Танзила Норбоева Бухорода жиноятчиликка қарши курашиш масалаларини муҳокама қилди
16 май куни Бухоро вилояти, Ғиждувон туманида Олий Мажлис Сенати раиси бошчилигида Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашининг сайёр мажлиси бўлиб ўтди.

Фото: Олий Мажлис Сенати
Мажлисда вилоятда жиноятчилик ҳолати ва коррупцияга қарши курашиш борасида олиб борилаётган ишлар таҳлил қилинди, мавжуд муаммолар ва уларнинг асосий сабаблари батафсил муҳокама этилди.
Шунингдек, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни камайтириш, профилактика чораларини кучайтириш, ҳудуддаги хавфсизликни мустаҳкамлаш бўйича истиқболли чора-тадбирлар белгиланди.
Таъкидланганидек, 2025 йилнинг биринчи чорагида жиноятлар 19,5 фоизга камайган. Бироқ бундай жиноятлар сони ҳар 100 минг аҳолига вилоятда 13 та бўлса, Бухоро шаҳрида бу кўрсаткич энг юқори бўлган – 32 та, Когон туманида – 22 та, Когон шаҳрида – 18 та, Қоровулбозорда – 20 та, Ғиждувонда –15 та.
Олдини олиш мумкин бўлган 272 та жиноятнинг ҳар учдан бири ўғрилик, ҳар олтинчиси фирибгарлик, ҳар саккизинчиси тан жароҳати етказиш жиноятлари ташкил этган.
Жиноятчиликнинг ошишига аҳоли ўртасида асосан шахсий агрессия, ижтимоий муаммолар ҳамда руҳий босимларнинг кучайиши каби омиллар сабаб бўлгани таъкидланди.
Шунингдек, мажлисда маҳаллий ҳокимият органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизими ва жамоатчилик ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, жиноятчилик профилактикасини тизимли ташкил этиш зарурати қатъий таъкидланди. Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, киберхавфсизликни кучайтириш, ёшлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларга кўмак бериш бўйича амалий чораларни татбиқ этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Муҳокама давомида соғлиқни сақлаш тизимидаги коррупцияга қарши чора-тадбирларнинг самараси пастлиги ва тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш бўйича ишлар етарли даражада эмаслиги ҳам айтиб ўтилди. Вилоятда Жамоат соғлиқни сақлаш ахборот тизимини тўлиқ жорий этиш учун мутасаддиларнинг масъулиятини ошириш зарурати қайд этилди.
Мажлис якунида коррупцияга қарши курашишда очиқ ва ошкора танлов асосида кадрларни танлаш, тиббиёт ходимлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш ҳамда аҳолининг ахборот тизимларидан самарали фойдаланишини таъминлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Шунингдек, Бухоро вилоятида жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган ишларни доимий назорат қилиш, самарали профилактика тизимини яратиш ва аҳолининг ҳуқуқий онгини юксалтириш бўйича кенг қамровли чора-тадбирларни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилди.
Мажлис якунида ўзларига юклатилган вазифалар ижросига масъулиятсизлик билан ёндашган мактабгача ва мактаб, соғлиқни сақлаш, экология ва табиатни муҳофаза қилиш, маданият, пенсия, ободонлаштириш, кадастр, банк соҳаларидаги раҳбарларга, айрим ҳоким ўринбосарларига лавозимдан озод қилишгача бўлган чоралар кўриш юзасидан топшириқлар берилди.
Мавзуга оид

14:39 / 16.05.2025
Бухорода йўлдан ўтаётган аёл экскаватор босиб кетиши оқибатида ҳалок бўлди

19:05 / 12.05.2025
Бухоро шаҳрида 3 та машина ёниб кетди

14:03 / 11.05.2025
Бухоро ва Хоразмни боғловчи йўлни чигирткалар босди

10:12 / 01.05.2025