Жаҳон | 19:45 / 15.06.2025
8208
5 дақиқада ўқилади

Киевда Boeing офиси зарбага учраган, Татаристонда дрон заводига ҳужум қилинди

Oleksii Filippov / AFP / Scanpix / LETA

Россия ҳарбийлари 10 июнга ўтар кечаси Американинг Боеинг аерокосмик компаниясининг Киевдаги офисига зарба йўллади, деб хабар берди Британиянинг Financial Times газетаси 15 июн куни олтита манбанинг сўзлари ва Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати (ФВДТ) томонидан аввалроқ эълон қилинган фотосуратларга таяниб. Тасвирларда бинонинг жиддий шикастлангани ва ёнғинни ўчираётган қутқарувчиларни кўриш мумкин.

Boeing офиси Глубочицкая кўчаси, 4-уйда жойлашган – бу Киевнинг Шевченковский райони. Кўрсатилган манзилда жойлашган бинонинг суратлари ФВДТ ижтимоий тармоқлари ва фотобанкларда пайдо бўлди. Киев шаҳри мэри Виталий Кличко Шевченковский районидаги бизнес марказига зарба келиб тушгани ҳақида хабар берган.

Boeing’нинг икки ходими, украиналик уч нафар мулозим ва Украина-Америка савдо палатаси президенти Энди Ҳандер FT’га Россия зарбаси Америка компаниясига «аниқ» қаратилганини, унинг офиси ҳужум нишонларидан бири бўлганини айтди.

Бино шикастланганига қарамай, компания фаолиятида ҳеч қандай узилишлар бўлмади, деб хабар берган нашрга Boeing’нинг Украинадаги бўлими бош директори ўринбосари Андрей Корягин.

Boeing расмий вакили ҳужум юзасидан изоҳ беришдан бош тортган, аммо компания ходимлар хавфсизлигига жиддий қараши ва улардан ҳеч бири Россия зарбаси оқибатида жабрланмаганини айтган. Компания вакили «мураккаб ва хавфли шароитларда ишлайдиган ходимларнинг чидамлилиги»ни юқори баҳолаган.

«Россиянинг Украинадаги Америка компанияларига зарбалари Путиннинг АҚШнинг тинчликпарвар саъй-ҳаракатларини эътиборсиз қолдиришига яна бир мисолдир. Россия Америка компанияларини нишонга олаётгани АҚШнинг тинчлик саъй-ҳаракатларида ҳам, Украина ва Европанинг қолган қисми хавфсизлигини таъминлашда ҳам иштирокини давом эттириш муҳимлигини таъкидлайди», – деди Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига FT нашрига.

Valentyn Ogirenko / Reuters / Scanpix / LETA

Boeing – Американинг Украинадаги энг машҳур компанияларидан бири. Маҳаллий бўлим инжиниринг ва техник қўллаб-қувватлаш билан шуғулланади. Компания Украинада мингдан ортиқ ходимни ишга олган ва июн ойи бошида янги иш ўринларини эълон қилган.

Boeing Украинанинг «Антонов» авиасозлик компанияси билан ҳамкорлик қилади, улар 2024 йилда мудофаа лойиҳаларида ҳамкорлик имкониятларини ўрганиш учун ўзаро англашув меморандумини имзолаган. 2025 йил бошида Boeing раҳбарлари «Антонов»даги ҳамкасблари ва Украина мудофаа вазири Рустем Умеров билан учрашиб, янги қўшма лойиҳаларни муҳокама қилишди.

Financial Times нашри ёзишича, Россия қуролли кучларининг Boeing офисига зарбаси Россия Украинанинг мудофаа ва авиация соҳалари билан алоқадор бўлган Ғарб компанияларига ҳужумларни кенгайтириши мумкинми, деган саволларни келтириб чиқармоқда.

Украина дронлари Татаристоннинг Елабугасига ҳужум қилди – у ерда «Shaheed» зарбдор дронлари ишлаб чиқариладиган корхона жойлашган

Украина дронлари Татаристоннинг Елабуга районига ҳужуми оқибатида камида бир киши ҳалок бўлиб, 13 киши яраланди, деб хабар берди ҳудуд раҳари Рустам Минниханов.

Унинг сўзларига кўра, уриб туширилган дрон парчалари автомобил заводидаги назорат-ўтказиш пункти биносига тушган, воқеа жойида ёнғин келиб чиққан, у тезда ўчирилган. Миннихановнинг қайд этишича, корхонанинг бир ишчиси ҳалок бўлган. Жароҳатланганлар орасида бир кишининг аҳволи оғир.

Ижтимоий тармоқларда Татаристондаги «Алабуга» махсус иқтисодий зонаси ҳудудида содир бўлган ёнғин видеоси пайдо бўлди – у ерда «Shaheed» типидаги зарбдор дронлар ишлаб чиқарилади. «Медиазона» кадрларни таҳлил қилиб, ёнғин Aurus ва «Соллерс» автозаводлари корпуслари ҳудудида содир бўлганини аниқлади.

Украина дронлари ҳужуми фонида Росавиация бир неча соат давомида Қозон, Нижнекамск ва Ижевск аэропортларида чекловлар киритди. Бу вақтда Қозон аэропортига 11 та, Ижевскка учта, Нижнекамскка битта самолёт қўна олмаган, лайнерлар захира аэродромларга йўналтирилган.

Мавзуга оид