Иқтисодиёт | 17:09 / 17.07.2025
3304
2 дақиқада ўқилади

Bloomberg: Ўзбекистон Mobiuz'ни 300 млн долларга сотмоқчи

Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдаги тўртинчи йирик алоқа оператори – Mobiuz'ни хусусийлаштириш орқали 300 млн доллар жалб этишни мақсад қилган, дея хабар берди Bloomberg. Нашрнинг икки манбасига кўра, расмийлар сотувга Яқин Шарқ ва европалик инвесторларнинг эътиборини тортмоқчи. Давактив бунга изоҳ бермади, лекин ўз каналида мақоланинг асосий тезисларини эълон қилди.

Фото: Yandex-хариталар

Ўзбекистон ҳукумати Mobiuz алоқа операторини 300 млн долларга сотмоқчи, дея хабар тарқатди Bloomberg агентлиги.

Нашр бу борадаги режалардан хабардор икки манбасига таяниб ёзишича, расмийлар бу активни Яқин Шарқ ёки Европадан бўлган инвесторларга сотишни режа қилган.

Давлат активларини бошқариш агентлиги бу хабарга муносабат билдирмай, ўз расмий саҳифасида Bloomberg эълон қилган мақоланинг айрим тезисларини эълон қилди. Танлаб олинган тезислар қаторига 300 млн долларлик нарх кутилмаси ҳам киритилган.

Mobiuz бўйича савдо жараёни жорий йил июн ойида эълон қилинган. Қизиқиш билдириш бўйича аризаларни юбориш учун сўнгги муддат – 2025 йил 1 август. Ушбу битим бўйича Rothschild& Co стратегик ва молиявий маслаҳатчи сифатида жалб этилган.

“Компанияга Қатар, Саудия Арабистони, Озарбoйжон ва Европа инвесторлари томонидан дастлабки қизиқиш билдирилмоқда”, – дея ёзади Америка нашри.

Mobiuz – Ўзбекистондаги тўртинчи йирик мобил оператор ҳисобланади. BMI (“Fitch Solutions” бўлими) маълумотига кўра, ўтган йил якунида Ўзбекистон мобил бозорида 35,6 млн абонент бўлган, Mobiuz бу бозорнинг 20,9 фоиз улушига эга.

Mobiuz 2024 йилда 164 млн доллар соф даромад ва 41 млн доллар EBITDA кўрсаткичини қайд этган.

Kun.uz Давлат активларини бошқариш агентлигига ушбу хусусийлаштириш дастури борасида айрим саволларни юборди.

Мавзуга оид