Иқтисодиёт | 17:14 / 14.06.2025
4849
13 дақиқада ўқилади

“2000-йиллар бошидаги даража” – пластик карта эгалари карталарни ёптиришда бюрократияга дуч келяпти

Ўзбекистонда жисмоний шахслар учун миллий валютадаги карталар сонига чеклов қўйилгани сабаб, лимитдан ошиб кетган фуқаролар янги карта очишда муаммога учраяпти. Айрим банкларда ариза шакли йўқ, айримларида ходимлар карта қандай ёпилишини билмайди, ариза олиб қолган баъзи банклардан эса дарак бўлмайди: мижоз картаси ёпилдими-йўқми билмайди. Kun.uz бу борадаги вазиятни ўрганди.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон Марказий банки фирибгарликка қарши курашиш мақсадида бир шахсда бўлиши мумкин бўлган банк карталари сонига чеклов жорий қилган. Унга кўра, 2025 йил 1 январдан 31 декабргача жисмоний шахсларнинг номидаги миллий валютада очилган карталар сони бир вақтнинг ўзида 20 тадан ошмаслиги керак (бунга виртуал карталар ҳам киради). Агар лимит тўлган бўлса, фуқаро янги карта очтириш учун амалдаги ҳисобварақларидан камида биттасини ёпиши керак.

Регуляторнинг қайд этишича, бу масала қонунчилик даражасида ҳал этилмаган ва шу сабабли баъзи фуқаролар 100 дан ортиқ картага эга бўлган ҳолатлар мавжуд. Бу – фирибгарлик ҳолатларига йўл очяпти.

Янги тартиб фирибгарлик жиноятларини қанчалик камайтиргани маълум эмас. Шуниси маълумки, бу – фирибгар бўлмаган оддий одамлар учун муаммо туғдиряпти. Чунки банк картасини ёптириш – ҳамма банкларда ҳам осон жараён эмас.

Мижозлар картасини мобил илова орқали онлайн блоклаши мумкин, лекин бу билан иш битмайди: ҳисобрақамни ҳам буткул ёптириш керак. Бу эса, Kun.uz суҳбатдошларига кўра, бюрократия ва оворагарчилик дегани.

Муаммо давлат банкларида кўпроқ бўлиши мумкин

Касби дастурчи бўлган ва илгари банкда ишлагани учун тестдан ўтказиб кўриш мақсадида кўплаб карталар очган Жавоҳир ўнга яқин банклар билан бўлган тажрибасини Kun.uz'га айтиб берди.

— Иш давомида тест қилиб кўриш учун кўп карта очганман, улар турли банкларнинг виртуал карталари. Март ойида янги ишга ўтганимда, ойлик карта чиқариб бўлмади. Сабаби 20 тадан кўп картам мавжуд экан. Кейин Telegram'даги @CardXabarBot ва @HUMOCardBot орқали карталарим сонини кўрдим, қайси банкда нечтадан очилганига қараб ёпишни бошладим.

1. Онлайн ёпишга ҳаракат қилиб кўрдим. Қайси банк колл-марказига телефон қилсам, банк филиалига боринг, деган жавобни олдим. Фақатгина TBC'да онлайн ёпишнинг имкони бўлди.

2. Банкларга боришни бошладим. Ипак йўли банк, Алоқабанк, Капиталбанк ва KDB банкида муаммосиз, ариза билан ёпа олдим.

3. Иккита давлат банкида эса муаммоли ҳолат бўлди (Kun.uz уларнинг номларини келтирмаяпти – таҳр.): филиалга борсам: “Бу карта бизда очилмаган, бу филиалга боринг, бизда кўринмаяпти” дейишди (виртуал карталигига қарамай). Колл-марказига телефон қилганимда, картани ёпиб бўлмаслигини, картанинг амал қилиш муддати тугаса автоматик ўзи ёпилишини айтди. Лекин амал қилиш муддати тугаганда ҳисобрақам автоматик ёпилмайди. Ёпа олишмаётгани ҳақида порталга чиқдим. Кейин қайта алоқага чиқишди ва марказий офисига бориб ариза беришимни сўрашди, бу эса ноқулай эди. Бормадим, банкда карта ёптиришга хоҳишим ҳам, вақтим ҳам йўқ.

