Жамият | 20:18 / 12.05.2025
10834
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги мактаб ўқитувчиси ўқувчиларга «Катюша» ёдлатгани хабар қилинди

Чилонзор туманидаги 188-мактабнинг бошланғич синф раҳбари дарс ўрнига 9 май муносабати билан байрам тадбири ўтказишга уринган. Мактаб маъмурияти унга дарс вақтида тадбир ўтказмаслик ҳақида огоҳлантириш берган, агар ҳолат такрорланса, ишдан бўшатилиши маълум қилинган.

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги мактаблардан бирининг ўқитувчиси ўқувчиларига «Катюша» ва «Смуглянка» қўшиқларини куйлатмоқчи бўлгани учун ишдан бўшатилгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.

Қайд этилишича, бошланғич синф ўқитувчиси 8 май куни ўзи раҳбарлик қилаётган 4-«г» синф ўқувчилари билан мактаб маъмуриятини огоҳлантирмасдан дарс жадвалида биринчи соатда кўрсатилган математика фани дарсини ўтмасдан, «Хотира ва қадрлаш куни»ни нишонлашга уринган.

Бундан хабар топган мактаб маъмурияти ўқитувчини дарс маҳалида бундай тадбир ўтказиши мумкин эмаслиги ҳақида яна бир бор огоҳлантирган. Бу каби тадбирлар дарсдан кейин ўтказилиши зарурлиги, агар ўзбошимчалик қиладиган бўлса, ўқитувчи ишдан бўшаш учун ариза ёзиши лозимлигини билдирган.

Муносабатда ўқитувчи ўқувчиларга «Катюша» ва «Смуглянка» қўшиқларини ёдлатгани тасдиқланмаган, рад ҳам этилмаган.

Шунингдек, мазкур ҳолат Чилонзордаги мактаблардан бирида бўлгани тасдиқланган, аммо расмийлар муассаса рақамини келтирмаган.

Kun.uz манбасига кўра, бу ҳолат 188-мактабда рўй берган.

Воқеа қаҳрамони Венера Басалямова бўлиб, у Россиядаги «Осторожно, новости» телеграм-каналига ўқувчилардан бири Ғалаба куни тадбирига совет аскари либосида келгани учун ишдан бўшатилганини айтиб, мурожаат қилган. У олий тоифали ўқитувчи экани ва 37 йиллик иш тажрибасига эгалигини иддао қилиб, гўёки ўқувчилар байрамга қандай тайёргарлик кўрганидан ва концерт дастуридан хабари бўлмаганини билдирган. У болаларга фақат уйда Ўзбекистоннинг фашизм устидан ғалабага қўшган ҳиссаси тўғрисидаги филмларни кўришни вазифа қилиб берганини айтган.

Унинг айтишича, болаларнинг аскари 8 май кунги тадбирга Ўзбекистон армияси ҳарбий либосларини прокатга олишган, фақат бир ўқувчи мактабга совет аскари либосида келган.

Мавзуга оид