Ўзбекистон | 23:33 / 10.06.2025
2109
7 дақиқада ўқилади

10 июн янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Ўзбекистонда Коксаки вируси тарқалаётгани рад этилди, Амирсой ҳудудидаги ресторан ёниб кетди, депутатлар 3 ойдан ортиқ чет элда бўлган фуқароларни мажбурий равишда тиббий кўрикдан ўтказишни таклиф қилди, Болгария билан ҳамкорликни кенгайтиришга оид деларация имзоланди — ўтган кун давомида Kun.uzʼда ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ўзбекистонда Коксаки вируси тарқалаётгани рад этилди

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков Ўзбекистонда Коксаки вируси тарқалаётгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, ушбу вирус илк бор АҚШнинг Коксаки шаҳрида аниқланган ва у энтеровируслар оиласига мансуб. Касаллик кўпинча болаларда учрайди. Аниқроғи, унга мойил аҳоли қатлами 3-10 ёшдаги ўғил-қизлар ҳисобланади. Катталарнинг хасталаниши эса жуда кам кузатиладиган ҳолатдир.

Коксаки вирусига учраганида болаларнинг қўл ва оёғининг олд қисми ҳамда оғзининг шиллиқ қаватида турли тошмалар пайдо бўлади. Баъзи ҳолларда ютинишнинг қийинлашиши, кичик ярачалар пайдо бўлгани учун стоматитга хос томоқда оғриқлар кузатилади. Бу эса иситма кўтарилиши ва иштаҳанинг пасайишига олиб келади.

Баъзан асосий белгиларга қўшимча равишда бош оғриғи, лимфа тугунларнинг катталашиши кабилар ҳам кузатилиши мумкин.

Касаллик, асосан, ёз ойларида болалар очиқ ва умумий чўмилиш сув ҳавзаларидан фойдаланганда ва беморлар билан бевосита мулоқот қилган вақтда юқади. Хасталикнинг яширин даври 2-10 кунгача бўлиб, баъзи ҳолларда 2-5 кун давом этади.

Мазкур хасталикни келтириб чиқарадиган вирусни дунёнинг исталган жойида учратиш мумкин. Ўзбекистонда ҳам вақти-вақти билан қайд этилади.

Нурмат Отабеков ҳозиргача Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси қошидаги ҳамда Вирусология илмий-тадқиқот институти лабораторияларида Коксаки вируси аниқлагани йўқлигини маълум қилди.

«Демак, юртимизда мазкур касалллик кенг миқёсда тарқалди деган фикрга келиш учун асос мавжуд эмас. Муҳими, Коксаки вируси учун махсус даволаш протоколлари мавжуд ва хасталик ҳеч қандай асоратларсиз тўлиқ тузалиб кетади.

Шундай бўлса-да, зинҳор ўзбошимчалик билан беморга бактерия ва вирусга қарши препаратларни бериш керак эмас. Сабаби Коксаки вирусига бу дори воситалари умуман таъсир қилмайди», — дейди мутахассис.

Амирсой ҳудудидаги ресторан ёниб кетди

Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани «Чимён» МФЙда жойлашган ёғоч конструкцияли ресторанлардан бирида ёнғин чиқди.

Фавқулодда вазиятлар бўлимига ёнғин юз бераётганида тўғрисида 10 июн куни соат 01:32 да хабар келиб тушган. Шунга кўра, 5 та ёнғин-қутқарув экипажи воқеа жойига етиб борган ва ёнғин салкам уч соатдан кейин, соат 04:20 да ўчирилган.

Ёнғин натижасида рестораннинг тахминан 300 метр квадрат майдонда томи, шифти, ички қисми ва жиҳозлари ёнган.

Ёнғин натижасида тан жароҳати олганлар тўғрисида хабар келиб тушмаган. Ҳозирда ёнғин сабаби ва зарари аниқланмоқда.

Чет элда бўлган фуқаролар мажбурий равишда тиббий кўрикдан ўтказилиши мумкин

Қонунчилик палатасидаги «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси йиғилишида «Айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Қонун лойиҳаси инсон учун хавфли бўлган юқумли касалликлар олдини олиш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, унда 90 кундан ортиқ муддатда чет элда бўлиб қайтган Ўзбекистон фуқароларини ҳамда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун мамлакатга келган хорижликларни тиббий кўрикдан ўтказиш назарда тутилмоқда.

Хусусан, узлуксиз тўқсон кун ва ундан ортиқ муддат давомида чет элда бўлиб қайтган ўн саккиз ёшдан олтмиш ёшгача бўлган Ўзбекистон фуқаролари, Ўзбекистон ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республикага кириб келаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни мажбурий равишда ОИВга тиббий текширувдан ўтказиш белгиланмоқда.

Йиғилишда ташаббускорлар депутат Шерзод Қулматовнинг нима учун 90 кун белгиланаётгани масаласига изоҳ бераркан, бу юқумли касаллик инсон организмида 90 кундан сўнг ўзини намоён қилишини қайд этди. У шунингдек, чет элдан қайтган фуқаро агар ўзининг, оиласининг соғлигини ўйласа, тезда тиббий кўрикдан ўтиши лозимлигини билдирди.

Унинг таъкидлашича, мазкур ҳужжат инсон саломатлиги учун хавф туғдирувчи юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, меҳнат миграцияси жараёнларида ижтимоий хавфсизликни таъминлаш бўйича таъсирчан ҳуқуқий механизмларни шакллантиришга хизмат қилади. Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Ўзбекистон ва Болгария ҳамкорлиги кенгайтирилади

Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Болгария президенти Румен Радевнинг расмий делегациялар иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди.

Ўзбекистон билан Болгария ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Хусусан, кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида ташқи сиёсат идоралари ўртасида тизимли алоқаларни йўлга қўйиш муҳимлиги қайд этилди. Ўзаро савдонинг ўсишини рағбатлантириш мақсадида пойтахтларда савдо уйлари очиш, лабораторияларни аккредитациядан ўтказиш ва имтиёзли кредит линиялари ажратиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Учрашув якунида Румен Радев Шавкат Мирзиёевни ўзи учун қулай вақтда жавоб ташрифи билан Болгарияга боришга таклиф этди. Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев ва Румен Радев икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисида қўшма декларация имзолади.

Етакчилар ҳузурида икки томонлама ҳужжатлар, жумладан, Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2026-2027 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури ҳамда Тошкент ва София шаҳарлари ўртасида шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги битим алмашилди.

Олий даражадаги музокаралар якунида Кўксарой қароргоҳида дарахт экиш маросими бўлди.

Президентлар халқлар дўстлиги ва ҳамкорлиги, икки томонлама муносабатлар тарихида янги саҳифа очишга муштарак интилишнинг ифодаси сифатида Фахрий меҳмонлар хиёбонида дарахт экди.

Мавзуга оид