Бухоро вилояти ҳокими ҳужжати йўқ бинони “ичидаги одами билан кўмиб ташлаш”ни буюрди
Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Бухоро шаҳридаги боғча ҳудудида масъулларга қандайдир бинони бузиб ташлашни буюргани видеоси тарқалди. “Суд-пуд демасдан, бугуннинг ўзида бузиб ташлайсан. Нарсаси, ичидаги одами билан кўмиб ташлайсан», деган у. Шаҳар ҳокими ўринбосарининг Kun.uz'га айтишича, Зарипов боғча ҳудудидан ташқаридаги омборхонага ўхшаш бино ҳақида гапирган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеодан кадр
Ижтимоий тармоқларда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов бир гуруҳ амалдорларга боғча ҳудудида туриб қандайдир бинони бузиш бўйича топшириқ бергани акс этган видеолавҳа тарқалди. Унда ҳоким ўзи назарда тутаётган биноларни ҳатто ичидаги одами билан кўмиб ташлашни буюрган.
“Боғча ҳудудига кирганларнинг ҳаммасининг ҳуқуқий ҳужжатларини кўтарасан. Йўғини ҳеч кимни эшитмасдан бузасан, Мўмин (Бухоро шаҳри ҳокими ўринбосари Мўмин Амонов – таҳририят). Суд-пуд демасдан, бугуннинг ўзида бузиб ташлайсан. Нарсаси, ичидаги одами билан кўмиб ташлайсан. Бўлди энди, суд-пуд деб, ҳаммасини эркалатганимиз. Орқадан эшик очганнинг ҳужжатини кўрасан”, – деган Ботир Зарипов.
Шунингдек, вилоят ҳокими ИИБ бошлиғига агар қониқарли ишламаса, “тинчроқ туманга жўнатиб юбориши”ни айтган.
“Ўртоқ началник, сиз “ест”дан олдин... Кечаям вилоят ҳокими келяпти, мен кузатдим, бемалолроқ бўлгансизлар бутунлай шаҳарда. Бугун ҳам бу ерда аҳвол ҳаминқадар. Ё бу жиноятчиликка омил бўлувчи ҳолатларнинг олдини олинг, ё бўлмаса сизни тинчроқ туманга жўнатай. “Уже” мен топшириқ бердим. Тушундингизми? Ўзгариш қилинг”, деган ҳоким.
Ботир Зарипов шу ернинг ўзида бу масалага жавоб берадиган шаҳар ҳокими ўринбосарига интизомий жазо қўллашини билдирган. “Агар шаҳар бўйича ижтимоий соҳа объектлари мен айтган нуқтайи назардан танқидий кўриб тузатилмаса, у кишига жавоб берилади. Бу шаҳар ҳокимининг ҳамма ўринбосарларига “урок” бўлсин”, деган Ботир Зарипов.
Ҳолат қачон ва Бухоро шаҳридаги қайси боғча ҳудудида бўлгани маълум эмас. Ҳокимлик ҳозирча ҳолат бўйича муносабат билдирмади.
Kun.uz ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари ҳамда Ботир Зарипов видеолавҳада бузиш бўйича топшириқ берган Бухоро шаҳар ҳокими ўринбосари Мўмин Амонов билан боғланишга уринди. Бироқ бунинг имкони бўлмади.
Бухоро шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Феруз Ҳамроев Kun.uz сўровига жавобан вилоят ҳокими боғча ҳудудидан ташқарида жойлашган, дўкон омборхонасига ўхшаш бинони бузишга топшириқ берганини маълум қилди.
У Kun.uz журналистининг: “Ҳоким видеолавҳада ичидаги одами билан кўмиб ташла дея буюрган, шунда омборхона назарда тутилганми?” деган саволини жавобсиз қолдирди.
Мавзуга оид

08:52
“Ҳиссиётли гапиришга тўғри келган” – Бухоро вилояти ҳокимининг гапига муносабат билдирилди

11:05 / 12.06.2025
Қурилиш вазирлиги Тошкентда 110 мингта уй бузилиши бошлангани ҳақида тарқалган хабарларни рад этди

14:04 / 10.06.2025
Бухорода 2 ёшли бола иккита тангани ютиб юборди

17:58 / 03.06.2025