Жамият | 21:03 / 04.06.2025
28034
4 дақиқада ўқилади

“Килосини 20 минг сўмдан сотардим” – эшак гўшти сотиб келган йигит иқрори

Ишлаш учун Тошкент шаҳрига келган 30 ёшли йигит эшак сўйиб сотиш билан шуғулланган. У Тошкент вилоятининг Пискент ва Ўрта Чирчиқ туманлари ҳудудида маҳаллий аҳолидан 100-200 минг сўмга эшак сотиб олиб, гўштини Паркентдаги сомсапазнинг ўғлига пуллаб келган. Ишлари юришиб кетган қассоб 2 ойда 32 та эшакни сўйиб сотган.

Иллюстратив фото

Тошкент вилоятида эшак сўйиб сотган йигит ва ушбу гўштни харид қилганлар жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳукми билан танишди.

Суд ҳужжатида келтирилишича, 2025 йил 7 январ куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан Тошкент вилоятида тезкор ўрганиш ўтказилган. Унда маҳалла ҳудудидаги қаровсиз дала шийпонида 23 та тирик ва 15 та сўйилган ҳолдаги эшак топилган.

2025 йил 9 январ куни Ҳикмат (материалдаги барча исмлар ўзгартирилган) дала шийпонида эшакларни сўйиб, гўштини истеъмол учун ўтказиш мақсадида олиб кетаётганда Нурафшон шаҳри ҳудудида ушланган. Тадбир давомида у 200 кг эшак гўштини Тошкент шаҳрида яшовчи Асомиддинга килосини 20 минг сўмдан сотишга келишганини айтган. Ҳикмат ўз ихтиёри билан тезкор тадбирда иштирок этишини маълум қилиб, айбига иқрорлик ва пушаймонлик билдирган.

Ҳикматнинг аризаси асосида тадбир давом эттирилган: Миробод тумани ҳудудида ўтказилган тезкор тадбирда Асомиддин Ҳикматдан 193 кг эшак гўштини 3 млн 860 минг сўмга сотиб олган вақтида ушланган. Шунингдек, тадбир давомида Асомиддиннинг яшаш хонадонидан 60 кг номаълум ҳайвон гўшти топилиб, процессуал тартибда расмийлаштирилиб олинган. Асомиддин Толиб билан бирга ушбу гўштни Паркент тумани Гулистон маҳалласи ҳудудидаги сомсахонада сомса тайёрлаш ва истеъмолчиларга сотиш мақсадида ишлатиши аниқланган. Сомсахонадан 20 кг номаълум ҳайвон гўшти ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

Туман Ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат маркази “салмонеллёз ва ичак таёқчалари ифлосланиш даражаси ўта юқори”лиги туфайли ушбу гўшт маҳсулотлари истеъмолга яроқсизлиги ҳақида хулоса берган.

Ҳикмат судда айбига тўлиқ иқрорлик билдирган.

2024 йил декабр ойларида ишлаш мақсадида Тошкент шаҳрига келдим. Иш қидириб юрган вақтимда бир танишим билан қўнғироқлашиб, иш тополмаётганимни айтдим. У менга Асомиддиннинг телефон рақамини бериб, эшак гўшти сотиб олишини, эшак сўйиб унга сотишим мумкинлигини маълум қилди. Шундан сўнг Асомиддинга қўнғироқ қилдим. У менга эшак гўштининг килосини 20 минг сўмдан сотиб олишини билдирди.

Тошкент вилоятининг Пискент, Ўрта Чирчиқ туманлари ҳудудларида истиқомат қилувчи маҳаллий аҳолидан донасини 100-200 минг сўмдан эшак сотиб ола бошладим. Сўнгра ушбу эшакларни сўйиш учун жой қидирдим. Шунда Галлақудуқ маҳалласидаги эски ферма биносини топдим ва чўпон билан келишдим. Унга эшак гўштини ҳайвонот боғига топширишимни айтиб, ёлғон гапирдим.

Эски фермага жами 57 та эшак олиб бориб қўйдим. 2024 йил декабр ойидан 2025 йил январ ойига қадар эшакларнинг 32 тасини ферма ҳудудида ўзим сўйиб, гўштини Асомиддинга сотиб келдим”, деган Ҳикмат ўз кўрсатмасида.

У қилмишидан пушаймонлигини, ўзига тегишли хулоса чиқарганини айтиб, суддан енгиллик сўраган.

Асомиддин ҳам судда айбига тўлиқ иқрорлик билдирган. У Ҳикматга мол гўшти сотиб олишини айтганини билдириб, қилмишидан пушаймонлигини маълум қилган.

Толиб эса судда Паркент тумани ҳудудида сомса ёпиш билан шуғулланишини, сомса учун гўштни ўзи Қўйлиқ деҳқон бозоридан олиб келишини, кунига 150-200 дона гўштли, 40-50 дона картошкали сомса ёпишини айтган.

Суд ҳукми билан Ҳикмат, Асомиддин ва Толиб хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш жиноятини содир этганликда айбли деб топилган. Ҳикмат ва Асомиддинга 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш, Толибга эса 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Олдинроқ Қашқадарёдан Тошкент шаҳрига 361 кг эшак гўштини олиб кетаётган ҳайдовчи Сирдарёда тўхтатиб қолинганди.

Kun.uz бундан 2 йил олдин пойтахтга ташилаётган ўлакса гўшт ҳақида суриштирув қилганди. Ушбу суриштирувда келтирилган муаммо ва ҳолатлар ҳамон долзарблигича қолмоқда.

Мавзуга оид