Марказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди
Марказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу энергия нархлари ошишининг иккиламчи таъсирларини пасайтириш ва умумий инфляциянинг барқарор пасаювчи трендга ўтишини таъминлаш мақсади билан изоҳланган.

Фото: Марказий банк
Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви 12 июндаги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди.
«Сўнгги ойлардаги иқтисодий фаоллик ва истеъмол талаби динамикалари ҳамда базавий инфляциянинг ўсиш тенденцияси иқтисодиётда инфляцион босимлар сақланиб қолаётганидан далолат бермоқда. Бу, ўз навбатида, умумий инфляциянинг май ойидаги бироз пасайишига қарамасдан инфляция прогнози траекториясидан юқори шаклланишига сабаб бўлмоқда. Мазкур шароитда инфляцион жараёнларга энергия нархлари ошишининг иккиламчи таъсирларини пасайтириш ва умумий инфляциянинг барқарор пасаювчи трендга ўтишини таъминлаш мақсадида асосий ставка жорий даражасида қолдирилди», - дейилади хабарда.
Марказий банкка кўра, йил бошидан ўсувчи трендда шаклланиб келган умумий инфляция даражаси май ойида ўтган йилги энергия тарифлари оширилишининг бирламчи таъсири чиқиб кетиши ҳисобига пасайиб, йиллик 8,7 фоизга тенг бўлди. Аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари умумий инфляциядан юқори даражада шаклланмоқда.
Хизматлар инфляцияси тезлашиши ҳисобига базавий инфляциянинг ўсувчи динамикаси давом этиб, май ойида йиллик 8,5 фоизга етди. Иқтисодиётда ялпи талаб юқорилиги шароитида жорий энергия нархлари оширилишининг иккиламчи таъсирлари юзага чиқиши инфляцион босимларнинг узоқроқ давом этишига ишора беради.
2025 йилнинг январ-май ойларида иқтисодиётдаги юқори фаоллик ялпи талабнинг шаклланишида асосий омиллардан бири бўлди. Бу савдо ва пуллик хизматлардан тушумлар ва трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмларининг ошиши ҳамда банклараро транзаксиялар ҳажми ва кўчмас мулк савдоси битимлари сони ўсишида намоён бўлмоқда.
Шунингдек, иқтисодиётга кредит ажратиш суръатларининг юқори даражада сақланиб қолаётгани ва бюджет харажатларининг ўсиши ҳам иқтисодий фаолликни рағбатлантиришга ҳисса қўшмоқда. Ушбу омиллар келгусида ялпи талабни қўллаб-қувватлаб, иқтисодиётдаги нархлар даражасига босимни кучайтириши мумкин.
Жаҳон иқтисодиётидаги ноаниқликлар ҳамда халқаро савдодаги кескинликлар натижасида кўп давлатларда пул-кредит шароитлари қатъийлиги узоқроқ давом этиши кутилмоқда. Шу билан бирга, сўнгги ойлардаги айрим озиқ-овқатлар жаҳон нархлари ўсиши келгусида ички нархларга қўшимча босим яратиши эҳтимоли мавжуд.
Анъанавий экспорт товарлари биржа нархларининг юқори даражада сақланиб қолиши ва ҳамкор давлатларда алмашув курси мустаҳкамланиши экспорт тушумлари ҳамда трансчегаравий пул ўтказмалари ўсишини қўллаб-қувватламоқда. Бу, ўз навбатида, мамлакатга хорижий инвеститсиялар оқими ошиши билан бирга ички валюта бозорида таклифларнинг барқарор шаклланишига хизмат қилиб, келгуси ойларда алмашув курси томонидан инфляцияга босимларнинг камайишига ҳисса қўшади.
Пул-кредит шароитларининг жорий қатъийлик даражаси сақлаб қолиниши келгусида кредитлаш ҳажми ўсишининг мўтадиллашуви ва депозитларнинг юқори ўсиш суръатлари давом этишини таъминлайди. Бу ялпи талабни мувозанатлаштирувчи ва монетар омилларнинг инфляцияга таъсирини камайтирувчи аҳамиятга эга бўлади.
Юқорида келтирилган омилларни ҳисобга олиб, ўрта муддатли истиқболда нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида Марказий банк бошқаруви асосий ставкани ўзгаришсиз, 14 фоиз даражасида қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди.
Марказий банк томонидан ўрта муддатли истиқболда инфляциянинг 5 фоизлик таргет даражасигача пасайишига эришиш учун пул-кредит шароитларининг етарли даражада қатъийлиги таъминланади.
Иқтисодиётдаги ялпи талаб ва иккиламчи таъсирларнинг нархларга оширувчи босимлари келгуси ойларда кутилганидан кўра кучайиши бўйича эҳтимоллар ва асослар юзага келган тақдирда пул-кредит шароитлари қатъийлиги қайта кўриб чиқилиши мумкин.
Асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича Марказий банк бошқарувининг навбатдаги йиғилиши 24 июлга белгиланган.
Мавзуга оид

15:34 / 10.06.2025
Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари қарийб 50 млрд долларга етди

13:14 / 06.06.2025
ЕМБ танаффусдан олдин яна асосий ставкаларни пасайтиради

17:35 / 04.06.2025
Ўзбекистон кетма-кет учинчи ой энг кўп олтин сотган давлат бўлди

18:41 / 29.05.2025