Ўзбекистон ўзи билан бир хил рейтингга эга давлатлардан қонун устуворлиги борасида ортда қолмоқда — Moody’s
S&P халқаро агентлиги ортидан, Moody’s ҳам Ўзбекистоннинг суверен рейтинги бўйича прогнозни “барқарор”дан “ижобий”га ўзгартирди. Агентлик Ўзбекистонга Ba3 суверен рейтингини бераркан, мамлакат худди шундай рейтингга эга бошқа давлатлардан овоз бериш, ҳисобдорлик, қонун устуворлиги ва коррупцияни чеклаш каби йўналишларда ортда қолаётганини қайд этди.

Фото: Kun.uz
Moody’s халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистоннинг суверен рейтингини Ba3 даражасида тасдиқлаб, прогнозни “барқарор”дан “ижобий”га ўзгартирди.
Ўтган ойда S&P халқаро рейтинг агентлиги ҳам Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги бўйича кутилмани илк бор “барқарор”дан “ижобий”га ўзгартирганди.
Moody’s 13 июн куни тарқатган баёнотга кўра, агар Ўзбекистон ҳукуматининг жорий ислоҳотлари самарали амалга оширилса, вақт ўтиши билан мамлакатдаги институтларнинг сифати ошиши мумкин.
“Ҳукуматнинг хусусийлаштириш дастури ҳам, агар муваффақиятли амалга оширилса, ўсиш тенденциясини ошириши мумкин. Бу ислоҳотлар, фискал эҳтиёткорлик билан биргаликда, ўрта истиқболда иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаши ва мамлакатнинг ўсиш салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришга имкон бериши мумкин.
Ba3 рейтингининг берилиши – Ўзбекистоннинг нисбатан диверсификацияланган иқтисодиётини, қулай демографик кўрсаткичларга эга мустаҳкам ўсиш истиқболларини ва қарз юкининг ўртача даражада эканини (асосан имтиёзли шартларда олинган) акс эттиради. Бироқ бу кучли жиҳатлар киши бошига тўғри келадиган даромаднинг пастлиги ва рақобатбардошликнинг етарли эмаслиги, институционал заифлик (яхшиланиб бораётган бўлса-да), шунингдек, мўтадил сиёсий хатарлар билан мувозанатлашган”, – дейилади агентлик ахборотида.
Ижобий кутилма учун асослар
Moody’s Ўзбекистон суверен рейтингида кутилмани “ижобий”га ўзгартириш учун асос бўлган омиллар қаторида қуйидагиларни санаб ўтган:
- Бошқарувни яхшилаш чоралари кўрилмоқда. 2024 йил ҳолатига, кузатув кенгашларидаги мустақил аъзолар улуши давлат корхоналарида 25 фоиз, давлат банкларида 40 фоизни ташкил этган.
- Коррупцияни тийиш учун “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун кучга кирган. Давлат хизматчиларининг активларини декларациялаш ва коррупция ҳақида хабар берган шахсларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунлар жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши кутилмоқда. Маълумотларни очиқлаш ва шаффофлик йўналишида ҳам ижобий қадамлар ташланган.
- 2024 ва 2025 йилларда нархларнинг сезиларли ошишига олиб келган энергетика ислоҳоти ҳукуматнинг бундан-да мураккаб ислоҳотларни амалга ошира олиш салоҳияти ва қатъий ниятини кўрсатади. Бу ислоҳотлар 2027-2028 йилларга бориб электр энергияси ва газ таъминоти ўзини ўзи қоплаш даражасига етишига қаратилган.
Халқаро агентлик давлат корхоналарини муваффақиятли хусусийлаштириш иқтисодий самарадорлик ва рақобатни оширишини қайд этган.
“Биз хусусийлаштириш суръати пастлигича қолишини, жараён босқичма-босқич бўлишини тахмин қиляпмиз, чунки мураккаб ташқи шароитлар ва АҚШнинг савдо сиёсати атрофидаги глобал ноаниқлик муносиб стратегик инвесторларнинг қизиқишини камайтириши мумкин. Давлат корхоналарининг корпоратив бошқаруви ва операцион самарадорлигини ошириш ҳам хусусийлаштиришни кечиктириши мумкин”, – дея қайд этган таҳлилчилар.
Тасдиқланган рейтинг учун асослар
Moody’s Ўзбекистонга Ba3 рейтинги берганини ижобий макроиқтисодий кўрсаткичлар ва нисбатан паст қарз юки билан изоҳлаган.
“Давлат қарзининг асосий қисми хорижий валютада бўлса-да, қарзларнинг катта қисми имтиёзли экани туфайли давлатнинг янги қарз олиш учун имкониятлари жуда юқори.
