Жаҳон | 14:09
3918
2 дақиқада ўқилади

Мединский Украина билан тўғридан тўғри музокаралардаги вазифани айтди

Россия делегацияси раҳбарининг сўзларига кўра, Истанбулдаги музокаралардан мақсад Украинада узоқ муддатли тинчликка эришишдир. Мединский Истанбул музокараларини «2022 йилда бошланган тинчлик жараёнининг давоми» деб билишини айтди.

Фото: ТАСС

Украина билан музокаралардаги Россия делегацияси раҳбари Владимир Мединскийнинг таъкидлашича, Россиянинг Украина билан Истанбулда тўғридан тўғри музокаралар ўтказишдаги вазифаси эртами-кечми «можаронинг асосий сабабларини бартараф этиш орқали узоқ муддатли тинчликка» эришишдир. 15 май, пайшанба куни Истанбулда матбуотга берган баёнотида Мединский Россия делегацияси «конструктив ёндашув, эҳтимолий ечимлар ва алоқа нуқталарини топиш тарафдори» эканини таъкидлади.

Унинг таъкидлашича, Россия делегацияси Истанбулдаги жорий музокараларни «2022 йилда тўхтатилган тинчлик жараёнининг давоми» деб ҳисоблайди. «Биз бу музокараларни Истанбулдаги тинчлик жараёнининг давоми деб биламиз, афсуски, уч йил аввал Украина томони уни тўхтатиб қўйган. Бизнинг расмий делегациямиз президент фармони билан тасдиқланган ва у музокаралар олиб бориш учун барча зарур ваколатларга эга», — деди Мединский.

Украина президенти Володимир Зеленский мудофаа вазири Рустем Умеров бошчилигидаги делегацияни музокаралар учун Истанбулга юборди. Аввалроқ у Туркияга ташриф буюрган делегация таркибига Украина Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Андрей Сибига, Президент девони раҳбари Андрей Ермак, Украина Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Андрей Гнатов, Украина Хавфсизлик хизмати раҳбари Васил Малюк ва барча разведка идоралари вакиллари ҳам киритилгани ҳақида хабар берган эди.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, Истанбулдаги музокараларнинг асосий мақсади ўт очишни тўхтатиш бўлиб, Украина делегацияси буни муҳокама қилиш мандатига эга. Музокарачилар гуруҳи 16 май куни Туркияда бўлади ҳамда АҚШ вакиллари билан ҳам учрашади, дея қўшимча қилди у.

Мавзуга оид