Ўзбекистон | 15:26
3445
6 дақиқада ўқилади

“Сиртқи таълим ёпилса, ҳеч нарса йўқотмаймиз” – мутахассислар билан суҳбат

Ўзбекистонда сиртқи таълим тугатилмоқда. Кun.uz бу тўғри қарор бўлдими ёки йўқ – соҳа мутахассислари билан таҳлил қилди. Таълим масаласида эксперт Азамат Акбаров ва ҳуқуқшунос, хусусий ОТМ эгаси Бектош Хатамов фикрлари қарама-қаршилигида ўтган суҳбатда сиртқи таълим ўзи нимага очилгани, унинг ёпилиши таъсир доирага эгами ёки йўқ, унинг муқобили қандай бўлиши каби масалалар муҳокама қилинди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Янги ўқув йилидан бошлаб ОТМнинг сиртқи таълимига қабул тўхтатилади. Бу президентнинг тегишли фармонида назарда тутилди. Айни ҳужжат билан университетлар устидан назорат ҳам кучайтирилмоқда. 2017 йилдан бери мавжуд тизимдан нега воз кечиляпти? Бу қанчалик тўғри ёки хато қарор бўлди?

Kun.uz айни мавзу атрофидаги саволлар билан мутахассисларга юзланди. Интервюда таълим масалаларида мутахассис Азамат Акбаров ҳамда ҳуқуқшунос Бектош Хотамов иштирок этди.

Азамат Акбаровнинг таъкидлашича, олий таълимда сиртқиларнинг тугатилиши тўғри қарор бўлган. У бундай тизим бир неча йиллар давомида университетлар томонидан суиистеъмол қилингани, ҳаддан зиёд талабаларни қабул қилиб, сифат масаласи кейинги ўринларга тушиб қолганини айтмоқда.

Уларга бериладиган таълим, яъни ўша таълим шакли қай тарзда берилди ва талабалар қанча билимга эга бўлди? Мен ўйлайманки аслида сиртқи таълим бошқа шаклларда очилиши керак эди.

Ҳозир жуда кўп ижтимоий тармоқларда айтиладиган ўша “part time” ёки масофавий таълим шаклида. Дунёда юз йиллар давомида бор бўлган масофавий таълим 120 йиллик тарихга эга. Бизда нима учундир бунга ўтилмади ва ўша совет мафкурасидан, ўша совет даврида бор бўлган сиртқи таълим борлигича давом эттирилди.

Баъзи университетлар ўзидан қўшимча сармоя инвестиция киритиб, сиртқи таълимни имкон қадар бойитишга ҳаракат қилишди. Кўпроқ масалан, ўша билимлар кўникмаларга эга талабаларни чиқаришди. Баъзилари эса фақатгина борми-бор…

Шундай йўлдан кетишгани учун бу резонанс бўлди ва маълум университетларнинг соясида бошқа университетлар ҳам жабр кўрди,”– дейди Акбаров.

Ҳуқуқшунос Бектош Хотамов эса аксинча бундай фикрда эмас, у сиртқи таълим шакли ёпилишига қарши ва бунинг ортидан муаммолар юзага келишидан хавотирда.

Ишлаб турган мутахассисда фақатгина диплом олиш учун сиртқи таълимда ўқиш имконияти бор. Унинг бошқача имконияти йўқ-да. У тўрт йил эрталабдан кечгача келиб ўқий олмайди. Уларга ҳам имконият яратилиши керак эди ва бу яратилганди. 1999 йилда биринчи марта ёпилган бўлса, ўшангача ҳам ўзи сиртқи таълим бор эди. Лекин 2017 йилда мана ҳукумат тушуниб етдики, ҳа, бу сиртқи таълим керак экан деган. Чунки биргина халқ таълимининг ўзида жудаям кўп ўқитувчилар бор эдики, улар ўрта махсус диплом билан дарс бериб юришган эди, шуларга имконият яратилган эди.

Статистикани кўтарган бўлсак, республика бўйича 700 мингдан ортиқ сиртқи таълимда ўқийдиган талабалар бор. Агар ўртача ҳисобда битта талаба йилига минг доллардан пул тўлайдиган бўлса, яъни ўрта ҳисобда қаердадир масалан 2 минг, қаердадир 900 доллар тўлаши мумкин, 700 минг талаба дегани, бу йилига 700 миллион дегани, айланма бўлади. Агар биз шу сиртқи таълимни ҳозир ёпсак, бу билан сиртқи таълимга талаб тушиб қолмайди. Яъни, бу болалар ҳам қаердадир ўқиши керак. Шу пайтгача нима бўлаётган эди? Шу пайтгача мана шу талабалар Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистонда ўқиб юришган эди, 2017 йилгача. Энди шу оқим яна қайтиб Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистонга чиқиб кетади, бу ўз-ўзидан пул чиқиб кетишини англатади”, – дейди Хатамов.

Суҳбат давомида 2 мутахассис сиртқи таълимнинг сифати устида тортишишди. Қарама-қарши фикрга эга экспертларимиз бу борада Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ўрганиш, тадқиқотлар олиб борилиши лозимлигини, шулар асосида сиртқи таълим шаклини тугатиш ёки тугатмаслик қарорини бериш тўғрилигини билдиришди.

Шунингдек, ҳуқуқшунос Бектош Хотамов сиртқи таълимнинг муқобили сифатида фармонда кўзда тутилган масофавий таълим шакли кириб келаётганини ижобий баҳолади. Аммо унинг айтишича, бунда ОТМга қўйилаётган айрим талаблар адолатлилик принципига зид.

Фармоннинг ўзи олдинги қонунчиликка тўғри келмаяпти. Қайси маънода? Фармонга кўра, энди университетлар биринчи июндан бошлаб биринчи октябргача [талабаларни] қабул қила олади, яъни фақатгина тўрт ой қабул қила олади. Олдинлари хоҳлаган ойда қабул қилиш имконияти бор эди. Окей дедик.

Энди фармонда яна деяпти: “олдин кундузги таълимга одам қабул қилиб оласан, кейин [масофавий таълимга шунинг] 50 фоизи. Сен 1000 та одам кундузгига қабул қилдинг. Яъни ўзи тўрт ой вақтинг бор. Тўрт ойда, яъни октябргача кундузгига қабул қиласан-да, ана ундан кейин ўша 1000 та одамнинг 50 фоиздан ошмаганини масофавийга қабул қиласан. Яъни бу аслида энди умумий ҳисобда 1500 нафар одамнинг максимуми бўлади дегани.

Энди яна битта жойга эътибор беринг, ҳуқуқий жойи. Хўп, мен биринчи октябрда қабулни тугатдим. Кундузгимнинг натижаси 1000 та бўлди. Лекин нариги ундан олдинги қарорга кўра, мен энди биринчи октябрдан кейин қабул қила олмайман. Улгурмаймиз”, – дейди Хатамов.

Бундан ташқари, иккала мутахассисларимиз ҳам фармон билан ташкил қилинаётган ва ОТМнинг лицензияларини навбатдан ташқари текширувлар орқали бекор қилиш ваколатига эга Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги ташкил қилинишига қарши эканини қайд этган. Уларнинг фикрича, бу таълимни ва соҳадаги бозор муҳитини ўлдиради. Суҳбатнинг тўлиқ шаклини юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.

Мавзуга оид