Ўзбекистон | 13:32
1861
7 дақиқада ўқилади

Сўровнома: Тошкентга қандай боғлар керак?

«Юксалиш» ҳаракати сўровномаси кўрсатдики, Тошкент аҳолисига боғларда кўпроқ яшиллик ва соя, ўриндиқлар, чиқинди қутилари етишмайди. Респондентлар боғлар ва умуман яшил майдонлар етарли эмаслигини ҳам таъкидлаган.

Фото: Kun.uz

«Юксалиш» ҳаракати пойтахт аҳолиси ўртасида «Тошкент боғларини қандай яхшилаш мумкин? Шаҳар аҳолиси фикри» мавзусида сўровнома ўтказди. Ўрганиш шаҳар аҳолисининг яшил ҳудудларга бўлган эҳтиёж ва истакларини аниқлаш, шунингдек, уларни ободонлаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишга қаратилган. Сўровномада 18 ва ундан катта ёшдаги 403 нафар фуқаро иштирок этди.

Респондентларнинг умумий сонидан 32,3 фоизи паркларга ҳафтада бир неча марта, 32,6 фоизи ойига бир марта, 28,3 фоизи жуда камдан-кам ҳолларда, 5,8 фоизи ҳар куни ташриф буюришини билдирган. Сўровда қатнашган фақат уч киши паркларга бормаслигини тан олди.

Сўров иштирокчиларининг фикрича, машҳур боғлар орасида Tashkent City, Ғафур Ғулом боғи, Magic City, «Анҳор-Локомотив», Япон боғи, Экопарк ва Марказий боғ бор.

Респондентлар орасида энг кўп ташриф буюриладиган боғлар ва яшил ҳудудлар:

  • Tashkent City – 35 фоиз
  • Ғафур Ғулом боғи (Dream Park) – 31,2 фоиз
  • Magic City – 29,7 фоиз
  • «Мовий гумбазлар» булвари – 23,9 фоиз
  • «Анҳор-Локомотив» боғи – 23,2 фоиз
  • Япон боғи – 22,4 фоиз
  • Экопарк – 20,9 фоиз
  • Central Park – 19 фоиз
  • «Дўстлик» боғи (собиқ Бобур) – 15,9 фоиз
  • «Янги Ўзбекистон» боғи – 14,4 фоиз
  • Миллий боғ – 13,9 фоиз
  • «Ашхобод» парки – 12,8 фоиз
  • «Локомотив» боғи – 12,1 фоиз
  • Ғалаба боғи – 9,6 фоиз
  • Фурқат боғи – 7,6 фоиз.

Бундан ташқари, Ботаника боғи, River боғи, Қодирий, «Қуёшча нури» (Бектемир тумани), «Янги Сергели», Ёзувчилар хиёбони ва Амир Темур хиёбони боғлари тилга олинади.

Респондентларнинг фақат 4 фоизи боғлар ҳолатидан тўлиқ қониқишини билдирган. Респондентларнинг аксарияти (57,7 фоиз) «Умуман олганда мамнунман, лекин камчиликлар бор» деб ҳисобласа, деярли учдан бир қисми жиддий муаммолар мавжудлигини қайд этган.

Респондентларнинг 73,9 фоизи қайд этган асосий муаммо яшиллик ва соянинг етишмаслиги бўлди. «Бу деярли барча жавобларда энг кўп тилга олинган муаммо саналади», – дея таъкидлайди «Юксалиш».

Бошқа муҳим масалалар:

  • Скамейкалар ва соябонлар етарли эмас – 66,3 фоиз
  • Чиқиндилар ва гигиена муаммолари – 45,8 фоиз
  • Шовқин ва бетартиблик (кўпинча баланд мусиқа ва аттракционлар билан боғлиқ) – 36,2 фоиз
  • Ногиронлар учун шароитлар йўқлиги – 37,5 фоиз.

