йўлни чигирткалар босди

Бухоро ва Хоразм вилоятларини боғловчи А380 автомобил йўлини чигирткалар тўдаси босди. ФВВ ушбу ҳудудларга кимёвий ишлов берилаётгани ва вазият назоратга олинганини маълум қилган. Ўсимлик карантини ва ҳимояси агентлиги бундай саксовул букри чигирткалари экинларга зарар етказмаслигини қайд этган.

Фото: Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда Бухоро ва Хоразм вилоятларини боғловчи А380-автомобил йўлида чигирткалар тўдаси юргани акс этган видео тарқалди.

Ўсимлик карантини ва ҳимояси агентлигининг билдиришича, мазкур ҳудудда саксовул букри чигирткаси тўдаси аниқланган. Уларни ўз вақтида талафотсиз бартараф этиш мақсадида Бухоро вилоятининг Чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизмати иккита отрядга бўлинган ҳолда 4509 гектар майдонда кимёвий ишловлар олиб борган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ушбу ҳудудларда 15 та махсус техника ёрдамида кимёвий ишловлар берилгани, ҳозирда вазият тўлиқ назоратга олинганини маълум қилди.

Бухоро вилоятининг Газли массиви, Ромитан, Қоракўл, Жондор туманлари алоҳида назорат остига олинган ва уларда ҳам кузатув-мониторинг ишлари давом этмоқда.

10 май ҳолатига кўра, республика бўйича 472 минг 739 гектар майдонда кузатув олиб борилган. Мониторинг натижасида 267 минг 267 гектар майдонда зарарли чигиртка тарқалгани аниқланган. Шундан 244 минг 530 гектарда кимёвий ишловлар ўтказилган.

«Алоҳида қайд этиб ўтамиз, саксовул букри чигирткаси қишлоқ хўжалиги экинларига зарар етказмайди. Ҳудудлардаги тезкор штаблар томонидан мурожаатлар ўрганилиб, аниқланган ўчоқлар қисқа фурсатларда бартараф этиляпти», – дейилади ЎКҲА хабарида.

Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов бу ўтган йилдаги каби Газли шаҳарчаси атрофидаги марокаш чигиртка босқини каби жуда хавфли ҳисобланмаслигини, шунга қарамай, бу чигирткалар тарқалиш хавфи олдини олиш кераклигини таъкидлаган.

Ўсимлик карантини ва ҳимояси агентлиги фуқаролардан зарарли чигиртка тарқалган майдонлар тўғрисида 1288 ёки 71 202 10 00 рақамларига мурожаат қилишлни сўрамоқда.

Бундан ташқари, ташкилотнинг барча расмий саҳифаларида Ҳудудий чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизмати раҳбарлари ва бош агрономларнинг телефон рақамлари кўрсатиб ўтилган. Хизматлар ва кимёвий воситалар мутлақо бепул, дейилади хабарда.

Мавзуга оид