3 июн янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар 10 фоизга оширилади, Жиззахда фирибгарликда гумонланаётган «металлолом»чи қўлга олинди, Президент Бўрижарда чўкаётган қизларни қутқариб ҳалок бўлган фуқарони мукофотлади — ўтган кун давомида Kun.uzʼда ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар оширилади
Президент фармонига кўра, 2025 йил 1 июлдан бошлаб пенсиялар ва нафақалар ҳамда кам таъминланган оилаларга болалар нафақалари ва моддий ёрдам тўловлари миқдорлари 10 фоизга оширилади.
Хусусан, ёшга доир энг кам пенсия миқдори – ойига 918 минг сўм, ногиронлик пенсияларининг энг кам миқдори — 1 миллион 12 минг сўм, кам таъминланган оилалар учун моддий ёрдамнинг ойлик миқдори эса 420 минг сўм этиб белгиланади.
1 августдан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади.
Ҳозирда 375 минг сўмни ташкил этаётган базавий ҳисоблаш миқдори 412 минг сўм деб белгиланади. Шу санадан бошлаб, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 1 миллион 271 минг сўмни ташкил этади.
Бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақлари, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдори оширилиши билан боғлиқ харажатлар Давлат бюджети ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланиши кўрсатилган.
2030 йилгача 1,5 миллион гектарда ўрмонлар барпо этилади
«Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, ўрмон фонди ресурсларидан самарали фойдаланишнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари белгиланди.
Унга кўра, 2030 йилгача 1,5 миллион гектарда ўрмонлар барпо этилади. Шунингдек, 9,2 минг тонна дарахт ва бута уруғларини тайёрлаш ҳамда 919 миллион дона ниҳол ва кўчатларни етиштириш йўлга қўйилади.
Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги «Ўрмонтехносервис» давлат унитар корхонаси негизида «Ўрмон хўжалигини рақамлаштириш маркази» давлат муассасаси ташкил этилади.
Марказ «Ақлли ўрмон хўжалиги» ахборот платформасининг ягона оператори ҳисобланади. У ўрмон ресурсларини бошқариш жараёнларини рақамлаштириш, уларнинг ҳолатини реал вақт режимида мониторинг қилиш; ўрмон хўжалиги соҳаси фаолияти замонавий технологиялар, сунъий интеллект ва интеграциялашган ахборот тизимлари орқали самарали бошқарилишини таъминлаш билан шуғулланади.
Жиззахда «металлолом»чи қўлга олинди
Турли вилоятларда яшовчи кўплаб инсонларни чув тушириб кетган жиззахлик Шоҳрух Абдуназаров қўлга олинди.
Жиззах вилояти ИИБнинг Kun. uz’га маълум қилишича, 1999 йилда туғилган Шоҳрух Абдуназаров 2025 йил 2 июн куни ички ишлар тергов бўлими ходимлари томонидан ушланиб, қамоққа олинган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг «фирибгарлик» моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Kun.uz олдинроқ Шоҳрух Абдуназаровнинг фирибгарлик схемаси ҳақида суриштирув эълон қилганди. 26 ёшли йигит OLX платформаси орқали эски оғир вазнли транспорт воситаларини топиб, олдиндан 5-10 миллион сўм берган ҳолда насияга сотиб олган. Сўнгра уларни металлоломга топшириб, пуллаб юборган.
Жиззах вилояти ИИБ матбуот котиби ҳолат юзасидан расмий муносабат билдириб, Шоҳрух Абдуназаровга нисбатан жорий йил 2 май куни жиноят иши қўзғатилганини, уни мажбурий келтириш чоралари кўрилаётганини, агар бу самара бермаса сиртдан қамоққа олиш чораси кўрилиб, қидирув эълон қилинишини маълум қилганди.
Президент Бўрижарда чўкаётган қизларни қутқариб ҳалок бўлган фуқарони мукофотлади
Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги Бўрижар каналида чўкаётган қизни қутқараётиб ҳалок бўлган Абдуманноп Самиқовни «Жасорат» медали билан мукофотлаш тўғрисида фармон имзолади.
Шунингдек, қизалоқларни қутқаришда жонбозлик кўрсатган Бўрижар спорт мажмуаси ишчиси Нурмуҳаммад Мамасолиев ҳам «Жасорат» медали билан тақдирланди.
Май бошларида Яккасарой туманида яшовчи икки нафар қиз каналга тушиб кетганди. Буни кўрган Абдуманноп Самиқов ўзини сувга ташлаб, норасидалар ҳаётини сақлаб қолган. Аммо унинг ўзи қаҳрамонларча ҳалок бўлган.
«Давлатимиз раҳбари бу жасорат тарихини юрагига яқин олиб, аввало, марҳумнинг рафиқаси ва фарзандларига ҳамдардлик билдирди», — деб ёзади президент матбуот котиби Шерзод Асадов.
Мавзуга оид

21:58
5 июн янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

22:31 / 04.06.2025
Nexia остида қолган аёл, 361 кг эшак гўшти ва коррупционер ҳоким ёрдамчилари - 4 июн янгиликлари

21:59 / 02.06.2025
2 июн янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

22:30 / 30.05.2025