Қолган ишлатмаётган карталаримни шунчаки блок қилдим. МБнинг талаби билан 1 йил актив бўлмаган карталар автоматик банк томонидан ёпилиши керак, кўрамиз ёпилармикин.

“Асаббузарлик, анча вақт кетадиган иш”

Яна бир респондент Шерзод Қодир ҳам шундай муаммога дуч келган.

— Инфинбанкдан кредит карта очмоқчи бўлиб онлайн ариза берсам, кредит тасдиқланди-ю, лекин “сизда Марказий банкнинг янги қарорига кўра карталарингиз белгиланган лимитдан, яъни 20 тадан кўп экан” деб, карта чиқариб беролмаймиз дейишди. Ҳаммаси шундан кейин бошланди. Уларга карталарим сони 35 та экани кўринаркан. Шуларни ёптирсангиз, кейин янги карта оча оласиз, дейишди. Кўпи онлайн виртуал карталар эди, лекин барибир ёптириш керак экан.

Аввалига ҳаммасини блокладим, лекин блоклаш етарли эмас экан, бутунлай ёпиш керак экан. Шундан кейин банкларга битталаб қўнғироқ қилдим, мобил иловаларидан чатларига ёздим. Билдимки, ҳеч бир банк масофадан бу хизматни кўрсатмас экан. Банкка шахсан борасиз дейишди. Фақат TBC банк билан Анорбанк масофадан ариза олиб қолди, лекин бу аризани кўриб чиқиш камида 30 иш куни экан (лекин ҳар қандай мурожаатлар 15 иш кунида кўриб чиқилиши керак, буни айтсам TBC банк бу ўзининг ички қоидаси эканини айтди). Қайта-қайта талаб қилсам ҳам, бу ўзгармади.

Бошқа банклар эса карта виртуал онлайн очилган бўлса, асосий офисга боришимни айтди. Бориб картани ёптирмоқчилигимни айтдим, улар ёпилиши керак бўлган карта рақамлари билан қоғозга ариза ёздиришди. Ариза бўлим раҳбари номига ёзилди. Шундай қилиб ҳар битта банкка шахсан бориб ариза ёзиб келдим. Кейин бу аризалар асосида баъзилари ёпилди, баъзилари ҳали ҳам аризага жавоб бермади. Охир-оқибат 20 тадан камайтиришга муваффақ бўлдим. Лекин бу асаббузарлик, анча вақт кетадиган иш. Чунки кўп банкларнинг бош офисларини топиб бориш керак. У ерга борган билан катта навбат бўлади.

Хуллас, эски пайтлардек банк бюрократиясидан сабр билан ўтиш керак. Лекин карта очишга келганда жуда осон қилиб қўйишган: масофавий иденфикациядан ўтиб, ҳатто чет элда яшаб жуда кўп карталарни тезда оча олганман. Лекин ёпишга келганда мана шунақа саргузаштлар.

“Кўплаб банкларда ходимлар карта қандай ёпилишини билмайди”

Шерзод Қодирнинг сўзларига кўра, хориж амалиётида телефон орқали шахсни тасдиқлаш кифоя, картани масофадан ёптириш имкони бор. У Марказий банк ўша қарорни чиқараётганда реал амалиётда бу қандай ишлаши борасида ўйлаб кўрмаган, деган фикрда. Чунки у аксар банк ходимлари картани ёпиш жараёни ҳақида билмаслигига гувоҳ бўлган.

