Украина хориждан қурол харидларида 770 млн йўқотди
Россия ҳужуми туфайли Украина зудлик билан чет элдан қурол сотиб олишга мажбур бўлди. Камида 30 та битимда Киев етказиб берувчилар билан боғлиқ муаммолар ва коррупция туфайли қурол олмади.

Фото: The Presidential Office Ukraine/SvenSimon/picture alliance
Россиянинг кенг кўламли ҳужуми Украинани зудлик билан ва катта миқдорда чет элдан қурол ва ўқ-дориларни сотиб олишга мажбур қилди. Аммо тузилган шартномаларнинг ҳаммаси ҳам бажарилмади – у хорижлик етказиб берувчиларнинг ҳаракатлари ва ўз тузилмаларида юзага келган коррупцион схемалар туфайли камида 30 та олдиндан тўлов битимлари бўйича қурол олмади, деб ёзади Британиянинг The Financial Times (FT) газетаси 16 май, жума куни суриштирув натижаларига кўра.
Журналистлар аниқлаганидек, уч йилдан ортиқ давом этаётган уруш давомида Украина чет эллик савдогарларга етказиб берилмаган, қисман етказиб берилган ёки яроқсиз бўлиб қолган ҳар хил турдаги қурол ва ўқ-дорилар учун аванс сифатида 770 миллион доллар тўлаган. Бу Украинанинг йиллик қурол-яроғ бюджетининг муҳим қисми бўлиб, 6-8 миллиард долларни ташкил этади, дея ёзади FT.
Украина ҳуқуқ-тартибот идоралари хорижий қурол-яроғ брокерлари билан тузилган ўнлаб шартномаларни текширмоқда. Айрим ҳолларда харидлар билан шуғулланган мансабдор шахсларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган бўлса-да, ҳозирча уларнинг бирортасига нисбатан айблов қўйилмаган.
Жиноий тергов, хусусан, Украина Мудофаа вазирлигининг Ҳарбий-техник сиёсат, қурол-яроғ ва ҳарбий техникани ривожлантириш департаментини бошқарган Тоомас Нахкур ва Александр Лиевга қаратилган. Улар, шунингдек, «Львовский арсенал» компанияси менежерлари ва хорижий фирма вакили Хорватиядан Украина Қуролли кучлари учун 100 минг дона миномёт снаряди сотиб олиш вақтида бюджет маблағларидан деярли 1,5 миллиард гривна (36,2 миллион доллар) ўғирлашга уринганликда гумон қилинмоқда. Айтилишича, 12,5 миллион доллар аванс тўлови турли воситачилар томонидан таъминот занжирига алоқадор бўлмаган фаолиятга сарфланган.
Нахкур ва Лиев қонунбузарликларни рад этиб, ўз мамлакатлари омон қолиш учун курашаётган бир вазиятда қурол ва ўқ-дориларни ҳар қандай йўл билан топиш учун доимий босим остида эканликларини айтишди.
Мавзуга оид

18:55
Путин Украинага оид АҚШ тинчлик режасини Уиткофф билан муҳокама қилишни истамади

16:28
Кремль Путин-Зеленский учрашуви қачон ўтказилиши мумкинлигини маълум қилди

15:15
Украинага ҳалок бўлган 909 ҳарбийнинг жасади қайтарилди

13:33