Ўйин майдончалари ва спорт майдончаларининг етишмаслиги, нархларнинг юқорилиги, ёритиш ва қўриқлаш тизимининг йўқлиги, болалар учун бепул ўйин майдончаларининг етарли эмаслиги, ахлат қутиларининг йўқлиги ва бошқа муаммолар ҳам тилга олинган.

Янги ёки таъмирланган боғларда нимани кўришни хоҳлашлари ҳақида сўралганда, респондентларнинг мутлақ кўпчилиги (87,2 фоизи) – «Яшил ҳудудларнинг кўпроқ бўлиши» деб жавоб берди. Респондентларнинг 53,1 фоизи ўқиш бурчаклари ёки очиқ осмон остидаги кутубхоналар, 44,3 фоизи ижодкорлик ва маҳорат дарслари майдонларини кўришни хоҳлашларини билдирган.

Бундан ташқари, аҳоли боғларда оилавий дам олиш жойлари, фавворалар ва сув объектлари, ариқлар, сайр қилиш жойлари (экологик меъёрларга мувофиқ), йога ва медитация зоналари, тоза ҳожатхоналар, ахлат қутилари ва болалар учун бепул ўйин майдончаларини кўришни хоҳлайди.

Сўровда қатнашганларнинг аксарияти (78,3 фоизи) ўз маҳаллаларида қўшимча парк кўришни хоҳлашини айтди. Яшнобод, Сергели ва Қумариқ (маҳаллий аэропорт яқинида) каби ҳудудлар алоҳида таъкидланган.

Хулосалар ва тавсиялар

Сўровнома иштирокчиларининг таклифлари асосида «Юксалиш» қуйидаги асосий хулосаларни ишлаб чиқди:

  • Яшиллик ва сояга эҳтиёж жуда юқори – бу респондентлар томонидан энг кўп қайд этилган муаммо;
  • «Табиий» боғларга талаб катта – одамлар аттракционларга тўла савдо масканлари эмас, тинч, яшил дам олиш жойларини маъқул кўради;
  • Aсосий инфратузилмани яхшилаш зарур – скамейкалар, соябонлар, тоза ҳожатхоналар, чиқинди қутилари, пиёда йўлакчаларини кўпайтириш керак;
  • Очиқроқ бўлиши истаги – боғлар ҳам жисмонан, ҳам молиявий жиҳатдан барча учун очиқ бўлиши лозим;
  • Янги боғларга эҳтиёж – аксарият ҳудудларда яшил майдон етишмайди ва аҳоли янги боғларни яратишни фаол қўллаб-қувватлайди.

«Юксалиш» мутахассисларининг тавсиялари:

  1. Эски боғларни реконструкция қилиш ва янги боғлар яратишда катта, сояли дарахтлар экиш ва яшил майдонларни кўпайтиришга устуворлик берилиши лозим;
  2. Боғлар ичида зоналарни аниқ ажратиш: маълум ҳудудда фаол зоналар (спорт, аттракционлар) ҳамда кенгроқ ҳудудда сокин зоналар (дам олиш, ўқиш, сайр қилиш) бўлиши керак;
  3. Савдо нуқталари ва аттракционларни жойлаштириш сиёсати рекреацион ва яшил ҳудудлар фойдасига қайта кўриб чиқилиши лозим;
  4. Ҳар бир боғда қуйидагилар бўлиши керак: етарлича скамейкалар, чиқинди қутилари (ажратилган ҳолда), бепул ва тоза ҳожатхоналар, ичимлик суви фавворалари ва ёритиш тизими;
  5. Велойўлаклар ва пиёдалар йўллари тармоғини ривожлантириш зарур;
  6. Aҳоли билан мунтазам алоқада бўлиш, уларни боғлар режалаштириши ва ривожлантириш жараёнларига жалб қилиш керак;
  7. Мавжуд яшил зоналарни қатъий ҳимоя қилиш, уларни қурилиш майдонларига айлантиришга йўл қўймаслик зарур.

Мавзуга оид