“Ёпиш учун ариза ёзилиб, улар бухгалтерия балансига киритилиши керак экан. Онлайн ёпишни аксар банклар ҳатто ўйлаб ҳам кўрмаган. 20 тадан кўп карта бўлмасин деган чеклов киритилишидан олдин ёптиришни ҳам карта очишдек осон қилиб қўйиш керак эмасми?” дейди у.

Чекловлар самара беряптими?

Иқтисодчи, Humo тўлов тизимининг собиқ раҳбари Шуҳрат Қурбонов ҳам LinkedIn'даги саҳифасида карталарини ёптиришда муаммога дуч келганини ёзиб, мижозларни тизимга улаш бўйича ҳамма нарса рақамлаштирилган, аммо улардан узиш, яъни ҳисобни ёпиш ишлари ҳануз 2000-йиллар бошидаги даражада қолганини таъкидлади.

Қизиқ томони шундаки, бу чеклов фақат маҳаллий карталарга тааллуқли бўлди, халқаро тўлов тизимлари карталари эса бу тартибга тушмади. Албатта, бу чоралар фирибгарларга, аниқроғи, фирибгарлар билан ишлайдиган “дроппер”ларга қарши курашиш учун киритилди. Улар фирибгарларнинг ноқонуний ишларида ёрдам беришади.

Хуллас, шунақа бўлиб қолдики (ишим шунақа эди), менинг номимда тахминан 35 та карта бор эди. Уларнинг аксариятини ўзим аллақачон блоклаганман. Энди қолганларини ҳам худди шундай қилиб, блоклаб чиқишга қарор қилдим. Humo Теlegram ботида бундай имконият бор. Шундай қилиб, ҳозирда менда 12 та карта қолди.

Бироқ вазиятнинг “ажойиб” томони шундаки, шунчаки картани блоклаш етарли эмас экан. Картани бутунлай ёпиш керак, яъни ҳисоби билан бирга. Бунинг учун эса… банкка бориш керак. Кўпчилик банклар мижознинг шахсан бориб, ариза ёзишини талаб қилади”, дея ёзди Қурбонов.

Экспертнинг айтишича, банклар мижозларни жалб қилишдан манфаатдор, уларнинг кетиши эса оғриқли бўлиши тушунарли, лекин карталар сонига чеклов қўйиш чоралари фирибгарликни камайтиришга ёрдам бердими-йўқми, бу аниқ эмас.

Балки бу чекловлар самара бермаётгандир. Қизиқ бўлиши учун статистикани кўриш керак эди, ахир аллақачон икки давлат бизнинг тажрибамизга таянган ҳолда шунақа чекловларни жорий этишга қарор қилган”, – дейди Шуҳрат Қурбонов.

Унинг пости остида айни муаммо билан юзлашган бошқа одамлар ҳам ўз тажрибалари билан бўлишган.

Алексей Иванов: “Яқинда бир тадқиқот доирасида карталарни ёпишимизга тўғри келди. Бунинг учун банк филиалларига шахсан бориш ва “карта йўқолган (ўғирланган) ёки шикастланган” деган аризани тўлдиришга мажбур бўлдик. Оддий, ихтиёрий тарзда картани ёпиш учун ариза шакли эса умуман йўқ эди. Бир сафар эса ҳаттоки банк ходимининг норозилиги билан ҳам тўқнаш келдик, у: “Карта ўйинчоқ эмас, уни хоҳлаган пайтда очиб-ёпиб бўлмайди”, деди.

Дмитрий Саава: “Бу чоранинг самарадорлигини ўлчайдиган энг яхши кўрсаткич – қорабозордаги “дроппер” аккаунтининг нархи. Агар нарх ошса – демак, чоралар ишлаяпти. Агар нарх тушса – демак ишламаяпти. Ахборот хавфсизлиги билан шуғулланувчи танишларимнинг айтишича, сўнгги бир йил ичида бу нарх тушган.

