Спорт | 08:47 / 11.06.2025
21143
3 дақиқада ўқилади

ЖЧ саралаши. Фаластин аламли тарзда қолиб кетди, Саудия плей-оффда ўйнайди

Саудия Арабистони ўз уйида Австралияга ютқазди ва мундиалга тўғридан тўғри йўлланма ололмади, Эрон охирги турда ғалаба қозониб, биринчи ўринга қайтди.

Фото: Alaa Al Sukhni/Reuters

10 июн куни Осиё қитъасида ЖЧ-2026 учинчи саралаш босқичи ўйинлари якунланди.

А гуруҳида сўнгги тур ўйинлари амалда расмиятчилик учун ўтди. Ўзбекистон Қатарни йирик ҳисобда енгиб, ўз тарихида саралаш босқичидаги энг кўп очко (21) жамғарди. Мундиал йўлланмасидан умид узиб улгурган Қирғизистон БААга қарши ўйинда 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади, Эрон эса КХДРни йирик ҳисобда енгиб (3:0) гуруҳда биринчи ўринга қайтди.

B гуруҳи

Сўнгги тур олдидан бу гуруҳда Жанубий Корея ва Иордания тўғридан тўғри йўлланмани ҳал қилганди. Фақат 3-4 ўрин учун Ироқ, Ўмон ва Фаластин даъвогарлик қилиб турганди.

Ироқ сўнгги турда Иордания устидан зафар қучди, Фаластин ва Ўмон ўртасидаги кураш эса драматик тус олди. Бу ўйинда Фаластинни фақат ғалаба қониқтирарди, Ўмон эса дуранг билан ҳам тўртинчи ўринни сақлаб қолиши мумкин эди.

Фаластинликлар иккинчи бўлим бошида Удай Ҳарубнинг голи эвазига ҳисобни очганди, аммо ўйинга қўшиб берилган бешинчи дақиқа тугаётганида мезбонлар дарвозасига пеналти белгиланди ва Иссам Ал Сабҳа пеналтини аниқ ижро этиб, фаластинликларни гуруҳда қолдириб кетди.

C гуруҳи

Бу гуруҳда эса сўнгги тур олдидан тўғридан тўғри йўлланмаларнинг фақат биттаси эгасини топганди, Япония анча олдинроқ масалани ҳал қилганди. Иккинчи ўриндаги Австралия ва учинчи ўриндаги Саудия Арабистони ўртасида уч очколик фарқ сақланиб қолганди ва сўнгги турда саудияликлар ўзаро ўйинда йирик ҳисобда ғалаба қозониб, иккинчи кўтарилиши мумкин эди.

Аммо Саудия ўз майдонидаги ўйинда ҳисобда олдинда бораётиб, ютқазиб қўйди (1:2) ва қўшимча имкониятдан фойдаланадиган бўлди.

Шу тариқа учта гуруҳдан қуйидаги жамоалар ЖЧ-2026 турнирига тўғридан тўғри йўлланмага эга бўлди: Япония, Эрон, Ўзбекистон, Иордания, Жанубий Корея ва Австралия.

Қуйидаги олти жамоа эса плей-оффда иштирок этади: : БАА, Қатар, Ироқ, Уммон, Саудия Арабистони ва Индонезия.

Бу олти миллий жамоа 3 тадан 2 та гуруҳга бўлинишади. Ўйнлар марказлашган ҳолда ўтказилади. Гуруҳда 1-ўринни олган терма жамоалар ЖЧ-2026 йўлланмасига эга бўлишади.

Иккинчи ўринни олганлар ўзар учрашишади, ғолиб қитъалараро плей оффда яна битта йўлланма учун ҳаракат қилиб кўради. Яъниким, Осиёдан яна иккита ёки учта терма жамоа ЖЧ-2026 иштирокчисига айланади.

Мавзуга оид