Ўзбекистон | 21:58 / 05.06.2025
1889
5 дақиқада ўқилади

5 июн янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Янги ўқув йили учун абитуриентларни рўйхатга олиш бошланди, Қозоғистон билан чегарадаги тирбандлик бартараф этилди, Тошкент-Исломобод йўналишида авиақатновлар йўлга қўйилади — ўтган кун давомида Kun.uzʼда ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Абитуриентларни рўйхатга олиш бошланди

Бугун, 5 июндан 2025–2026 ўқув йили учун абитуриентларни рўйхатга олиш бошланди.

Абитуриентлар ўз танловига кўра, тест синови натижасида тўплаган баллига асосан дастлаб олий таълимнинг бакалавриат таълим йўналишларига, сўнг профессионал таълим муассасаларига ўқишга кириш учун танловда иштирок этади.

Олий ва профессионал таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича кириш имтиҳонлари июл–август ойларида ўтказилади.

Қабул жараёнининг биринчи босқичида абитуриентлар 5 июндан 25 июнгача тест синови топшириш учун рўйхатдан ўтади ҳамда тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси, таълим тили ва тест топшириш ҳудудини, шунингдек, кириш имтиҳонлари таркибида касбий-ижодий имтиҳон бўлса, ушбу имтиҳонни топширадиган давлат ОТМни танлайди.

Иккинчи босқичда эса абитуриентлар тест синовлари тўлиқ якунланганидан сўнг 15 кун давомида олий таълим муассасаси, бакалавриат таълим йўналиши ва таълим шаклини танлайди.

Олий таълим муассасаси, бакалавриат таълим йўналиши ва таълим шаклини танламаган абитуриентлар якуний танловга қўйилмайди.

Профессионал таълим муассасаларида ўқиш истагини билдирган абитуриентлар профессионал таълим муассасасини, касб ва мутахассисликни ҳамда таълим шаклини ОТМларга қабулнинг якуний натижаси эълон қилинганидан сўнг 10 кун муддатда танлайди.

Тошкент метрополитени Қурбон ҳайити куни соат 10:00 гача бепул ишлайди

«Тошкент метрополитени» Қурбон ҳайити байрами кунлари поездлар қатнови ҳамда метро иш вақти бўйича маълумот берди.

Қайд этилишича, 6 июн – Қурбон ҳайити куни йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида Тошкент метрополитени одатдагидан икки соат олдин, яъни тонгги соат 03:00 дан иш фаолиятини бошлайди. Бундан ташқари, Қурбон ҳайити байрами кунида Тошкент метрополитени соат 03:00 дан 10:00 га қадар йўловчиларга бепул хизмат кўрсатади.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасига кўра, Тошкент шаҳридаги жоме масжидларда эрталаб соат 05:10 да Қурбон ҳайити намози ўқилади.

Чегарадаги тирбандлик бартараф этилди

Тошкент вилоятидаги «Навоий» чегара божхона постида Ўзбекистон ва Қозоғистон божхона хизматлари масъулларининг сайёр учрашуви бўлиб ўтди.

Томонлар асосий эътиборни шу кунларда ўзбек-қозоқ чегара ўтказиш пунктларида кузатилаётган енгил автотранспорт воситалари тирбандлигини тезкор бартараф этишга қаратишди.

Учрашув давомида тирбандликни тезкорлик билан бартараф этиш мақсадида қўшимча куч ва воситаларни сафарбар этишга келишиб олинди.

Шунингдек, «Навоий» чегара божхона постида чиқиш йўналишида енгил автомобиллар ҳаракати камлиги сабабли ушбу йўналиш орқали Ўзбекистонга киришдаги енгил автомобилларнинг ҳаракати йўлга қўйилди.

«Кўрилган чоралар натижасида мазкур постда тирбандлик тўлиқ бартараф этилди», — дейилади Божхона қўмитаси хабарида.

Тошкент-Исломобод йўналишида авиақатновлар бошланади

Исломобод шаҳрида Ўзбекистон-Покистон бизнес-форуми ташкил этилди.

Тадбирни Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев кириш нутқи билан очиб берди. «Ўзбекистон Покистоннинг яқин ҳамкори. Бироқ ҳозирги 400 миллион долларлик савдо айланмаси бизнинг салоҳиятимизни тўлиқ акс эттирмайди. Биз бу кўрсаткични беш баробар оширишимиз мумкин», – деди дипломат.

Маърузада, шунингдек, икки мамлакат ўртасида ҳамкорлик учун устувор бўлган бир қатор соҳаларга тўхталиб ўтилди. Қишлоқ хўжалиги ва агросаноат, тўқимачилик ва терини қайта ишлаш саноати, энергетика, фармацевтика, туризм, таъминот занжирлари ва минтақавий боғлиқлик тармоқларини истиқболли ҳамкорлик йўналишлари сифатида қайд этилди.

Uzbekistan Airways авиакомпанияси бугунги кунда ҳафтасига икки марта Тошкент-Лаҳор йўналишида парвозларни амалга ошираётгани, 14 июндан бошлаб Тошкент-Исломобод йўналишида ҳам авиақатновлар бошланиши маълум қилинди. Шу боис Покистон авиакомпанияларига ҳам Ўзбекистонга янги рейсларни йўлга қўйиш таклифи билдирилди.

Мавзуга оид