Шу билан бирга, кенг маънодаги давлат қарзи – давлат корхоналари томонидан давлат кафолатисиз олинган қарзлар ва ҳукуматнинг давлат-хусусий шериклик бўйича мажбуриятлари ошиб бормоқда. Сўнгги йилларда йирик давлат корхоналари молиялаштириш манбаларини диверсификация қилиш ва эҳтимолий хусусийлаштириш олдидан бозор берадиган баҳони аниқлаш асносида, ташқи молиявий маблағларни жалб қилишни кўпайтирди. ДХШ мажбуриятлари 2024 йилда ЯИМнинг 27 фоизига етди, бу мажбуриятлар асосан энергетика ва инфратузилма лойиҳалари билан боғлиқ. Биз кенг маънодаги давлат қарзи кейинги 2-3 йилда ўсиб боришини ва шартли жавобгарлик хавфи юзага келишини тахмин қиляпмиз.
Шу билан бирга, ҳукумат давлат корхоналари ва ДХШлардан келиб чиқадиган шартли мажбуриятлар учун рискларни баҳолаш тизимини такомиллаштиришни давом эттирмоқда. Масалан, яқинда 2025 йилда янги ДХШ лойиҳалари бўйича давлат оладиган мажбуриятлар қиймати 6,5 млрд АҚШ долларидан ошмаслиги эълон қилинди. Бундан ташқари, барча давлат корхоналаридан ташқи молиялаштириш учун ҳукумат рухсатини олиши талаб этилмоқда, бу эса хорижий валютадаги мажбуриятларнинг тез ўсишини мўтадиллаштиришга ёрдам беради. Ўсиб бораётган шартли жавобгарлик хавфи қисман мамлакатнинг суверен бойлик фонди – Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидаги муҳим активлар ҳисобидан юмшатилади”, – дейилади ҳисоботда.
Қайд этилишича, Ba3 рейтинги – Ўзбекистонда аҳоли жон бошига даромаднинг пастлиги, мамлакатнинг рақобатдошлилиги етарли эмаслиги ва институтларнинг заифлигини ҳам акс эттиради.
“Масалан, юқори даражадаги долларлашув, банклараро бозор операцияларининг чеклангани ва ички капитал бозорларининг саёзлиги – пул-кредит сиёсатининг трансмиссия механизмини чеклаб туради. Институционал ва бошқарув кўрсаткичлари бироз яхшиланган бўлса-да, Ўзбекистон овоз бериш, ҳисобдорлик, қонун устуворлиги ва коррупцияни чеклаш каби йўналишларда худди шундай Ba3 рейтингига эга мамлакатлардан ортда қолишда давом этмоқда.
Рейтинг, шунингдек, йирик давлат корхоналарини хусусийлаштириш бўйича янада мураккаб ислоҳотлар қандайдир иқтисодий ва ижтимоий харажатларга олиб келиши мумкин бўлган ўртача сиёсий хавфни ҳам кўрсатади. Бу эса вақт ўтиши билан тараққиётни сусайтириши ва бизнес муҳитидаги ноаниқликни ошириши мумкин.
Халқаро жабҳада Россиянинг Украинага бостириб кириши ҳамда Россиянинг Европа ва МДҲдаги таъсирининг потенциал кенгайиши геосиёсий хавфни ошириб, Марказий Осиё ва ундан ташқарида сиёсий иттифоқларнинг ўзгариши эҳтимоларини ўртага чиқарди. Ўзбекистон, Россия билан мустаҳкам алоқаларга эга бўлишига қарамай, можаро бошланганидан бери нейтрал позицияни эгаллашга интилди”, – дея таъкидлаган халқаро кузатувчилар.
Рейтингни ошириш ёки туширишга олиб келиши мумкин бўлган омиллар
Moody’s таҳлилчиларига кўра, Ўзбекистондаги ислоҳотлар сиёсий самарадорлик ва институтлар сифатининг ошишига олиб келади деган ишонч кучайса, мамлакатнинг суверен рейтинги оширилиши мумкин.
Иқтисодиётда рақобат муҳитининг кучайиши, давлат иштирокидаги йирик компаниялар ва банкларнинг хусусийлаштирилиши, шу билан бирга фискал барқарорлик сақланиб, ижтимоий харажатлар кескин ошишининг олдини олиш ҳам суверен рейтингни оширишга хизмат қилади.
Кутилма “ижобий” деб тасдиқлангани боис, Ўзбекистоннинг суверен рейтинги яқин келажакда пасайиши эҳтимоли жуда кам. Агар иқтисодий ислоҳотлардан жиддий оғиш кузатилса, Moody’s Ўзбекистон рейтинги бўйича прогнозни “ижобий”дан “барқарор”га қайтариши мумкин. Бундай оғиш ички сиёсий ёки ижтимоий босимлар билан боғлиқ равишда келиб чиқиши мумкин.
Рейтингни пасайтиришга ундовчи омиллардан яна бири – давлат компаниялари ва ДХШ мажбуриятлари бўйича фискал муаммоларнинг юзага келиши эҳтимоли билан боғлиқ. Риск уйғотиши мумкин бўлган ташқи омиллар қандай шаклда бўлиши мумкинлигини эса олдиндан айтиб бўлмайди.
Мавзуга оид

12:34 / 12.06.2025
Ҳукумат қарори: Пропискаси йўқлар Тошкентда таксичилик қилолмайди

15:52 / 10.06.2025
Британия молия ташкилоти Ўзбекистондаги хусусийлаштириш лойиҳаларида иштирок этади

23:10 / 09.06.2025
Ўзбекистон Mobiuz компаниясини халқаро сотувга қўйди

10:21 / 08.06.2025