Иккинчидан, “Second order consequences”, яъни ҳаракатнинг иккиламчи таъсири – бу постсовет ҳудудларидаги давлат регуляторларининг кучли томони эмас. Ўзбекистонда эса – бундан ҳам баттар… Яхши томони шундаки, сиз каби инсонлар бор, яъни давлат ва молиявий сектор ўртасида кўприк бўла оладиган одамлар. Чунки аслида хусусий бизнесдан давлатга нормал тескари алоқа йўллари жуда кам”.

Дониёр Каримов: “Менда ҳам худди шунақа ҳолат бўлган. Менда 40 тадан ортиқ банк картаси бор эди, уларни ёпиш учун эса ҳар бир банкка шахсан бориб, ариза ёзишимга тўғри келди. Энг қизиғи – банк ходимлари фақат карталарни ёпишди, аммо ҳисоблар очиқ қолаверди. Мен уларга тушунтирдим: нафақат картани, балки ҳисобни ҳам бутунлай ёпиш керак, деб. Лекин улар бу нарсани тушунмади, барибир ёпилди деб айтишди.

Охири мен махсус портал орқали мурожаат ёзишга мажбур бўлдим – карталар билан бирга ҳисобларни ҳам тўлиқ ёпишни талаб қилиб. Фақат шундан кейин банклар тезда жавоб бера бошлади ва ёпишга киришди.

Лекин энди бошқа савол туғилади: ҳақиқатан ҳам ҳаммаси ёпилдими? Буни аниқлаш жуда қийин – энг оддий йўли қолган карталар сонини кўриб туриш, лекин бу ҳам ҳар доим ёрдам бермайди. Чунки мавжуд карталар сонини мустақил аниқлаш имкони йўқ. Ишонч ҳосил қилиш учун банкка мурожаат қилиб, ёпилмаган карталар сони ҳақида расмий маълумот сўраш керак бўлади.

Дропперлар кимлар ва Марказий банк нега уларга қарши курашяпти?

Дроппер бу – фирибгарлар учун оралиқ одам. Улар ўз номига банк карталари ёки ҳисоблар очиб, фойдаланиш учун фирибгарларга беради. Яъни дропперлар – фирибгарлик схемасининг муҳим бўғини. Улар турли банклардан ўнлаб карталар очади ва уларни фирибгарларга сотади.

Фирибгарлар сохта онлайн дўконлар, инвестиция схемалари, фишинг ва бошқа йўллар билан одамларни алдаб, уларнинг пулини шу дроплар картасига ўтказади. Кейин пулни нақдлаштиради ёки хорижга жўнатади.

Нега дроппер бўлишади? Бу ишни ишсизлар ёки молиявий қийин аҳволдаги одамлар қилиши айтилади. Фирибгарлар уларни ҳам алдайди: “шунчаки карта керак”, “бизнес учун” дейишади. Баъзи дропперлар эса атайлаб бу ишга киришади, пул эвазига. Шу сабабли Марказий банк битта одам номига очилган карталар сонини чекламоқда.

Аввалроқ нақдсиз тўловлар бўйича мутахассис Аҳрор Маҳмудов Марказий банк бу чеклов орқали фирибгарликка қарш курашишдек эзгу мақсад қўйган бўлса-да, бундай чоралар кўплаб иқтисодий, ижтимоий ва бизнес тизимларига салбий таъсир қилиши мумкин, деган фикрни билдирганди.

Kun.uz Марказий банк матбуот хизматига бир нечта саволлар юборди:

  • Банкдаги картасини ёпиш ниятидаги жисмоний шахслар қандай ҳуқуқларга, банклар қандай мажбуриятларга эга? Ариза қанча муддатда кўриб чиқилиши керак? Банкда аризадаги сўров бажарилгани ҳақида фуқарога хабар бериш мажбурияти борми?
  • Карталарни ёпишни осонлаштириш чоралари кўриладими?
  • Вақтинчалик чора ишга тушган 1 январдан то бугунги кунгача унинг самараси сезилдими? Бу нималарда кўринди?

Мадина Очилова,
Kun.uz

Мавзуга оид