Ўзбекистон | 21:35 / 09.06.2025
1841
2 дақиқада ўқилади

Тошкент халқаро аэропортида электр таъминоти ярим соатга узилиб қолди

Воқеа 5 июн куни рўй берган. Энергетика вазирлиги бу истеъмолчининг ички муаммоси бўлганини маълум қилди. Kun.uz'нинг аэропортдаги манбасига кўра, реконструкция ишлари доирасида 10 дақиқалик режали ўчириш қилинган, лекин кутилмаганда қисқа туташув юз бериб, учиб келиш залида ярим соатга яқин ток бўлмаган. Ҳолат самолётларни қабул қилиш ва учириш операцияларига таъсир кўрсатмагани айтилди.

Учиб келиш зали / Тармоққа Абу-Али Ниязметов юклаган видеодан кадрлар

5 июн куни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида 30 дақиқалик чироқ ўчиши кузатилди. Бу ҳақда аэропорт ҳудудида бўлган ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари маълум қилди.

Тармоқларда ёзишларича, чироқ йўқлиги сабаб чегара ва божхона назоратидаги техник воситалар ишламаган. Натижада катта навбатлар юзага келган, назорат пунктида одамлар тўпланиб қолгани учун қўнган самолётлар бортидан бир муддат йўловчилар туширилмаган.

Абу-Али Ниязматов исмли Facebook фойдаланувчиси аэропортдан видео ҳам жойлаган. Унда ҳақиқатан ҳам учиб келиш залида чироқ бўлмагани, юклар айланувчи лента тўхтаб қолгани, залда фақат реклама мониторлари ишлаётгани кўринади.

Воқеадан 3 кун ўтиб, ҳолатга Telegram'да блог юритадиган фаоллар эътибор қаратгач, Энергетика вазирлиги расмий муносабат билдирди.

“Аэропорт балансида бўлган 0,4 кW шитда ёки тақсимлаш пунктида носозлик рўй берган. Энергетика вазирлиги ва тизим ташкилотлари электр энергиясини аэропорт ҳудудига қадар узлуксиз ва барқарор етказиб бергани боис мазкур воқеадан хабари бўлмаган. Бундай вазиятда эса, табиийки, электр энергиясини истеъмолчигача етказиб берган мутасадди ташкилотларни айблаш ноўрин”, – дейилади вазирлик ахборотида.

Uzbekistan Airports эса ҳолатга изоҳ бермади. Компания матбуот хизмати бу борадаги Kun.uz сўровини эътиборсиз қолдирди.

Kun.uz'нинг аэропортдаги манбасига кўра, электрдан узилиш Тошкент халқаро аэропортида амалга оширилаётган реконструкция ишлари жараёнида режали амалга оширилган. Бунда 10 дақиқа таъминотдан узиш режа қилинган, лекин тармоқ кўтаролмагани сабаб узилиш 30 дақиқага чўзилиб, учиб келиш залида вақтинчалик электр ўчишига олиб келган.

Таъкидланишича, бу узилиш самолётларни қабул қилиш ва ўчириш операцияларига таъсир кўрсатмаган.

Мавзуга оид