Жаҳон | 22:28 / 20.05.2025
1468
4 дақиқада ўқилади

Трампнинг савдо уруши: у Хитойга ён бердими?

АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо уруши глобал иқтисодиётда силкинишларга сабаб бўлди. Лекин орадан бир ой ўтиб, икки давлат ўзаро божларни урушгача бўлган даражага қайтаришга келишиб олди. Мавзу – Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастури муҳокамасида.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

— АҚШ–Хитой савдо уруши 90 кунга музлатилмоқда. Савдо урушида ким ғалаба қозонди?

Анвар Йўлдошев: Савдо урушида ҳеч ким ғалаба қозонмайди, АҚШ-Хитой мавзуси ҳам шундай. Трамп ҳукуматга келганидан кейин сайловчиларга қандайдир натижа кўрсатиши керак эди. Шунинг учун у турли ҳажмларда Хитойга ва 187 та давлатга божлар жорий қила бошлади.

Асосий мақсад – дунё давлатлари билан келишиб, Хитойни сиқувга олиш эди, лекин Пекин ҳам курашни давом эттирди. Трамп эса қайси давлатга божларни кўтарган бўлса, уларни музлатди ёки ён бериб келишишга мажбур бўляпти.

Шуҳрат Расул: Байден даврида АҚШнинг Хитойга қўллайдиган божлари 30 фоиз эди. Ўз навбатида, Хитойнинг Америка товарларига қўллайдиган божлари 10 фоиз эди. Икки томон ҳам тарифларни ана шу даражага қайтаришга келишди.

Хитой Америкадан кўра пастроқ, 10 фоиз бож белгилаши сабаби – бундан ортиғи Хитой иқтисодиёти учун жиддий муаммоларни келтириб чиқаради. Хитой АҚШдан озиқ-овқатлар ва бошқа муҳим товарларни харид қилади.

Савдо зиддиятини Американинг ўзи бошлади ва ўзи таслим бўлди. Трампнинг мотиви икки давлат ўртасидаги савдо дисбалансини тўғрилайман деб бошлаган эди. Лекин бу Америка ичида катта норозиликларни келтириб чиқарди. Айнан Трампга овоз берганларнинг ҳам кўпи бу урушдан зарар кўрди.

Маълумот учун: 2025 йилнинг дастлабки уч ойида АҚШ ва Хитой ўртасидаги товар савдоси ҳажми 134,5 миллиард долларни ташкил этди. Бу даврда АҚШ Хитойга 31,8 миллиард долларлик маҳсулот экспорт қилган бўлса, Хитойдан 102,7 миллиард долларлик импорт амалга оширилди.

Бектош Бердиев: Трамп шу йўл билан Хитойни тиз чўктираман деб ўйлаган эди. Лекин мана, ён беришга мажбур бўлди. АҚШ президентининг характерини ҳисобга олсак, у ҳеч қачон мен ён бердим демайди.

Трампнинг фаолиятида сиёсий мотивлар етакчи ўрин тутмайди, асосан иқтисодий келишувлар унинг учун устувор. Керак бўлса, Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин билан ҳам учрашув қилади.

Камолиддин Раббимов: Хитой ҳокимиятига ким келишидан қатъи назар, ҳокимиятга келган биринчи ойларда у Вашингтонга таклиф қилинади ва дунёдаги тартибот, геосиёсат ва геоиқтисодиёт бўйича маълум бир келишувларга эришилади. Си Жинпинг ва ундан аввалги Хитой лидерлари ҳокимиятга келганда ҳам худди шундай бўлган. Расман Вашингтонга таклиф қилинган.

Қиёсласак, Путин 1999 йилнинг декабрида ҳокимиятга келди, бирор маротаба Вашингтонга таклиф қилинмади. Бу дегани Путинга ҳар доим эҳтиёткорона қараш бўлган. Збигнев Бжезинский айтганидек, у хавфли ўйинчи. Шу тафаккур мана, ўзини оқлади.

Хитой билан АҚШ ўртасидаги муносабатларга тўғри баҳо беришимиз керак: бу иккала давлат стратегик бир-бирига рақиб, улар ўртасида савдо-иқтисодий, геосиёсий ва геомафкуравий фронтларда гибрид уруш кетяпти.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид