Иқтисодиёт | 14:44 / 11.06.2025
2324
6 дақиқада ўқилади

“Ортга қайтмас ислоҳотларимизни изчил давом эттирамиз” — Шавкат Мирзиёев инвесторлар билан учрашди

Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг учинчи ялпи мажлисида Шавкат Мирзиёев кенгаш котибиятининг мустақиллигини ошириб, уни юридик шахсга айлантиришни таклиф қилди. Электр тармоғига уланиш, гаров тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш ва солиқ маъмурчилиги бўйича ишчи гуруҳлар тузилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

11 июн куни Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг учинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган тадбирда Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одил Рено-Бассо, Masdar, Indorama, ACWA Power, Vision Invest, DataVolt, Veon, Boeing, Air Products, SpaceX, Meta, John Deere, Franklin Templeton, Suez, EDF, Total Energies, Voltalia, Orano, Linde, Claas, Sojitz, Bomi, OTP Bank, Goldwind, Çalik, Çengiz, Aksa, JBIС каби етакчи компания ва банклар раҳбарлари иштирок этди.

Шунингдек, халқаро ташкилотлар ва молия институтлари – Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти, Халқаро молия корпорацияси, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки ва Халқаро ислом савдо-молия корпорацияси вакиллари ҳам қатнашди.

Президент Мирзиёев сўзининг аввалида куни кеча ўтган тўртинчи Тошкент инвестиция форумининг самарали натижаларини қайд этди ҳамда кенгаш аъзоларига Янги Ўзбекистон тараққиётига қўшаётган ҳиссаси ва кўмаги учун миннатдорлик билдирди.

Эришилган натижалар

Давлат раҳбарига кўра, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўтган йили Ўзбекистонга рекорд миқдорда – 1 миллиард долларга яқин инвестиция киритган. Ўзбекистон бу банкнинг минтақадаги энг йирик ҳамкорига айланди.

Шунингдек, халқаро молия ташкилотларининг хусусий сектор билан ҳамкорлиги кучайиб, улар бир қатор илғор корхоналарга тўғридан тўғри инвестициялар киритишди. Жумладан, бир йил давомида уларнинг хусусий компания ва банклар билан қўшма лойиҳалари ҳажми 1 миллиард доллардан ортди.

“Яшил” энергия, чиқиндиларни қайта ишлаш, электр энергиясини сақлаш, “яшил” водород ишлаб чиқариш каби соҳаларда Acwa Power, Masdar, Linde, Shanghai Environment, Total Energies сингари етакчи компаниялар 8 миллиард доллардан зиёд инвестиция киритиб, “яшил” иқтисодиётни ривожлантиришга катта ҳисса қўшмоқда.

Рақамли технологиялар соҳасида эса DataVolt компанияси минтақадаги энг йирик “яшил дата марказ”ни, Veon компанияси сунъий интеллектга асосланган “мобил супер-илова”ни яратиш бўйича лойиҳаларни бошлагани қайд этилди.

Шавкат Мирзиёевга кўра, Халқаро молия корпорацияси, Ernst & Young, Dentons, Knauf, TBC каби компаниялар миллий қонунчиликни халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш бўйича таклифлар берган, уларнинг ташаббуслари 10 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорларда ўз аксини топган.

Президентнинг айтишича, Ўзбекистонда сўнгги икки йилда чет эл капитали иштирокидаги 5,5 мингта янги корхона ташкил этилган. Уларнинг умумий сони 16 мингтага етган.

Инвесторларнинг мурожаатлари

“Биз бугунги учрашувга мутлақо бошқача тайёргарлик кўрдик. Хорижий корхоналар билан бирма-бир гаплашиб, билдирилган 40 дан зиёд ташаббусларни саралаб олдик. Жумладан, сармоядорлар солиқ қонунчилиги барқарорлигини таъминлаш, тўғридан тўғри амал қиладиган қонунларни кўпайтириш, инфратузилма соҳаларида хусусий сектор улушини ошириш бўйича таклифларни бердилар.

Биз уларнинг барчасини албатта инобатга оламиз ва Кенгаш аъзолари билан ҳар бир таклиф устида жиддий ишлаяпмиз. Масалан, 2028 йилга қадар бизнес учун асосий солиқ ставкалари ўзгармаслигини эълон қилдик. Жорий йилда йўл, транспорт, энергия, сув, ирригация соҳаларида қарийб 4,5 миллиард долларлик давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини бошладик. Халқаро молия ҳисоботлари стандартларига ўтиш ҳамда экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарувни жорий этиш бўйича норматив ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилмоқда.

Кўп мурожаатлар электр тармоқларига уланиш бўйича келиб тушди. Бунда, албатта, энг илғор хорижий тажрибадан фойдаланишимиз шарт ва зарур. Шунинг учун бу борада Кенгашимиз қошида алоҳида ишчи гуруҳ тузиб, аниқ механизмларни ишлаб чиқишни таклиф қиламан.

Тушган таклифлардан келиб чиқиб, гаров тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш, хорижий компаниялар учун профессионал кадрларни тайёрлаш, маҳаллий компанияларда корпоратив бошқарувни яхшилаш, солиқ маъмурчилиги бўйича қўшимча ишчи гуруҳлар ташкил этилади.

Ўтган йиғилишимизда кун тартибидаги энг долзарб йўналишларда – рақамлаштириш, масъулиятли бизнес юритиш ва муқобил инвестиция бўйича ишчи гуруҳлар тузиб олган эдик. Бугун уларнинг тақдимотлари билан танишамиз”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Хорижий инвесторлар кенгаши юридик шахсга айланади

Ўзбекистон президенти охирги бир йилда ўзининг ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг иши кескин фаоллашганини айтди. Шу билан бирга, Кенгаш котибияти нафақат инвестиция вазирлиги билан, балки бошқа вазирлик ва идоралар, халқаро ташкилот ва инвесторлар билан ҳам бевосита ишлаяпти.

“Шунинг учун Котибиятнинг мустақиллигини ошириб, уни алоҳида юридик шахс сифатида қайта ташкил этсак, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бу масала бўйича ҳам сизларнинг фикрларингизни билмоқчи эдим”, – деди у.

“Инвесторлар учун очиқ, эркин, барқарор ва ишончли мамлакат”

Шавкат Мирзиёев бугунги мулоқотдан мамнунлигини билдирди.

“Ҳар бир таклиф ва мулоҳаза батафсил кўриб чиқилади. Ҳукуматимиз томонидан алоҳида “йўл харитаси” қабул қилинади.

Яна бир бор таъкидламоқчиман: биз инвесторлар учун очиқ, эркин, барқарор ва ишончли мамлакат – Янги Ўзбекистонни барпо этмоқдамиз.

Бу йўлда бошлаган ва ортга қайтмас тус олган ислоҳотларимизни бундан буён ҳам изчил давом эттирамиз”, – деди Ўзбекистон президенти.

Мавзуга оид