Ўзбекистон | 21:59 / 02.06.2025
3099
5 дақиқада ўқилади

2 июн янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

БААга киришда муаммога дуч келган Ўзбекистон фуқаролари, Таълим сифати паст бўлган мактаблар рўйхати тасдиқланди, тез ёрдам машинасига йўл бермаган L9 ҳайдовчи жаримага тортилди — ўтган кун давомида Kun.uzʼда ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

БАА аэропортида 100 дан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари ушлаб турилди

Тошкент—Шаржа рейси билан футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаши доирасидаги БАА–Ўзбекистон ўйинини томоша қилиш учун 2 июн куни амирликка учиб келган юзлаб ўзбекистонликлар Шаржа аэропортида ушлаб турилибди.

Таъкидланишича, аэропортда дастлаб аёллар ва ёши катта инсонларни ўтказишган, қолган эркаклардан қўшимча ҳужжатлар, хусусан, биринчи марта келаётгани учун анкета тўлдириш, меҳмонхона банд қилгани ҳақида ҳужжат ва қайтиш билетлари нусхаси сўралмоқда.

Маълум бўлишича, БААга ўзбекларнинг киритилмаслиги ҳолати кеча ҳам содир бўлган. 1 июн кунги рейс билан БААга борган ўзбекистонлик журналистлар ҳам 8 соатга яқин аэропортда ушлаб турилгани айтилмоқда.

Тармоқларда, шунингдек, Тошкент шаҳар туризм бошқармаси пойтахтда туризм соҳасида фаолият юритадиган тадбиркорлик субъектларига жўнатган хати тарқалди.

Хатда Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик-ҳуқуқий департаментининг мурожаати ҳақида сўз боради. Унда Ўзбекистондан бораётган 5 минг футбол мухлислари стадионга сиғмаслик эҳтимоли юқори экани, бу эса хавфсизлик билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқариши мумкинлиги айтилади. Шу сабаб БАА аэропортларида ўзбекистонликлар орқага қайтарилаётгани инобатга олиниб, турфирмаларга туристларни турпакетлар орқали юборишни вақтинча тўхтатиш тавсия этилмоқда.

Ўз навбатида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги БААдаги турли аэропортлар орқали мамлакат ҳудудига кириб келаётган Ўзбекистон фуқароларининг текширувлари чўзилиб кетаётган ҳолатларни алоҳида мониторинг қилиб борилаётганини билдирди.

«Айни пайтда фуқароларимизнинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун барча чора-тадбирлар кўрилмоқда. Мамлакатимизнинг Абу-Даби шаҳридаги элчихонаси ҳамда Дубай шаҳридаги Бош консулхонаси БААнинг тегишли ташкилотлари билан ушбу масалада зудлик билан музокаралар ўтказди ва вазиятни яхшилаш бўйича доимий алоқада бўлиб турмоқда», — дейилади хабарда.

БАА томони маълумотларига кўра, мамлакатда турли халқаро тадбирлар муносабати билан хавфсизлик чоралари кучайтирилгани сабабли аэропортларда текширув вақтлари чўзилиб кетяпти.

Вазирликнинг қайд этишича, ҳозирда Ўзбекистон фуқароларини тезлик билан текширувдан ўтказиш учун барча имкониятлар сафарбар этилган ва натижада улар мамлакат ҳудудига кириб келишни бошлаган.

Таълим сифати паст бўлган мактаблар рўйхати тасдиқланди

Мактабгача ва мактаб таълими вазири томонидан Ўзбекистонда «таълим даражаси юқори бўлмаган» мактаблар рўйхати тасдиқланди.

Рўйхатга 460 та мактаб киритилди. Бундай мактабларнинг энг кўпи — 99 таси Қашқадарё вилоятида жойлашган. Ундан кейинги ўриндан Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари жой олган.

«Халқ таълими инфо» портали маълумотларида келтирилишича, 2023 йилда шундай мактаблар рўйхатда 642 та, 2024 йилда эса 545 тани ташкил этган. Бу йил таълим сифати паст бўлган мактаблар сони 75 тага қисқарган.

Таълим сифати паст бўлган мактабларга бошқа ҳудудлардан жалб этилган ўқитувчиларга устама тўланади.

Таълим даражаси юқори бўлмаган мактаблар рўйхатини шакллантириш мезонлари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ва инспекция томонидан ишлаб чиқилади ҳамда тасдиқланади. Бунда мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш натижалари, мактабнинг рейтинги, «Замонавий мактаб»га қўйилган талаблар асосида баҳолаш натижалари инобатга олинади.

Тез ёрдам машинасига йўл бермаган ҳайдовчи жаримага тортилди

Ижтимоий тармоқларда Lixian L9 автомашинаси тез ёрдам машинасига йўл бермагани акс этган видеотасвирлар тарқалди. Унда тез ёрдам ҳайдовчилари сирена ва овоз кучайтиргич билан бир неча бор огоҳлантириш берса ҳам, олдиндаги машина уларга йўл бермагани кўринади.

Йўл патрул хизмати ходимлари томонидан Тошкентда мазкур ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик кодексининг 128-моддаси 5-банди билан баённома расмийлаштирилди. Бу турдаги қоидабузарлик учун БҲМнинг 5 баравари миқдорида – 1 миллион 875 минг сўм жарима кўзда тутилган.

Таъкидланишича, ҳайдовчи «эътиборсизлик қилиб қўйгани, йўл сўралганини кўрмай қолгани»ни айтиб узр сўраган.

«Ҳар кимнинг бошида бор бу. Ҳайдовчилардан илтимос қилган бўлардик, сирена билан келаётган махсус автомашиналарга иложи борича йўл беришсин», – дейди тез тиббий ёрдам машинаси ҳайдовчиси.

Ижтимоий тармоқ фаоллари, блогерлар жазо тизимини инсонпарварлик нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқишни, одамлар хавфсизлигини устун қўядиган тизим кераклиги, пул ишлаш учун ўйлаб топилган қоидалар-у жазоларни йўқотиш кераклигини таъкидламоқда.

Шунингдек, ушбу ҳолатда сирена овозини эшитмаслик мумкин эмаслиги, бундан кейин тез ёрдамга йўл бермаганларнинг машинасини мусодара қилиш зарурлигини айтганлар ҳам бўлди.

Мавзуга оид