Спорт | 13:29 / 01.06.2025
11907
4 дақиқада ўқилади

«ПСЖ»нинг финалдаги ғалабасидан сўнг Парижда тартибсизликлар юзага келди

200 га яқин киши жароҳатланган, икки киши ҳалок бўлган. 550 дан ортиқ киши қўлга олинган.

Фото: Getty Images

Якшанбага ўтар кечаси Франция полицияси Парижда «Пари Сен-Жермен» футбол клубининг Чемпионлар лигаси финалидаги ғалабасини нишонлаш тўқнашув ва тартибсизликларга айланиб кетганидан кейин 550 дан ортиқ кишини қўлга олди.

Шанба куни «Пари Сен-Жермен» Мюнхендаги ўйинда Миланнинг «Интер» клубини 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратди ва ўз тарихида илк бор Европа клублари футболидаги энг нуфузли кубок соҳибига айланди.

Ўйинни томоша қилиш ва кейин ғалабани нишонлаш учун Париж марказидаги Елисей майдонлари ва «Пари Сен-Жермен»нинг уй аренаси бўлган «Парк де Пренс» стадиони ёнида 50 мингга яқин мухлис йиғилди.

Мухлисларнинг кўпчилиги ўзларини осойишта тутишар, уларнинг кўпчилиги Париж кўчаларида қўшиқ айтишар ва рақсга тушишарди.

Эйфел минораси «Пари Сен-Жермен» рангларига бўялган, Франция президенти Эммануэл Макрон Х тармоғидаги аккаунтида клубни табриклади: «„ПСЖ“ учун ажойиб кун! Баракалла, ҳаммамиз фахрланамиз. Бугун кечқурун Париж Европанинг пойтахтига айланди».

Бироқ байрамни нишонлаётган баъзи мухлислар мушакбозлик, машиналарга ўт қўйиш ва автобус бекатларини бузишга киришди. Полиция билан тўқнашувлар бошланди.

Франция пойтахти кўчаларида 5,4 мингга яқин полициячи бўлган.

Ҳибсга олинган 559 кишининг аксарияти тартибсизликларда, шунингдек, мушакбозлик уюштиришда гумон қилинмоқда.

«Елисей майдонларида тартибсизликлар уюштиришга уринганлар полиция билан доимий равишда тўқнашувларга киришган, катта мушакбозлик ва бошқа объектларни улоқтиришган», – дейилади полиция хабарида.

Le Figaro нашри ёзишича, ҳибсга олинганларнинг аксарияти – 491 киши – Парижда. Жами 320 нафар тартиббузар қамоққа олинган.

Расмийларга кўра, тартибсизликлар чоғида камида 192 киши, жумладан 22 нафар хавфсизлик ходими ва етти нафар ўт ўчирувчи жароҳатланган.

Полиция ўт қўйиш билан боғлиқ 692 та ҳолатни қайд этган, жумладан 264 та транспорт воситаси ёқиб юборилган.

Икки киши ҳалок бўлди. Дакс коммунасида 17 ёшли ўсмир кўчада ғалабани нишонлаш пайтида пичоқ зарбасидан жароҳат олган. Жабрланувчи шифохонага етказилган ва у ерда жон берган.

Парижнинг 15-округида байрам вақтида скутерда кетаётган аёлни эса машина уриб кетди.

Греноблда автомобил байрамни нишонлаётган оломон устига бостириб келган, оқибатда тўрт киши жароҳатланган. Улар икки нафари оғир аҳволда.

Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган кадрларда баъзи одамлар Елисей майдонидаги дўконларга, жумладан, Chanel мода бутиги ва Foot Locker пойабзал дўконига бостириб киришга уринаётганини кўриш мумкин.

Маълум қилинишича, полиция Ғалаба аркаси томон ўтмоқчи бўлган оломонни тарқатиш учун сув пуркагичдан фойдаланган, шунингдек, кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланилгани ҳақида ҳам маълумотлар бор.

Полиция билан тўқнашувлар Париж ҳалқа йўлида ҳам содир бўлди. «Парк де Пренс» стадиони яқинида камида иккита машина ёқиб юборилган.

Франция ички ишлар вазири Бруно Ретайо ижтимоий тармоқдаги саҳифасида шундай ёзди: «„“нинг ҳақиқий мухлислари ўз жамоасининг ажойиб ўйинидан завқланишмоқда. Бу орада варварлар жиноят қилиш ва полицияни провокация қилиш учун Париж кўчаларига чиқишди».

Якшанба куни «ПСЖ» футболчилари Елисей майдонларида ғалаба парадини ўтказади, унда ўн минглаб мухлислар иштирок этиши кутилмоқда. Макрон офиси президент футболчиларни Чемпионлар лигасидаги ғалаба билан табриклаш учун қабул қилишини билдирган.

Мавзуга оид